Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш учун таклифлар бор

Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Сессияни туман ҳокими, Кенгаш раиси Носир Мавлонов олиб борди.

Унда давлатимиз раҳбарининг "Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони лойиҳаси муҳокама қилинди.

Сессияда қайд қилинган масала юзасидан туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Зебинисо Шодиеванинг ҳисоботи тингланди.

- Чуқур билим ва ҳаётий кўникмаларга эга бўлган, интеллектуал ривожланган ўғил-қизларни тарбиялаш, пировардида, юртимизни қисқа муддатларда ривожланган давлатлар қаторидан жой олишини таъминлашда мактабгача ва мактабларда берилаётган таълим-тарбиянинг сифати ва самарадорлиги ниҳоятда муҳим ўрин тутади, - дейди З.Шодиева. - Шу жиҳатдан, қайд қилинган фармон лойиҳасига кенг жамоатчилик бефарқ бўлгани йўқ.

Маълумот ўрнида айтиш мумкинки, педагоглар ва ота-оналарнинг фармон лойиҳаси юзасидан 100 га яқин таклифлари умумлаштирилди. Улар комиссия томонидан кўриб чиқилиб, қонунчилик техникаси ва бошқа талабларга мос 50 га яқини саралаб олинди.

Агар эътибор қилинса, фармон жамият ҳаётида ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш, яъни хизмат вазифаларига бевосита кирмайдиган ҳар қандай ишлардан озод этиш ва шунингдек, қўшимча рағбатлантирувчи чораларни белгилашга қаратилган.

Шу маънода фан олимпиадаларида ғолиблик (олтин, кумуш, бронза медали)ни қўлга киритган умумтаълим муассасалари педагогларига тўғридан-тўғри олий малака тоифаси берилиши кўзда тутиляпти. Бизда ишлаб чиқилган таклифга кўра, ўқувчилари республика фан олимпиадаларида ғолиб бўлган (1-3 ўринлар) ўқитувчиларининг малака тоифаларини бир поғонага кўтариш керак. Бундай ўзгартиш ўқитувчилар ўртасида соғлом рақобат муҳити яратилиши, педагог ходимларнинг сифат таркибини яхшилашга хизмат қилади.

Сессия давомида фармон лойиҳасига билдирилган бу каби таклифлар атрофлича муҳокама қилиниб, депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Наврўз ТЎРАЕВ


Дата добавления: 06/11/2020 12:27;   Просмотров: 1244
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку