6 март куни туман «Баркамол авлод» болалар марказида туман умумтаълим мактабларининг бадиий ижодга қизиқувчи ўқувчи қизлари ўртасида «Зулфияхоним издошлари» кўрик-танлови ўтказилди.
Танловда марказнинг «Ёш нотиқ ва журналист» тўгараги ва умумтаълим мактабларида адабиёт тўгараги аъзоси бўлган 12 ёшдан 16 ёшгача қиз болалар иштирок этиш ҳуқуқига эга. Марказга тақдим этилган ижод намуналари асосида танлаб олинган 11 нафар ёш қаламкаш кўрик-танловнинг туман босқичида тўртта шарт бўйича баҳс олиб боришди. «Танишинг, бу мен» шартида ўзининг таржимаи ҳоли, таълим олаётган мактаби, яшаётган жойи ҳақида энг яхши шеърий таъриф берган 14-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шаҳзода Раҳматуллаева ва 43-умумтаълим мактаби ўқувчиси Мадина Муродовалар энг кўп балл олишган бўлса, «Ватанни севмоқ иймондандир» шартида 33-умумтаълим мактаби ўқувчиси Нозанин Ҳайитова юқори кўрсаткичга эришди. Мамлакатимиз тарихи ва адабиётга оид саволлар бўйича кроссворд ечиш ва эркин мавзуларда ҳам танлов иштирокчилари ўз билим маҳоратларини намойиш этишди. Тўрт шарт бўйича энг юқори балл тўплаган 43-умумтаълим мактабидан Мадина Муродова, 33-умумтаълим мактабидан Нозанин Ҳайитова, 14-умумтаълим мактабидан Шаҳзода Раҳматуллаева ва 28-умумтаълим мактабидан Садоқат Юсуповалар туман «Баркамол авлод» болалар марказининг фахрий ёрлиқлари ва совғалар билан тақдирландилар.
Мазкур кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирок этиш ҳуқуқини эса 43-умумтаълим мактабининг 6-синф ўқувчиси Мадина Муродова қўлга киритди.
Шамсиддин ВАҲОБОВ, туман «Баркамол авлод» болалар маркази услубчиси.
Бекзод ҚОДИРОВ олган сурат
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.