Бу йилги янги ўқув йили пандемия туфайли шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш билан бошланди. Ана шу муносабат билан туман халқ таълими бўлими мудири Баҳриддин Мардонов билан бўлган суҳбатимиз ҳам тизимдаги муҳим муаммо ва масалалар атрофида бўлди.
Жорий йилнинг 25-26 август кунлари тумандаги 54 та умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг ота-оналар ўртасида ижтимоий сўровнома ташкил этилди ва барча мактабларда таълим олаётган 40838 нафар ўқувчиларнинг ота-оналаридан 37439 (91,7%) нафари иштирок этди, - деди Баҳриддин Ҳабибович. - Сўровномада 25884 (69,1%) нафар ота-оналар сентябрь ойидан бошлаб анъанавий тарзда ўқишни бошлашни, 11555 (30,9%) нафари онлайн тарзларда ўқитишни маъқул кўрдилар. Шундан сўнг тумандаги таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш мақсадида туман сектор раҳбарлари, халқ туълими бўлими ва умумтаълим мактаблари ходимлари томонидан бир қатор ишлар амалга оширилди, туман сектор раҳбарлари ташаббуси билан ҳомийлар маблағлари ҳисобидан мактаб кириш қисмида камида 5 тадан замонавий қўл ювиш мосламалари ўрнатилди. Барча мактаблар кириш қисмида "назорат пункти" ташкил этилди, мазкур пунктларда "фильтр" ўтказилади ва ҳар бир ўқувчи, педагог ва ходимларнинг тана ҳарорати ўлчаб махсус журналга қайд этилади. Таълим даргоҳининг кириш қисмида ахборот паннолари ташкил этилиб, унда ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари учун тавсиялар, дарс режими, профилактик фильтрларда, кириб чиқиш схемалари жойлаштирилди. Мактаблар ҳовлиларида ўқувчиларни фильтрларда навбат кутиши ва ижтимоий масофаларни сақлашлари учун махсус чиқишлар чизилиб, оралиқ масофаси 1,5 метр этиб белгиланди. Тумандаги 10,33,36,21-сонли мактабларда бевосита 4 та сектор раҳбарлари иштирокида намунавий сценарийлар асосида семинар-тренинглар ва дарс режими ҳамда жадвали синовдан ўтказилди. Дарс жараёнида бегона шахсларни киритмаслик учун мактаб ходимлари ва ИИБ вакилларидан иборат навбатчилик ташкил этилди. Барча умумтаълим мактабларида туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 54 нафар тиббий ҳамширалар ва СЭО маркази томонидан 16 нафар масъуллар бириктирилди. Туман СЭО маркази ходимлари томонидан бевосита жойларга чиқиб 2548 нафар (бугунги ҳолатда 2425 нафар, 73 фоиз) ходимлардан "COVID-19" га тест олишди, улардан 8 нафарига мусбат натижа аниқланди. Ушбу ходимлар карантинга олинди ва тиббиёт бирлашмаси томонидан керакли дори-дармонлар билан таъминланди. Халқ таълими вазирлигининг тавсияси асосида дарслар 1-4 синфларда соат 8-оо да бошланса, 5-8 синфларда 8-30,9-11 синфларда 9-оо да бошлаш режалаштирилди. Дарс жадвалларини ишлаб чиқишда чақириққа қадар ҳарбий тайёргарлик, мусиқа, жисмоний тарбия, тасвирий санъат ва чизмачилик, технология, тарбия фанлари вақтинча ўқитилмайди.
- Ҳурматли Баҳриддин Ҳабибович, ўқитувчи ва мураббийлар ҳаётимиз боғбони, умримиз чароғбонидир. Шундай эмасми?!
- Албатта. Зеро ўқитувчи ва устозларнинг тимсолида эл-юртимизнинг келажаги, ҳаёт-мамотини ҳал қилувчи, таълим ҳамда тарбия соҳасига бамисоли жон бағишлаётган қудратли кучни кўрамиз. Шунинг учун ҳам соғлом ҳамда баркамол авлодни тарбиялаш йўлидаги фидойи меҳнатлари учун ўқитувчи ва мураббийларга ҳар қанча тасанноллар айтсак, таъзим қилсак арзийди.
- Бугунги кунда вақтли матбуотга обуна мавсуми бошланмоқда. Ҳар йили туман педагоглари севимли газета-журналларга обуна бўлишади. Бу йил ҳам ушбу анъана давом этадими?
- Маънавият ва маърифатни тарғиб қилиш зиёлиларнинг виждоний бурчидир. Туманда ёшларнинг китоб ва вақтли матбуотга бўлган қизиқишини кучайтириш, саводхонлик савиясини оширишга эътибор қаратиш ҳам қарз ҳам фарздир. Ўқитувчилар ва талабаларнинг туманимиз нашри "Гулобод тонги", вилоят газеталари "Зарафшон", "Самаркандский вестник", "Овози Самарқанд", "Маърифат", "Овози точик" ва бошқа газета-журналларга қизиқишлари ортиб бормоқда. Ўйлайманки, бу йил ҳам ана шу нашрларга обуна уюшқоқлик билан давом этади. Ахир маърифатга, билимга иштиёқ оиладан бошланиб, кейин таълим ўчоқларида кенгаяди. Азиз ота-оналардан бу масалага ҳам жиддий эътибор беришларини, "Ҳар бир хонадонга-бирта газета" ҳаракатини қўллаб-қувватлашларини истардик.
- Маълумки, туманда тожик миллатига мансуб аҳоли кўпчиликни ташкил қилади. Улар фарзандларининг ўз она тилида таҳсил олиши учун қандай ишлар қилинмоқда?
- Туманда 30-га яқин мактабларда тожик синфлари мавжуд. Улар ҳам дарслик ва муаллимлар билан тўла таъминланган.
- Аммо афсуски, туманда тожик мактаблари камайиб бормоқда.
- Бу масалага бизларнинг дахлимиз йўқ. Фарзанди қайси тилда таҳсил олиши ота-оналарга боғлиқ. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳар бир миллат ва фуқаро ҳуқуқи кафолатланган ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадиган ойинаи ҳаёти бу тил ва адибиётидир. Миллий тилни йўқотмоқ-миллатнинг руҳини йўқотмоқдир. Буни Абдулла Авлоний айтган. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили - миллатнинг руҳи.
- Сизнинг истакларингиз?
- Ўқитувчи ҳамда мураббийлар дунёдаги энг улуғ ва шарафли касб эгаларидир. "Устоз-отангдек улуғ" деб бежиз айтишмайди.
- Мен имкониятдан фойдаланиб, севимли газетамиз - "Гулобод тонги" орқали барча ҳамкасбларимизни Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин кўнгилдан самимий табриклайман.
Сиздан бошланади асли тафаккур,
Устоз-муаллимлар, сизга ташаккур!
Суҳбатни Зоҳир ҲАСАНЗОДА
ёзиб олди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.