Ҳаёт тажрибасидан маълумки, боғбонсиз боғ, устозсиз инсон бўлмайди. Аслида бизнинг илк устозларимиз ота-онамиз ҳисобланади.
Бола 8 ёшгача онаси билан бўлиши лозимлигини педагоглар бекорга уқтиришмаган. Бу ёшда инсон тафаккурини шаклланишида оналар хизмати беқиёсдир. Бундан ташқари боғчага қатнаб, у ерда ҳар хил мантиқий фикрга ўргатувчи ўйинлар ўйнаши ва саводини чиқаришда хизмат қилувчи мураббий-педагоглар ҳам уларга устоз саналади. Кейинчалик мактаб, коллеж, олий ўқув юртларида ўқиб, яна устоз ўқитувчилардан сабоқ оладилар. Булар ҳаммаси уларни назарий билимлар билан бойитади.
Хўш, амалиётдачи? Албатта, бола балоғат ёшига етганда бирон бир касб ёки ҳунар эгаси бўлиши шарт. Эндиги устозлар болага оталарча ғамхўрлик кўрсатиб, уларга касб-ҳунар сир-асрорларини қунт билан ўргатади, ҳаётда ўз ўринларини топишда яқиндан кўмаклашади. Шунинг учун халқимиз устозни отадек улуғлайди. Эътиборли жиҳати шундаки, бугун юртимизда устозлари панд-насиҳатига қулоқ тутиб, уларнинг ўгитига амал қилган ҳолда турли соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритаётган ёшларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда. Улар эришаётган муваффақиятларида устозлари хизматини қайта-қайта эътироф этишлари қувонарли ҳолдир. Бунинг учун халқимизнинг атоқли шоири раҳматли Абдулла Орипов шундай ёзган эди.
Дедилар дунёда асли ким азиз,
Айтдилар устоздир, устоз бегумон.
Тағин айтдиларки, азиз шубҳасиз,
Устозин қадрига етолган инсон.
Ҳа азизлар, дунёда шундай бир сўз борки, мен ундан ортиқ ва ёқимли сўзни билмайман. Бу – устозингга раҳмат, отангга балли, деган сўздир. Илоҳим барча фарзандларимизга ушбу каломга сазовор бўлишлик насиб этсин.
Баҳром ИСТАМҚУЛОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.