Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 июлдаги Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” маърузасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлаш, жорий ҳолатини таҳлил этиш, шу жумладан, коллежларда таълимни ислоҳ қилиш борасидаги долзарб муаммолар юзасидан туманимизнинг Агросаноат касб-ҳунар коллежи директори, Халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзЛиДеПдан сайланган депутат Гавҳар Турсунова билан “Гулобод тонги” газетаси жамоатчи мухбири, ЎзМТДП туман Кенгаши раиси Раҳимжон Наимов мулоқотда бўлди. Ана шу мулоқот тафсилотларини газета муштарийлари эътиборига ҳавола қилмоқдамиз.
МУХБИР: – Гавҳар Бекмуродовна, Юртбошимиз маърузаси мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган устувор вазифалар Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгашининг 2017 йил 29 июлдаги қарорида ҳам ўз аксини топган. Бу масала ижроси учун Сиз раҳбарлик қилаётган касб-ҳунар коллежида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Г.ТУРСУНОВА: – Албатта, қайси мамлакат, мавзе, ташкилотда ислоҳот бўлмас экан, у ерда тараққиёт бўлмайди. Зукко давлат раҳбарлари ҳаётнинг ана шу томонларини кўзлаб, турмуш жараёнларини ўзгартириб, халқ фаолиятида жамиятни такомиллаштирадиган янгиликлар жорий этадилар.
Бу қатъий ва ишончли сайъ-ҳаракатлар, жамиятнинг ривожига асосий омил бўлиб хизмат қилади. Ёшларнинг ҳуқуқи, эркинлиги, таълим-тарбияси замон талаблари даражасига кўтариб, кадрларнинг билим, мавқе ва салоҳиятини оширади. Ёшларнинг бандлигини таъминлашга тамал тоши бўлади. Ота-оналарнинг орзу-ниятлари ҳам инобатга олинади. Ўқувчилар шахсининг хоҳиш-истаги ҳам бунга сабаб бўлмоқда. Ўқув юртимиз 900 нафар ёшнинг таълим-тарбия олишига мўлжалланган базага эга бўлса, жорий ўқув йилида 11 та гуруҳ очишга бемалол имконият бор эди. Бироқ мактабларда 10-синфларнинг очилиши деярли барча туман ва шаҳарларда ўз таъсирини ўтказди. Айрим касб-ҳунар коллежлари ёпилиш остонасига келиб қолди. Гапнинг индаллосини айтганда, рақобатнинг бўлгани яхши. Рақобатбардор ўқув юртигина ўз обрўсини сақлаб қолиб, фаолиятини давом эттиришга ҳақли.
Ўз навбатида касб-ҳунар коллежимизнинг моддий базаси йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганлигини халқ яхши билади. Шу боисдан янги 2017-2018 ўқув йилида 105 нафар ўқувчи 4 гуруҳга – қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларини ишлатиш ва техник хизмат кўрсатишга 26 нафар, транспортни ташиш ва бошқаришни ташкил этишга 27 нафар, пайвандлаш ишлари техниклигига 26 нафар, компьютер инженерлигига 26 нафар ўқувчи қабул қилинди. Ўқув юртида ҳозир 20 та гуруҳда ўқувчилар турли касб-ҳунарларни эгаллашни мақсад этган.
МУХБИР: – Кадрлар салоҳияти ва ўқув юртининг моддий базаси тўғрисида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
Г.ТУРСУНОВА: – Ўқув юртимизда ўқитувчи-лаборантлар 64 нафар бўлиб, улар 568 нафар толиби илмларга касб-ҳунар ўргатадилар. Буларнинг сафида 1 нафар физика-электроника фанлари доктори – Тойип Ҳакимов, 18 нафар катта ўқитувчилар мавжуд.
Махсус ўрта маълумотлиларни имкон қадар камайтиришга эришмоқдамиз. Бу йилги ўқув йилида 1 нафар рус тили фани ўқитувчиси етишмаяпти.
Ҳар йили касб-ҳунар коллежимиз ўқув моддий базасини мустаҳкамлашга эришмоқдамиз. Коллежда 1 та қишлоқ хўжалигини механизациялаш “ТТЗ- 84” ва 1 та кичик трактор “МТВУ-304-21”, 1 та ўқув машқ учун “Матиз” автомобили, 2 та Кореядан олиб келинган пайвандлаш мажмуаси, 32 та жамламадан иборат 2 та компьютер синфхонаси, шунингдек 2-3-босқич ўқувчилари учун Германиядан олиб келинган 5 та универсал тикув машинаси, 1 та аверлок, 1 та дазмоллаш мажмуаси, шулар билан бирга янги қурилиш ва пардозлаш жиҳозлари тўлиқ мавжуд.
Лингофон хонаси учун парталари олинган, техник мосламаларини олиш навбати кутилмоқда. Бир сўз билан айтганда, шу йил ҳам режага асосан коллежнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун 16 миллион сўмлик жиҳозлар олинди.
МУХБИР: – Касб-ҳунар коллежида нега янги йўналишлар очилмади?
Г.ТУРСУНОВА: – Юқорида таъкидлагандик-ку, ислоҳотлар жараёнида ўқувчиларнинг хоҳиш-истаги, қизиқиши ҳам бундан буён инобатга олинади. Бироқ ўқувчи қизларимизнинг талаб-эҳтиёжига кўра 2-босқичдаги 208-гуруҳи ошпазликка йўналтирилди. Бўлажак уй бекалари турли хил таом, ширинлик каби пишириқлар тайёрлаш сирларини ўрганмоқдалар. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ўқувчилар имкониятдан кенгроқ фойдаланиш масаласи қўйилди. Шу боисдан бу боради. Муниса Нусратиллаеванинг талаби инобатга олинди.
МУХБИР: – Кейинги вақтларда илм, касб-ҳунар олувчиларнинг давомати, тақдирига давлат ташкилотлари ва жамоатчилик томонидан жиддий назорат олиб борилмоқда. Сизларда бу масала қандай аҳволда?
Г.ТУРСУНОВА: – Ўзингиз айрим гуруҳларнинг давоматини кузатганда гувоҳ бўлганингиздек, мақтанадиган жойимиз йўғ-у, анча ижобий ҳолатлар юзага келганлигини кўпчилик яққол сезмоқда, шу жумладан – Сиз ҳам. Ота-оналар, ўқувчиларимиз билан қанчалик маънавий-маърифий ишларни кўпроқ олиб борсак, шунчалик, албатта, ижобий натижа бераркан.
Ҳа, шуни алоҳида қайд этиш лозимки, 56 нафар турли ўқув йилларда масъулиятсизлик билан ўқишдан қолиб кетганлар ҳали қабул қилинганликларига буйруқ бўлган эмас-у, энди ўқиш қадрига етиб, ариза берганлари қувонарли ҳол.
МУХБИР: – Ҳа, бу масалада халқимизда анча масъулият, ҳаётнинг оқимига тўғри қараш ҳолатлари сезиларли даражада кўзга ташланмоқда... Энди Гавҳар Бекмуродовна, касб-ҳунар даргоҳининг истиқболи учун қандай режаларни амалга оширмоқчисизлар?
Г.Турсунова: – Биз бир нарсага амин бўлдикки, халқ, ота-оналар, маҳаллий раҳбарият билан тадбир, учрашувлар орқали очиқ мулоқотда бўлсак, хато-камчиликлар сезилиб, тезда бартараф этиларкан. Ютуқлар эса устоз-шогирдларга янада куч-ғайрат, шижоат бериши замонамиз талаби экан. Буни ўқув ишлари бўйича ўринбосарим Фазлиддин Сатторов, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарим Самандар Мўминовлар ҳам тўғри англаб етдилар.
Шунинг учун ҳам ўқув йили бошланмасданоқ янги ўқув йили тақдимоти, жиноятчиликнинг олдини олиш, Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг видеоселекторлар, маърузалари мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган вазифалар, 2017-2021 йилларда амалга ошириладиган Ҳаракатлар стратегияси, хотин-қизлар, ҳуқуқ-тартибот органлари билан ўтказилган тадбирларда халқимиз, ота-оналар, туман ҳокимлигининг ўринбосарлари Файзиддин Норов, Зебинисо Шодиева ва бошқаларнинг учрашув, фикр-мулоҳазалари бизга яқиндан кўмаклашмоқда.
Биз истиқбол режаларимизда юқорида зикр этилганларни , тадбирлар ОАВда ёритилса, янада ташаббускорликни оширилишини инобатга оламиз.
МУХБИР: – Касб-ҳунар коллежингизнинг таълим-тарбия соҳасида улкан ютуқларга эришуви ва БПТларининг жонланишини ҳам истаб қолардим.
Г.ТУРСУНОВА: – Раҳмат. Интилиш – саъй-ҳаракатга чорлайди.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.