Ҳозирги кунда қишлоқ жойларда ҳам ҳар бир МТМда 5-6 ёшли болаларни алоҳида гуруҳларга бўлиб, машғулотлар олиб борилаётгани сир эмас. Шу билан бир қаторда бугунги кун талабига мувофиқ болалар ёшига қараб ҳафтада бир икки маротаба инглиз ва рус тилларида ҳам турли машғулотларга жалб қилинмоқда.
Шу ўринда бир савол туғилади, мактабгача таълим муассасаларига қатнамайдиган ўқувчилар мактабга қанчалик даражада тайёр?
Сўнгги икки йил давомида мактабларда 6 ёшли тайёрлов гуруҳлари фаолият юритмоқда. МТМга боришга имкони йўқ бўлган болажонлар, мактабларга жалб қилиниб, уларнинг бошланғич таълимга тайёргарлик даражаси оширилмоқда. 6 ёшли болалар уйларида ҳам алоҳида ўрганишлари мумкин, лекин улар мактабнинг "ички тартиб-қоидалари"дан йироқ бўлади. "Олтин қоида"даги "бировнинг фикрини ҳурмат қилиш", "Ўн қўл қоидаси", "дарсда фаоллик" ва "бир-бирига бўлган ҳурмат"ни мактаб талаби даражасида ўзлаштира олмайди. МТМда ҳам мактабга қатнамайдиганлар қайси жиҳатдандир ажралиб туришади ва дарсларни ўзлаштириши қийин бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
Шу боис ҳозирги кун ўқувчилари ДТС талабларига жавоб бера олиши учун, таълим соҳасига эътибор кундан кунга кучайиб бормоқда. Маълумки, шу яқин йилларда ҳамма ота-оналар фарзандини ўзи яшаб турган жойнинг мактабига эмас, балки бошқа ҳудудга қарашли бўлган рейтинги баландроқ мактабга ўқишга қўйиши одат тусига кириб қолган. Шу масалага ойдинлик киритиш мақсадида ўзим ҳам фарзандимни бошқа ҳудудга қарашли мактабга қўйдим. Гувоҳи бўлдимки, қабул қилинган ҳар бир ўқувчи мактабга тайёр, уларни ота-оналари қаердадир тайёрлов гуруҳларида ўқитиб келмоқда ва улар суҳбатдан бемалол ўта олади. Табиийки, бунда нафақат ўқитувчи, балки ота-оналарнинг вазифаси ва саъй ҳаракати муҳимдир. Дарс жараёнини кузатдим ва ўзимизнинг мактаб билан солиштирдим, мактабга тайёр бўлган ўқувчиларнинг самарадорлиги юқори натижани кўрсатди.
Лекин таълим соҳаси ҳамма жойда тенг ва бунга амал қилиш ўзимизнинг қўлимизда. Айнан бошланғич синфларда ота-онанинг эътибори биринчи ўринда туради. Шу жумладан ўзим ҳам фарзандимга катта эътибор бериб, кейин буни амалда жорий этмоқдаман. Мен шу жараённи ўзимизнинг мактабда жорий этиш мақсадида 6 ёшли тайёрлов гуруҳлари билан ишлаб, шу хулосага келдим.
Ҳар бир инсон улғайган сари муайян мақсадлар билан яшайди ва унинг рўёби сари қадам ташлайди. Ватанимизнинг маърифат, маънавият ва маориф тизимини ташкил этишда тўғри йўлни тутаётганлиги унинг оламшумул аҳамияти билан яққол намоён бўляпти. Ўтган асрларда 5-6 ёшли болаларни ўқитиш катта аҳамиятга эга бўлган. Аммо ёшлигидан боланинг дунёқарашини шакллантириш ва улғайтириш учун, яъни уларни ўқитишда маънавиятни маърифат билан қўшиб олиб борилиши айни пайтда маорифимизнинг тутган йўли ҳаққоний эканлигини кўрсатади.
Ҳозирги шароитда инновация, замонавий педтехнологиялар, АКТ дарсларидан фойдаланиш болаларга 60-70% гача самарасини оширишда катта тараққиёт манбаи бўлиб хизмат қилмоқда. Мен сабоқ бераётган 2-"в" синф ўқувчилари тугалланган ўқув йилининг сўнгги чорагида 83 фоиз ўзлаштиришга эришдилар. Мактабдаги бошқа синфлар эришган кўрсаткичларга буни таққослаганда энг юқори натижалардан биридир. Синфимдаги аълочи ўқувчилардан Юсуфжон Юнусов, Райхона Акбарова, Абдужаббор Тўйчиев, Паризода Аброрқулова сингарилар ўтилган мавзуларни ўзлаштиришда синфдошларига ўрнак бўлишди. "Оила, маҳалла, мактаб" консепсияси асосида, "Бир боланинг тарбиясига етти маҳалла жавобгар" деган халқ мақолини асос қилиб қараганда, бир болага ҳам оиласи, ҳам устозлари жавобгар шахс ҳисобланади. Ўқувчиларим мактаб миқёсида ташкил этилган "Кимнинг хати чиройли?", "Энг тез китобхон" ва "Карра жадвали билимдони" танловларида фаол қатнашаётганлигида ота-оналарнинг ҳам роли катта албатта. Жумладан, Дилшод Муҳсинов, Комила Муродова, Жасмина Аъламова ва Акбаржон Набиев каби аълочи ва зукко ўқувчилар 4-синф ўқувчилари билан бу борада бемалол беллаша олади, деб кафолат бера оламан.
Бир тарафдан ўқитувчи ўз устида ишласа, бошқа тарафдан ота-оналар назорат қилиб, ёрдам бериб турса, ҳеч бир ўқитувчининг иши самарасиз бўлмайди, деб ўйлайман. Устозларим менга шундай ўргатишган. Устозларим деганда, мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Мунаввара Маматқулова, бошланғич синфлар услубий бирлашмаси раҳбари Санобар Саидова, тожик тили ўқитувчиси Наргис Нарзуллаевалар болалар кўнглига йўл топишимда ва янгича педтехнологиялар асосида дарсларни ташкил қилишимда маънавий кўмак бериб туришади. Инсон эгаллаётган касбининг ҳақиқий эгаси бўлиши учун ўз устида ишлаб, сабр-тоқатли, фидойи ва матонатли, меҳрли ва самимий ҳамда ҳалол бўлсагина ҳар қандай мақсадга ва ҳурматга сазовор бўла олади, дейди устозларим.
Дилшода АМИНОВА,
37- умумий ўрта
таълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.