Туманимизда ўз меҳнати, ёш авлод таълим-тарбиясига қўшаётган ҳиссаси билан эл назарига тушган ўқитувчилар кўпчиликни ташкил этади.
3 нафар фарзанднинг онаси Меҳринисо Муқумова ана шундай устоз-мураббийлардан. У кўп йиллардан буён Навобод маҳалласидаги 50-умумтаълим мактаби ўқувчиларига тарих фанидан дарс бериб келади. Ўқитувчи ташаббуси билан ташкил этилган фан кабинети керакли миқдорда ўқув қўлланмалари, кўргазмали воситалар билан жиҳозланган. Бундан ташқари “Ёш тарихчилар” тўгараги фаолият кўрсатаётган бўлиб, унга 30 нафарга яқин иқтидорли ўқувчилар жалб этилган.
Меҳринисо Муқумованинг меҳнатсеварлигини инобатга олган мактаб маъмурияти уни илмий бўлим мудири лавозимига сайлашди. Бу лавозимда ҳам баракали меҳнат қилаётган ўқитувчи мактабда таълим-тарбия ишларининг жонланишига ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ундан ибрат олган инглиз тили фани ўқитувчиси Гулнора Вафоева, адабиёт фани ўқитувчиси Ҳалима Абдусамадова, жисмоний тарбия устози Жўрақул Турсунқулов ва бошқалар келажагимиз ворисларининг пухта билим соҳиби бўлишлари, соғлом ўсишлари учун бор маҳоратларини ишга солаётирлар.
Н.МУЯССАРОВА
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.