Мамлакат жадал ривожланиши учун халқнинг дунёқараши, онгидаги замонавий ўзгаришлар муҳим ўрин тутади.
Бу эса инновацион ғоя ва технологиялар, китоб, илм-фан ва тизимли мутолаага таянади.
Ана шу ва бошқа муҳим ташкилий-амалий масалаларни кўзлаб Турон ФА Самарқанд минтиқавий бўлимида ўтказилган матбуот анжуманини муассаса раҳбари Ф.Аҳмаджонов бошқарди.
Самарқанди азимда умумтаълим мактабларининг деярли 50 фоизи ёмон аҳволда эканлиги, «Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг мазмунан эскирганлиги, ўқитувчи кадрлар етишмовчилиги, хусусий таълим муассасалари ривожланишининг оқсаётганлиги каби омиллар ҳар биримизни тезроқ ва чуқурроқ ўйлаб, ечим топишга ундамоқда, деди у.
Академиклар Ф.Набиев, Р.Назарян, А.Қамарзода, Н.Низомов ва бошқалар соҳада тўпланиб қолган муаммолар ва ислоҳ йўллари хусусида қизиқиш, масъулият ва эгалик ҳиссини кучайтириш, ўқитувчи мақоми, маоши ва обрў-эътиборини ошириш, олий ўқув юртларида кечки ва сиртқи бўлимларни кенгайтириш, хусусий мукаммал таълим муассасаларига кенг йўл очиш, бу борада давлат шерикчилиги ва манфаатдорлигини ҳисобга олиш мақсадга мувофиқдир. Интеллектуал мулк беназир қадрият, дахлсиз бойлик даражасида ҳимояланиши, рағбатлантирилиши керак.
Ҳар бир ота-она, ҳар бир оила улғаятган азиз фарзандида энг аввало узоқ келажаги, мунаввар тақдири учун сув-ҳаводек зарур маънавий қадриятларга иштиёқ ва эҳтиёжни шакллантириш лозимлигини теран англаб етсагина, миллий тараққиётимиз тезлашади, самара беради. Ёш авлод тарбияси умумжамият, умумдавлат сиёсатига айланади.
Тадбирда мазкур бўлимнинг «Турон тонги» газетаси илк сони тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Бўлим қошида нодавлат-нотижорат бошланғич таълим (1-4 синф) мактабини очиш, қадимги шарқ қўлёзмаларини ўрганиш, таржима ва нашр қилиш, илмий педагогик кадрлар малакасини ошириш, ўқув дастурлари яратиш каби янги-янги йўналишларни йўлга қўйиш режалаштирилган.
Академик ва фахрий академик, фахрий профессор, фахрий доцент, фахрий фан доктори, фахрий фан номзоди каби илмий унвон ва даражалар жорий этилиши ушбу 45 кишилик салоҳиятли жамоа аҳлини эзгу мақсадлар сари дадил ҳаракат қилишга чорламоқда, янги ғоялар ва тадқиқотлар рўёбига ундамоқда.
Шу куни яна бир ҳуқуқшунос олим, юридик фанлари номзоди, доцент Т.Бекмуродовга фахрий академик илмий унвони, диплом, гувоҳнома ва кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
Н.КАРИМОВ,
фахрий академик
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.