Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ҚУРЪОНИ КАРИМ БИЛИМДОНИ

Ўрташайх (тарихий манбаларда Ўрташих) маҳалласи фуқароси, Хожа Нисбатдор жомеъ масжиди имом-ноиби Фирдавсжон Ҳамдамов Қуръон тиловати мусобақаси туман босқичида биринчи ўринни эгаллади. Ўзбекистон мусулмонлар идорасидан келган 10 нафар ҳакамлар Қуръон билимдонига якдиллик билан энг юқори балл беришди.

Раҳматли Ҳамдам бобо дину диёнатдан хабардор бўлганлиги боис ўғли Ҳамиджоннинг фарзандлари Фармонжон, Фахриддинжон ва Фирдавсжонга Қуръон оятларини ўргата бошлади. Ака-укалар ичида энг кенжаси ўткир хотираси билан фақатгина бобосини эмас, атрофдагиларнинг ҳам диққатини ўзига тортди. Ихлос билан муқаддас китобимиздаги қитъа-қитъа пораларини ёдлади. Олти ёшида бобосидан кўп оят ва сураларни ёдлаб олди. Ҳар гал бобоси билан Хўжа Кафшир қабристонига бориб ўтганлар руҳи поклари шарафига дуои фотиҳа ўқиганида, Ҳамдам бобо «Энди бандаликни бажо келтирсам», мулла ўзимиздан, - деб ҳазиллашарди.
2003 йил Фирдавсжон 16-ўрта мактабни битириб Имом ал-Бухорий диний мадҳатига ўқишга борди. Тўрт йил давомида меҳрибон ва зукко устозлари - Ҳожи Маҳмуджон Ибодуллоев, Ёқубжон Қори Мансуров ва бошқалардан кўп нарсаларни ўрганди. Энг муҳими, буюк аждодларимиз Имом ал-Бухорий, Хўжа Аҳрори Валий, Жалолиддин Румий, Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ ва бошқа ўнлаб алломаларнинг асарларини қунт билан мутолаа қилди.
Айниқса, Қуръони Каримни жозибали, тўғри ва урғуларини жой-жойига қўйиб ўқишга катта аҳамият берди. Ҳар бир оятни тартиб, яъни дона-дона тиловат қилиш учун араб тилини мукаммал ўрганди. Араб давлатлари ойнаи жаҳони кўрсатувларини диққат билан кузатиб бориб, истеъдодига сайқал берди. «Интилганга толе ёр» деганларидек турли хил танловларда иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллади.
Яқинда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилган тарихий обида - Ҳазрати Хизр масжиди ҳудудида бунёд этилган Биринчи Президентимиз мақбараси очилишида ҳамда Самарқанддаги форумлар саройидаги хотира маросимида ширали ва жозибадор овози билан тиловат қилиб, тўпланганларнинг диққат эътиборини ўзига тортди.
- Бисмиллаҳир раҳманир раҳийм, таъкидлаш жоизки, илоҳий китобларни ўқиш кишига тоза руҳ ва илҳом бағишлайди, - дейди Фирдавсжон, - инсоннинг амаллари унинг ақл-идроки, фаҳм-фаросати, қолаверса, тарбиянинг намойишидир. Ўзларига Аллоҳ томонидан нозил этилган, икки дунё саодатини таъмин этадиган Қуръони Каримни, унга қандай амал қилишни кўрсатган содиқу масдуқ Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо Солаллоҳу алайҳи вассаламга мукаммал ва муаттар саловату дурудлар бўлсинки, Аллоҳ таоло ўз Қуръонини ўша зотга нозил қилди. Қуръони Карим шифодир ва раҳматдир. Қуръони Карим куфр, ширк ва мунофиқлик каби энг зарарли ақидавий хасталикларни даволайди, қалблардаги турли иллатлари-бахиллик, манманлик, ҳасад, мутакаббирлик ва бошқа касалликлар шифосидир.
- Фирдавсжон, Аллоҳ таоло бандаларига турли қобилият ва турли имкониятлар берган. Сизга ўхшаб ҳамма ҳам муқаддас китобимизни ёдлаб олмайди.
- Қуръони Каримни ўрганишга ҳаракат қилавериш керак. Чунки ҳадиси шарифларда Қуръони Каримни ўқишда қийналган кишига қийналган кишидан икки баробар кўп ажр берилиши ваъда қилинмоқда.
Мен имкониятдан фойдаланиб мўҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман. Чунки Юртбошимиз муқаддас динимиз, миллий қадриятимизни, буюк азиз-авлиёларимизнинг хотираси, меросини тиклаш, қадамжоларини обод қилиш ва энг муҳим буюк алломаларимиз асарларини чоп этиш ва ундан фойдаланиш борасида жуда кўп иш қилмоқдалар.
Ўтган йили мўҳтарам Президентимиз дин пешволари билан учрашувда ва Тошкент шаҳрида «Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш-давр талаби» мавзусидаги тарихий нутқлари барчамиз учун амалий дастур бўлиши лозим.
- Келгуси режаларингиз?
- Вилоят ва республика танловига пухта тайёргарлик кўриш ва кўпроқ китоб ўқишдир. Бизда «Бешикдан қабргача илм изла» деган ҳадис бор.
- Сизга омад ёр бўлсин.
- Раҳмат

Соҳиб Хуршеди НЕЪМАТ
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Ўрташайх маҳалласи


Последнее редактирование: 16/02/2018 15:08;   Просмотров: 1397
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку