Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СИФАТЛИ ТАЪЛИМ ТИЗИМИ ЗАМОНАВИЙ БОСҚИЧДА

Тумандаги барча касб-ҳунар коллежларида 2017-2018 ўқув йилидаги устувор вазифалар ижроси бўйича тақдимот йиғилишлари бўлиб ўтди. Тадбирларда туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Ёшлар иттифоқи туман бўлими вакиллари, ИИБ профилактика инспекторлари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ота-оналар ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этдилар.
Тақдимот тафсилотлари билан газетанинг кейинги сонида танишасиз.
СУРАТДА: Гулобод ижтимоий-иқтисодий коллежида ўтказилган тадбирдан лавҳа

“Фарзандларимиз биздан кўра билимли, кучли, доно ва албатта, бахтли бўлишлари шарт!”. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан айтилган бу улкан мақсад мустақил тараққиёт йўлини танлаган халқимизнинг барча орзу-ниятларини ўзида мужассам этган. Мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимиз ёшлари таълим-тарбиясини кучайтириш, маънавиятини юксалтириш, она Ватанига содиқ, ўз келажагини унинг истиқболи билан уйғун тарзда тасаввур этадиган, ўз мустақил фикрига эга – баркамол авлодни вояга етказиш борасида изчил ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари, йирик дастурлар асосида яратилган тўкис шарт-шароитлар ҳамда мунтазам равишда ташкил этилаётган оммавий тадбирлар юртимиз ёшларини бир мақсад йўлида бирлаштириб, уларга баланд марралар сари дадил интилишда қанот бўлмоқда. Ички ишлар вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Халқ таълими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ўқувчи-ёшларнинг таълим муассасаларига мунтазам қатнаши, бўш вақтларини салбий оқибатларга олиб келадиган бефойда ишларга сарфламаслигини таъминлаш мақсадида “Ўқувчи”, “Давомат” каби рейдлар ташкил этилган. Ҳукуматимиз томонидан вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳар бир жиноятга фавқулодда вазият сифатида қаралиб, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида хизмат-суриштирувлари ўтказилмоқда. Бугун дунёда юз бераётган хунрезликлар, глобаллашув жараёнида тобора авж олиб бораётган экстремизм, терроризм, турли ёт ғоялар, “оммавий маданият” хуружлари ёшларни ўз таъсир доирасига тортишга ҳар доим шай турибди. Инсон онги учун кетаётган бу курашда ҳамиша огоҳ, ҳушёр бўлиш, ҳали оқ-қорани ажрата олмаган ғўр ёшларни бундай оқимлар домига тушиб қолишдан асраш таълим-тарбия ишига масъул бўлган ота-онадан тортиб, барча ташкилоту идоралар, кенг жамоатчиликнинг энг муҳим вазифаси бўлиши зарур.
Шундай бир вазиятда таълим муассасаларида ёшлар билан иш олиб боришда асосий эътиборни ўғил-қизларда мустақил фикрни шакллантириш, ўз иқтидорини намоён этиши учун имкониятларни янада кенгайтириш ҳамда яратувчанлик туйғусини юксалтиришга қаратиш лозим. Шу мақсадда ташкил этиладиган тадбирларни пухта тайёргарлик асосида, мақсадни, кутилаётган натижани аниқ белгилаган ҳолда ўтказиш, бунда расмиятчиликдан холи бўлиш, ўқувчиларнинг қизиқиши, қабул қилиш даражасини ҳисобга олиш самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Ўқувчиларда юксак инсоний ҳис-туйғуларни, эстетик дидни тарбиялаш, ижодкорлик кўникмаларини ривожлантириш мақсадида бир ойда камида битта бадиий китоб ўқиши, битта спорт тури билан машғул бўлиши, гурух раҳбарлари ва ота-оналар кузатувида маданият масканлари (театр, музей, истироҳат боғлари, тарихий қадамжолар)га боришини тизимли равишда йўлга қўйиш ҳам муҳим тадбирлардан саналади.
Оила, маҳалла ва таълим муассасаларида барқарор соғлом ижтимоий-маънавий муҳитга салбий таъсир этадиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни кучайтириш, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор, тарбияси оғир, таълим муассасаси ва ички ишлар идоралари профилактика рўйхатига олинган, дарсларга мунтазам қатнамайдиган ўқувчилар, нотинч оилалар фарзандларига тажрибали педагоглар, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторларини бириктириш ҳамда масъулларнинг бола одоб-ахлоқи, юриш-туришидаги ўзгаришлар хусусидаги ҳисоботларини доимий эшитиб бориш бу борада олиб бориладиган ишларнинг изчиллигини, самарасини таъминлайди.
Истиқлолнинг дастлабки йилларидаёқ қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунлар ёш авлодни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, уларга жаҳон андозалари даражасида билим бериш, ўз қизиқиши ва интилишига мос тарзда касб-ҳунар эгаллашга яқиндан кўмаклашишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Юрт келажаги ёшлар қўлида, ёш авлод келажак пойдевори, эртанги кун, келажагимиз ёшларники. Ҳа, бир қарашда пурвиқор туюладиган ушбу сўзлар замиридаги ҳақиқатнинг исботига бугун барчамиз гувоҳмиз. Айниқса, Узбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида ёшларнинг билим эгаллаш даражаси, касб танлаш салоҳияти ва энг муҳими, таълим сифатига бўлган эътибор тубдан ўзгарди.
Хусусан, касб-ҳунар таълими тизимини ривожлантириш, олий ўқув юртлари ва коллежларда таҳсил олаётган ёш, иқтидорли ўқувчиларга етарли шарт-шароит яратиб бериш, уларнинг қизиқиш ва интилишларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда, ёшлар тақдирига эътиборли бўлиш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу нуқтаи назардан барча мутасадди раҳбарларга таълим муассасалари фаолиятини назорат қилиш, ёшлар тарбияси билан алоҳида шуғулланиш, уларнинг касб танлаш борасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш бўйича керакли тавсиялар, қарор ва фармонлар ишлаб чиқилди.
Шу мақсадда бугун мамлакатимизда таълим-тарбия соҳасини ислоҳ қилиш, ёш ва малакали кадрлар тайёрлаш, жумладан, касб-ҳунар коллежлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, битирувчи йигит-қизларни иш билан таъминлаш долзарб вазифалардан бирига айланган. Шу боис, юртимиздаги барча таълим муассасалари замон талаблари даражасида ташкил этилиб, ўқувчиларнинг ҳам назарий, ҳам амалий билимлари бойитилиши учун зарур шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Мазкур жараёнларни амалга ошириш баробарида мамлакатимизнинг турли соҳалар ривожига хизмат қиладиган академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари мавқеини ошириш, уларда таҳсил олаётган ёшларга чуқур билим бериш, касбий салоҳиятини юксалтириш, ўқув-тарбия тизимига малакали педагогларни жалб этиш масалаларига Ўзбекистон Республикаси Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими Маркази томонидан ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўқувчиларимизнинг танлаган касбига бўлган қизиқишини ошириш, мутахассисликлари бўйича амалий билимларини мустаҳкамлаш ва уларда меҳнат кўникмаларини шакллантириш ҳамда келажакда бандликларини таъминлаш мақсадида «Устоз-шогирд» анъаналари жорий қилиниб, тажрибали ўқувчиларга бириктирилиши лозим.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юртимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда гувоҳ бўлганимиздек ўқув масканларида таълим жараёнининг биргина назарий қисми билан чекланиб қолмай, олий таълим муассасалари кўмаги ва ҳамкорлигида ишларни ташкил этиб, ёшларнинг олган билимларини амалий жиҳатдан ҳам мустаҳкамлашга қаратилган зарурий чора-тадбирлар белгилаб, келгусида ўқувчиларнинг дунёқарашини кенгайтиришга имкон яратилиши шубҳасиз.
Халқимизда “Боланинг бегонаси бўлмайди” деган нақл бор. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан “Биз ёшларимизни ҳеч кимга бериб қўймаймиз, уларни ўзимиз тарбия қиламиз, вояга етказамиз” деган фикрлари фарзанд ўстираётган ҳар бир ота-онанинг, ўғил-қизларимизнинг таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар ўрганиши, умуман, жамиятдан муносиб ўрин эгаллашига масъул бўлган барчанинг қатъий қарорига айланмоғи лозим.

М.КИЧИБАЕВ,
Гулобод ижтимоий- иқтисодий коллежи директори


Последнее редактирование: 13/09/2017 15:37;   Просмотров: 1529
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку