Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

УСТОЗ ОТАНГДЕК УЛУҒ

Устозлар азал-азалдан инсонлар қалбини илму зиё, маърифат нурлари билан чароғон этиб келаётган кишилардир. Улар ҳар бир сабоғига қалб қўрини қўшиб, биллурдек мусаффо дилларга эзгулик уруғини сочувчи уста боғбонлар. Мураббийлар туфайли она табиат, жамият, коинот илмлар, иймон-эътиқод, инсоф-диёнат, ватанпарварлик каби инсоний фазилатлар юрак тўридан жой олади. Устоз деганда, ҳар бир инсоннинг кўнглида чуқур ҳурмат, эҳтиром ва чек-чегарасиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади. Бу ёруғ оламда ҳар биримиз учун онадек меҳрубон, отадек ғамхўр, ҳар биримиз учун азиз ва мўътабар инсонлар- бу азиз устоз ва мураббийлардир.
Устоз! Бу биргина сўз замирида олам-олам маъно ва ҳурмат мужассам.

Ўқитувчи - софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсондир. Устозлар бутун кучи, ақл-идроки, билим ва зеҳни, қалб қурию сеҳрини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир.
Бизга илм бериб келаётган буюк инсонлар, устозларимиз бир-биридан меҳри зиёда ўқитувчилар талайгина. Уларни кириб келаётган байрамлари билан чин қалбимдан табриклайман. Бизга меҳр берган устозлар С.Аҳадова, Д.Саломова, Л.Мамадқулова, Г.Ашўрова, Н.Анорова, Ш.Қобилова, М.Расулова, С.Каримовалар фақат бизнинг келажагимизни ўйлашади. Биз ўқувчилар мактабда ҳаммамиз бир оиламиз. Бу оила сардорлари меҳрубон директоримиз М.Муродова ва маънавий -маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари М.Маъдиевлардир. улар бераётган таълимлари ва меҳр-муҳаббатлари учун қанча раҳмат айтсак ҳам оз.
Барчамизни билимлар оламга етаклаш баробарида онгу шууримизда олийжаноб фазилатларнинг шаклланишига теран ва соғлом тафаккур соҳиби бўлиб вояга етишимизда меҳрибон ўқитувчиларимизнинг хизмати беқиёсдир.

Шаҳноза АНСОРОВА,
43-мактабнинг 11-синф ўқувчиси


Дата добавления: 28/09/2018 16:09;   Просмотров: 1143
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку