Бугун 53-умумтаълим ўрта мактабида 615 нафар ўқувчи таълим - тарбия олмоқда. Уларга 45 нафар ўқитувчи пухта билим бериб, ҳар томонлама камолга етишлари учун меҳнат қилиб келишяпти.
Мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни мактабимизда изчил ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратганмиз. Педагогларнинг малакасини ошириш, ҳар бир фан ойликларини сифатли ва самарали ташкил этиш, ўқувчиларимизнинг назарий билимларини амалиётда мустаҳкамлаш, жисмонан соғлом этиб тарбиялаш энг асосий вазифаларимиздан этиб белгиланган. Ўтган февраль ойида "Математика-информатика фанлари ойлиги" самарали ташкил этилди. Аниқ фанлар услубий бирлашмаси раҳбари Масъуда Юсупова ҳамда ўқитувчиларимиз томонидан бир неча очиқ дарслар, ўқувчилар учун қизиқарли машғулотлар ўтказилди. Фан ойлиги давомида ўқитувчиларимиз Малика Жамолова 8-"Б" синфида "Квадрат тенгламаларни ечиш", Масъуда Юсупова 5-"А" синфида "Қўшиш формулалари" мавзуларида очиқ дарслар ўтказишди.
Ўқитувчи ва ўқувчиларимизнинг турли фан олимпиадаларида иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритаётганини алоҳида таъкидлаш лозим. Биргина 2018-2019 ўқув йилининг биринчи ярим йиллигида туманда ўтказилган олимпиадада инглиз тили фани бўйича 10-синф ўқувчиси Нилуфар Аслиева, шу фандан 11-синф ўқувчиси Шаҳризод Мирзаев 3-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланма олдилар. Шунингдек, ўтган ўқув йилида мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси Муниса Аҳадова эса "Йил ўқитувчиси" кўрик - танловининг вилоят босқичида 2-ўринни қўлга киритди.
Бундан ташқари, мактабда турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, ўқувчиларимизни жаҳолатга қарши маърифат руҳида тарбиялаш доим эътибор марказимизда. Мактабда ёшлар етакчиси Собир Норбўтаев ва маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Ғиёс Норменглиевнинг саъй-ҳаракати билан ўтказилаётган турли тадбирлар ўқувчиларимиз учун ҳар томонлама фойдали бўлмоқда. Ўқувчилар ўртасида учрайдиган турли муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш, уларнинг ўзини тутиши, одоб-ахлоқини доимий равишда назорат қилиш асосий вазифаларимиздан биридир. Шу боис психологларимиз Хуршид Тошбоев, Сарвиноз Туроповалар доимий равишда ўқувчилар билан суҳбатлар, мулоқотлар ташкил этиб, улар иштирокида ҳар хил кўнгилсиз ҳолатларни олдини олишга ҳаракат қилишмоқда. Ўқувчиларни китобхонликка жалб қилиш, кутубхонамиз фондини бойитиб боришга ҳаракат қиляпмиз.
Келгусида 1-синфга қабул қилинадиган 6-7 ёшли болаларни мактабга тайёрлашда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Мадина Ҳақбердиева, Манзура Боймуҳаммедовалар тайёрлов гуруҳлари ташкил этиб, болажонларнинг мактаб таълимига қадар саводи чиқиши, иқтидори шаклланишида ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Мактаб таълимининг ривожи жамоатчилик назоратисиз амалга ошмайди. Шу боис белгиланган вақтларда ота-оналар билан йиғилиш ўтказиб, улар билан фарзандларининг ўзларини тутиши, одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси хусусида суҳбатлар уюштирилиб келинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, биз, педагогларнинг олдида залворли, аммо шарафли вазифалар қўйилган. Уларни астойидил адо этиш, фарзандларимизни эл-юрт ривожига муносиб ҳисса қўшадиган авлод қилиб тарбиялашда тинимсиз меҳнат қилмоқдамиз.
Шароф ОРТИҚОВ,
53 - умумий ўрта таълим
мактабининг директори
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.