Ўзбекистон Республикаси норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси портали regulation.gov.uz да 2020 йил 24 июл куни “Умумтаълим мактабларининг битирувчиларини якуний давлат аттестацияси ҳамда олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини унификация қилиш ва ягона имтиҳонни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳага кўра:
умумтаълим муассасаларининг жорий йил битирувчилари якуний давлат аттестацияси имтиҳони сифатида учта фан — она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи (кейинги ўринларда – мажбурий фанлар) фанларидан тест синовларини топширади;
мажбурий фанлар бўйича тест синови натижалари умумтаълим муассасаси битирувчиларининг умумий таълим тўғрисидаги ҳужжати (шаҳодатнома, дипломи)га қўйилади;
олий таълим муассасаларига кириш истагини билдирган умумтаълим муассасалари битирувчилари шахсий танловига кўра, ихтиёрийлик асосида бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлардан тест синовларини топширади;
2022 йилдан бошлаб, аввалги йилларда таълим муассасаларини тугатганлар белгиланган муддатларда бакалавриат таълим йўналишларига мос фанлар ва мажбурий фанлардан тест синовларини топширади;
тест синовлари натижалари (фан бўйича тўғри жавоблар сони) ўтказилган куннинг эртасига Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
тест синовлари натижалари олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ўтказиладиган танловда баҳолаш мезонларига мувофиқ инобатга олинади;
абитуриентга тест синови топширилган фани бўйича 3 йил муддатда амал қиладиган абитуриент электрон сертификати берилади. Абитуриентга электрон сертификатининг амал қилиш муддати тугамасдан ушбу фан бўйича тест синовини белгиланган тартибда қайта топшириш ҳуқуқи берилади;
фанни билиш даражаси бўйича Давлат тест маркази томонидан берилган миллий сертификатга, шунингдек, чет тили фани бўйича халқаро сертификатга эга бўлган абитурентларга мазкур фандан имтиҳонларсиз белгиланган максимал балл бериш ҳуқуқи сақланади.
Лойиҳа билан тўлиқ танишиш учун:
https://regulation.gov.uz/uz/document/20241 сайтига киринг.
Ҳурматли таълим соҳаси фидоийлари ва абитуриентлар ушбу Лойиҳа муҳокамасида фаол иштирок этиш орқали ўз ҳиссангизни қўшинг!
Давлат тест маркази вилоят бўлими
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.