Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

САМАРҚАНД ТИЛШУНОСЛИК МАКТАБИ

Мамлакатимизнинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бўлган Самарқанд давлат университетида бир неча илмий мактаблар шаклланган. Ана шулардан бири ўзбек тилшунослиги мактабидир.

Аждодлар илмидан самарали озиқланган бу мактабнинг тамал тоши Самарқанд давлат университетининг илк даврида – ўтган асрнинг 20-йилларида Олий педагогика институти номи билан ташкил этилган йиллардаёқ қўйилган. Илк фаолиятини икки йўналишда – табиий ва ижтимоий фанлар факультетлари билан бошлаган институтнинг ижтимоий фанлар факультетида тил ва адабиёт бўлими бўлиб, айни шу ерда илмий-тадқиқот ишлари йўлга қўйилган эди. Бугун ўзбек тилшунослиги фанининг оёққа туришида беқиёс хизмат қилган Абдурауф Фитрат, Қози Олим Юнусов, Солиҳ Муталлибов сингари фидойи олимларнинг номларини чуқур эҳтиром билан тилга оламиз.
Ўтган асрнинг 30-йилларида юртимизда малакали филолог кадрлар тайёрлаш, тилшунослик фанини янада ривожлантириш соҳасида янги давр бошланди. Бунда Ўзбекистон давлат университетида ўзбек тилшунослиги кафедрасининг ташкил этилиши ва унга 1938 йилдан доцент Улуғ Турсунов раҳбарлик қилиши аҳамиятли бўлган. Катта истеъдод ва ташкилотчилик салоҳиятига эга бўлган олим ўзбек тилшунослари орасида биринчилардан бўлиб 1941 йилда номзодлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Ўзбек тилшунослиги кафедраси ўтган асрнинг 50-йилларида ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйди. Шу йилларда кафедра қошидаги аспирантурада юқори малакали мутахассислар тайёрлашга киришилди. У.Турсуновнинг илмий раҳбарлигида номзодлик диссертацияларини муваффақиятли ҳимоя қилган тилшунос олимлар – Ғанижон Абдураҳмонов, Жаббор Мухторов, Ваҳоб Эгамов, Жўрабой Ҳамдамов, Фатҳиддин Исҳоқов, Назар Ражабов кабилар соҳа ривожига катта ҳисса қўшди. Мана шу тарзда ўзбек тилшунослигининг Самарқанд мактабига асос солинган ва у Ўзбекистонда олий малакали мутахассислар тайёрловчи марказлардан бирига айланган эди.
Кафедранинг илмий-педагогик фаолияти ХХ асрнинг 60-70-йилларида изчил давом эттирилди ва Самарқанд тилшунослик мактаби янада гуллаб яшнади. Шу йилларда кафедрада 15 тўплам нашр қилинди. Жумладан, У.Турсунов, Ж.Мухторов ва Ш.Раҳматуллаевнинг “Ҳозирги замон ўзбек тили” дарслиги яратилиб, бугунги кунга қадар тўрт марта чоп этилди.
1969 йилда ўзбек тилшунослиги кафедраси негизида умумий тилшунослик кафедраси ташкил қилинди. Кафедра қарийб ўн йил фаолият кўрсатди ва яна ўзбек тилшунослиги кафедрасига бирлаштирилди. Бу даврда уни профессорлар Ҳ.Бердиёров ва Х.Дониёров бошқарди.
Мустақиллик йилларида кафедранинг барча соҳадаги фаолияти янада яхшиланди, билим бериш сифати ва усуллари замон талаблари даражасига кўтарилди. Янги педагогик технологияларга таянган ҳолда дарс ўтиш, талабаларнинг билимини назорат қилиш ва мустақил ўқиб-ўрганишини ташкил этиш такомиллашди, илмий-тадқиқот ишларининг кўлами ва самарадорлиги янада ошди.
Самарқанд давлат университети ўзбек тилшунослиги кафедраси хизматларидан маълум даражада баҳраманд бўлиб, юртимизда илм-фан тараққиёти ва олий таълим юксалишига муносиб ҳисса қўшган ва қўшиб келаётган олимларимизни фахр билан тилга оламиз. Уларнинг саъй-ҳаракати билан тилимиз тарихи, диалектологияси, лаҳжа ва шеваларини ўрганиш, топонимика ва ономастика масалалари бўйича салмоқли илмий ишлар қилинди. Кўплаб дарслик ва ўқув қўлланмалари яратилди. Ҳозирги ўзбек адабий тили грамматикаси, морфологияси ва синтаксиси масалалари, нутқ маданияти ва стилистика муаммолари чуқур ва атрофлича ўрганилди.
Университет ўзбек тилшунослиги кафедраси мамлакат халқ маорифи ва олий таълим тизими учун раҳбар кадрлар етказиб беришга ҳам салмоқли ҳисса қўшди. Филология факультетида, хусусан, ўзбек тилшунослиги кафедрасида илм олган тилшунос олимлардан бир қанчаси турли олий ўқув юртларида, бошқарув органларида ишлади.
Сўнгги ярим аср давомида кафедра илмий-педагогик кадрлари сафига янги илмий кучлар келиб қўшилди. Т.Раҳматов, Усмонов, З.Алиқулов, Т.Қурбонов, Э.Абдиев, Х.Ахтамова, Н.Бегалиев, Т.Жўраев, М.Рўзиқулова, М.Тўйчиев, Р.Миразизова, Д.Ёринбоева, З.Пардаев, Ш.Маҳмадиев, О.Юсупова кабилар шулар жумласидандир. Уларнинг баъзилари ҳозир ҳам кафедрада илмий-педагогик фаолиятини давом эттирмоқда.
Кафедра илмий фаолиятининг самарали бўлишида унинг мамлакатимиз ва хорижий давлатлар олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик алоқалари ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Кафедра олимлари нафақат юртимиз, балки хорижий мамлакатлардаги олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари билан илмий ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиб, ўзбек тилшунослиги анъаналарини ўрганиш ва тарғиб этишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Ж.Элтазаров, С.Боймирзаева, А.Ғаффоров, Р.Сувонова Япония, Жанубий Корея, Хитой, Германия, Туркия, Малайзия сингари мамлакатларда ишлаб, илмий-педагогик амалиёт ўтаб қайтди.
Ўзбек тилшунослиги кафедраси аъзолари кейинги йилларда давлат таълим стандартлари асосида мамлакатимизда биринчи бўлиб ўзбек тилшунослиги соҳасида 19 предметдан намунавий ўқув дастурлари ишлаб чиқди. 20 га яқин ўқув қўлланмаларидан бугун ўқув жараёнида кенг фойдаланилмоқда.
Тўқсон йиллик тарихга эга Самарқанд давлат университетининг салоҳиятли ўзбек тилшунослиги кафедраси жамоаси бугун ёш авлодга замон талаблари даражасида билим бериш, уларни ҳар томонлама билимдон, етук мутахассис қилиб тарбиялаш, ўзбек тилшунослигининг долзарб масалаларини тадқиқ этиш борасидаги ишларни изчил давом эттирмоқда.

Жўрабой ҲАМДАМОВ, Суюн КАРИМОВ,
Самарқанд давлат университети профессорлари


Дата добавления: 01/09/2017 16:07;   Просмотров: 1653
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку