Ўзбекистон мустақилликка эришгач дастлабки кунлардан бошлаб мамлакатни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири сифатида таълим тизимини ислоҳ қилиш белгилаб олинган эди. Айниқса, кейинги йилларда олиб борилаётган кенг қўламли ислоҳотлар юртимизда ушбу соҳанинг изчиллик билан ривожлантирилиши ва такомиллашувини амалда кўрсатиб бермоқда.
Ҳозирги кунда таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади замонавий талабларга жавоб берадиган, рақобатбардош кадрларни тайёрлашга қаратилган. Таълим тизимини янгилаш уни демократлаштиришни, ижтимоийлашувини ва инсонпарварлашувини, интегратив жараёнларни кучайтиришни, таълимнинг ишлаб чиқариш жараёни билан алоқасини такомиллаштиришни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2019 йил 6 сентябрдаги "Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5812-сонли Фармони профессионал таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган, айни пайтдаги энг муҳим ислоҳотлар учун дастуриламал бўлаолади.
Фармонда таъкидлаганидек, Республикамиздаги профессонал таълим дастурлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашмаганлиги, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг Миллий квалификация тизими тўлақонли жорий этилмаганлиги тайёрланаётган кадрларнинг меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашларига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу Фармон ўрта махсус касб-ҳунар таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш, профессионал таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим босқичларини жорий қилиш орқали меҳнат бозори учун малакали ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш ҳамда мазкур жараёнга иш берувчиларни кенг жалб этишга қаратилган. Фармонда 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб Халқаро таснифлагич даражалари уйғунлашган янги бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим тизими ҳамда табақалаштирилган таълим дастурлари жорий этиладиган таълим муассасалари тармоғи ташкил этилиши кўзда тутилган. Бу аввало, узлуксиз таълим тизимининг сифат-самарадорлигига олиб келса, иккинчидан ўрта махсус касб-ҳунар таълим тизимининг замонга мос аниқ йўналишини белгилаб беради.
Фармонда тизимда мос равишда бошланғич, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим дастурлари жорий этилган касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумлардан иборат профессионал таълим муассасалари тармоғини ташкил этиш кўзда тутилган. Иловага мувофиқ туман Гулобод ижтимоий иқтисодий коллежи базасида ҳам 1080 контингентга эга техникум ташкил этиш назарда тутилиб биз жамоамиз билан ушбу Фармоннинг мазмунини қунт билан ўрганиб чиқдик. Аввало, бу Фармон жамоа зиммасига катта масъулиятни, ўз ишига профессионал ёндошувни, ўқув юрти базасини замон талабларига мос қайтадан кўриб чиқишни, бириктирилган Самарқанд давлат университети билан мунтазам ижодий ҳамкорликни юклайди. Ушбу Фармон моҳиятини англаб етиш ва уни ҳаётга тўлиқ татбиқ этиш профессионал таълим тизимидаги ҳар бир педагог учун муҳимдир. Фармонда узлуксиз бошланғич, ўрта ва ўрта махсус таълим тўғрисидаги низомни, касб-ҳунар мактаблари, коллежлар ва техникумларнинг намунавий устави, таълим тизими учун таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланган. Шунинг учун олийгоҳлар ва таълим муассасаларида ўқув семинарлари, семинар-тренинглар ташкил этиш, педагогларнинг ўз соҳаси бўйича билим даражаларини аниқлаш, малакаларини ошириш давр талабидир.
Шахноза БОЛТАЕВА,
тарих фани ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.