Юртбошимизнинг: «Дунёда энг катта бойлик ёшликда олинган билим ва эгаллаган касб - ҳунардир» деган сўзларини қалбларига жо қилган 20-умумтаълим мактаби ўқувчилари фанларни ўзлаштиришдан ташқари турли хилдаги касбларни ҳам моҳирлик билан ўзлаштираётирлар. Бу борада маънавий - маърифий ишларни янада яхши ташкил этиш, ўқувчи ёшларнинг билим салоҳиятини ошириш имкониятини бермоқда. Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Г.Эргашева билим даргоҳида тўгараклар фаолиятини яхши йўлга қўйиш, мактабдан ва дарсдан ташқари амалга оширилаётган машғулотлар мазмундорлигини кучайтиришга эътиборни қаратмоқда. Шунинг учун ўқувчилар тартиб - интизоми, ўзини тутиши яхшиланиб, давомат эса юқори поғонага қўтаралаяпти.
Мактабда мунтазам «Биз гиёҳвандликка қаршимиз!», «Коррупцияга ўрин бермаймиз» мавзуларида давра суҳбатлари ўтказилиб, видеофильмлар намойиш этилади. Буларнинг боиси ўлароқ ўқувчиларнинг гиёҳвандлик ва коррупцияга бўлган нафрати ортиб бораяпти. «Навоийхонлик», «Бобур - бизнинг бобомиз» тадбирларида фаол қатнашган ўғил - қизлар Навоий ва Бобур асарларидан намуналар ижро этиб, ҳар икки буюк шоирга муҳаббатлари юксак эканлигини намойиш этмоқдалар. Спорт мусобақалари, китобхонлик кечаларида ҳам ўқувчилар фаол қатнашиб, доимо пешқадамликни эгаллаб келаётирлар.
Ободончилик, таъмирлаш ишларида ҳам ёшлар доим фаол. Мактаб ер участкалари ҳар бир синфга бўлиб берилган бўлиб, ўғил-қизлар ўз ерларида гуллар парвариш қилишади. Дарахтлар таналарини оқлаб, уларга ўз вақтида сув ва ўғит беришади. Шунинг учун мактаб ҳовлиси ҳам, атрофи ҳам тоза-озода бўлиб, гулзорга бурканган. Мевали дарахтлар эса ҳосилнинг мўллигидан шохлари эгилиб ётибди. Албатта, бу пишиб етилган узум, олма, зардоли, гилос, беҳилар, кўкатлару сабзавотлардан ўқувчилар ўзига пешинда овқатдан сўнг салат ва ширин компот тайёрлаб берилади.
Билим масканида аълочилар, иқтидорлилар йилдан-йил кўпайиб бормоқда. 48 нафар аълочилар стенди ташкил этилган. Алоҳида стендда эса турли тадбирларда қатнашиб, ғолибликни эгаллаган иқтидорли ўқувчилар суратлари ёпиштирилган. Мактабда ҳаммаси бўлиб 48та тўгарак фаолият кўрсатмоқда. Уларга ўқувчиларнинг ярмидан кўпи қатнашади. Зулфия давлат мукофотига номзод Шаҳло Орзуева вилоят босқичида қатнашиб, биринчи ўринни эгаллади. Спортнинг «Муай-тай» тури бўйича Аслан Ортиқов ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлди. Ижодкор Саиджон Жабборов шеърлари кўриб чиқиш учун вилоят Халқ таълими бошқармасига юборилган. Иброҳим Ниёзов эса футбол ишқибози.
Билим масканида маънавий - маърифий ишлар ана шундай ташкил этилаётгани боис, мактаб шуҳрати ошмоқда. Хуллас, ўғил-қизларни комил инсонлар қилиб тарбиялаш учун педагогик жамоа бор маҳоратини ишга солмоқда.
Н.ОЛИМОВ
Ҳ.АЛИЖОНОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.