Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ЎҚИТИШ СИФАТИ ВА САМАРАДОРЛИГИНИ ОШИРИШ

“Таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла холос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш Миллий тизимини яратишдир”.

Малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим омилларидан бири – таълим сифати ва самарадорлигини оширишдир. Бунинг учун замонавий усуллар, шакл ва воситалар, ўйин технологиялари, хусусан, таълимнинг ноанъанавий методларидан ўринли фойдаланиш зарур.
Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг мақсади “Таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш, уни ўтмишдан қолган мафкуравий қарашлар ва сарқитлардан тўла холос этиш, ривожланган демократик давлатлар даражасида, юксак маънавий ва ахлоқий талабларга жавоб берувчи юқори малакали кадрлар тайёрлаш Миллий тизимини яратишдир”.
Ушбу мақсадни амалга оширишнинг асосий вазифаларидан бири “Кадрлар тайёрлаш муассасаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш, педагогик фаолиятининг нуфузи ва ижтимоий мақомини кўтариш”дан иборат. Бу эса таълим жараёнига бошқача теран назар билан қарашни талаб этади ва долзарблиги билан алоҳида ажралиб туради.
Малакали кадрлар тайёрлаш жараёнининг ҳар бир босқичи ўзида таълим жараёнини самарали ташкил этиш, уни юқори поғоналарга кўтариш, шу билан бирга жаҳон таълими даражасига етказиш борасида муайян вазифаларни амалга ошириши лозим. Чунончи, мазкур жараённинг 3-босқичи (2005 ва ундан кейинги йиллар)да“... таълим муассасаларининг ресурс, кадрлар ва ахборот базаларини янада мустаҳкамлаш, ўқув-тарбия жараёнини янги ўқув-услубий мажмуалар, илғор педагогик технологиялар билан тўлиқ таъминлаш” каби долзарб вазифалар ижобий ҳал этилмоғи лозим.
Мазкур вазифаларнинг муваффақиятли ҳал этилишида яна бир омилнинг мавжудлиги, яъни, узлуксиз таълим тизими ходимлари, педагог-ўқитувчилар томонидан замонавий таълим технологияларининг моҳиятидан хабардорликлари ҳамда уларни таълим жараёнида самарали қўллай олишлари, шунинг-дек, таълим жараёнини ташкил этишга нисбатан ижодий ёндошувнинг қарор топиши муҳим аҳамият касб этади.
Касб-ҳунар таълими тизимида малакали кичик мутахассисларни тайёрлаш кўп жиҳатдан умумтаълим фан ва махсус фан ўқитувчилари ва ишлаб чиқариш усталарининг маҳоратига боғлиқдир. Демак, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида давлат таълим стандартлари талаблари асосида таълим жараёнини ташкил этиш учун, агар таълим жараёнини бир тизим деб қарасак, унда асосий ўринни таълим берувчи, яъни ўқитувчи эгаллайди.
Таълим берувчи мукаммал таълим бериши учун қуйидаги хусусиятларга эга бўлиши зарур:
Касбий маҳорат. Шу ўринда ҳар бир ўқитувчи ўз фанининг билимдони, касбини мукаммал билиши, ҳозиржавоблик, ўз касби бўйича зарурий ахборотларни олиб туриш учун инглиз тилида мулоқот қила олиши, таълим воситаларидан эса оқилона фойдалана олиши;
Педагогик маҳорат. Янги педагогик технологияларни ўзлаштириб, нутқ равон, ўқувчилар билан ўзаро мулоқот ўрната олиши, замонавий ахборот технологиялардан фойдаланган ҳолда, дидактик тамойилларни қўллай билиши, узлуксиз таълимдаги мавжуд меъёрий ҳужжатлар, уларнинг мазмуни ва моҳиятини пухта ўзлаштирган бўлиши;
Маънавий етукликда эса ўқитувчининг юксак маданиятлилиги, аҳлоқлилиги, ватанпарварлиги, ўз бурчига содиқлиги, масъулиятлилиги каби шахсий ҳислатлари билан бирга мустақиллик принципларига содиқлиги, Ватанни севиши, миллат тақдирига дахлдорлик туйғуси шаклланган бўлиши, Президент сиёсатини тўғри англаши, ислоҳотлардан хабардорлиги, ўз фанини миллий истиқлол ғоясини сингдирган ҳолда ўтиши лозим.
Бундан ташқари, таълим муассасаларида ўқув-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиб, ўқитувчиларнинг касбий ҳамда педагогик маҳорати, маънавий етуклигини аниқлаши, дарсларини таҳлил этиб, уларга амалий ёрдам кўрсатиши ва ҳар бир ўқитувчи фаолиятини ривожлантириш бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқиши зарур.

Қ.ФОЗИЛОВ,
Гулобод ижтимоий иқтисодий коллежининг “Мутахассислик
фанлари кафедра”си мудири


Дата добавления: 02/06/2017 13:17;   Просмотров: 1439
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку