Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Синф кутубхонаси

Юртимизда инновацион ғоялар ва технологияларни жадал ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиб улгурди. Таълим тизими ҳам бундан мустасно эмас. Яқинда тумандаги 4-умумтаълим мактабининг бошланғич синф ўқитувчиси Ҳилола Раҳмонова таҳририятимизга келиб, ўз дил изҳорларини баён этди

- Ўқитувчилик касблар ичида энг улуғидир. Замоннинг тезкор ва шиддат билан тараққий этиши, бугунги кун ўқитувчисидан тинмай ишлаш, янгиликка интилишни талаб қилади. Президентимизнинг 2017 йил 12 январда қабул қилинган «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши жуда яхши бўлди. Ушбу фармойишни синфимда ўқийдиган 33 нафар ўқувчининг ота-онасига етказиш мақсадида «Тарбия оиладан бошланади» мавзусида ота-оналар йиғилиши ташкил қилинди. Йиғилишда ота-оналарга фарзандларига китоб олиб бериш, ўз уйларида фарзандлари учун кичкина кутубхона ташкил қилиш фойдали экани, нури дийдалари томонидан саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Олиб борилган ишлар самарасини мен эртаси куни ишга келганимда кўрдим. Ўқувчиларим, ҳаттоки уларнинг ота-оналари ҳам мактабга китоб олиб келишиб, «Синф кутубхонаси» ташкил қилишди. Мен бундан жуда ҳам хурсанд бўлдим ва дил сўзларимни сиз билан ўртоқлашгим келди.
Ҳа, бу изланувчан, давр билан ҳамнафас ўқитувчини тинглар эканмиз, таълим-тарбия жабҳасидаги ислоҳотлар моҳияти, мақсад-муддаоси нақадар ҳаётий, оила, баркамол авлод, бутун жамият манфаатига мос ҳамда ҳамоҳанглигини англаш қийин эмасди. Ҳилола Раҳмонова бир соатлик тадбирга пухта ҳозирлик кўрган, ажойиб сценарий ёзган, кичкинтой болаларга кичик-кичик саҳначаларни ижро этиш вазифасини топширган. Жумладан:
6-ўқувчи:
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун-кунингга айлаганинг нур-фош,
Бирисин ой англа, бирисин қуёш.
7-ўқувчи:
- Ким уйғотади ҳар тонг?
- Онам
- Ким тайёрлар чою-нон?
- Онам
- Кўйлагимни ким тиккан?
- Онам
- Бахт уруғин ким эккан?
- Онам.
9-ўқувчи:
- Ким дер: «Менинг қобилим»?
- Онам
- Ким менинг жону дилим?
- Онам. Ва ҳоказо
Саҳна кўринишлари барча ота-оналарга манзур бўлди, уй-хаёлга тортди, хулоса чиқаришга чорлади. Болалар учун яратилган уйдаги муҳит, китобхонлик, маънавий соатлар қай даражада эканлиги катталарни бефарқ қолдирмади.
Натижа ҳам қувонарли бўлди. Синф кутубхонасига 63 та китоб тақдим этилди. «Биттагина китоб олинг» шеъри қалбларини уйғотиб юборди гўё:
Сиз улуғсиз қорин билан,
Қази-қарти норин билан.
Дилга ҳам бир азоб олинг,
Биттагина китоб олинг.
Худо хайрингизни берсин,
Яна умрингизни берсин.
Уйингизга офтоб олинг,
Биттагина китоб олинг.
Ташаббускор муаллима «Фарзандларингизга охирги бор қачон китоб совға қилдингиз?», «Мактабга келган ўқувчи ҳолати ҳақида»,
«Сизнингча, дарсга тайёр ўқувчи қандай бўлиши керак?» каби ўнлаб жонли саҳначалар намойиши орқали кичкинтойлар ва ота-оналарни рағбатлантиради, педагогик маслаҳатлар билан қўллаб-қувватлайди.
Таҳририят бундай ижодкор ўқитувчи-мураббийларни элга танитиш, маънавий рағбатлантиришга тайёр. Юрт фарзандлари бахтига омон бўлинг, изланинг, чарчаманг, азизлар!

Н.КАРИМОВ


Дата добавления: 16/02/2018 14:58;   Просмотров: 1448
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку