Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ПОЙДЕВОР МУСТАҲКАМ БЎЛСА...

Болаликда берилган билим тошга ўйилган нақшдек бир умр онг-шуурда, қалбда сақланиб қолади. Айнан шу сабабли ҳам дунёнинг ривожланган давлатларида мактабгача таълим тизимига алоҳида эътибор қаратилади. Шу эътибор туфайли мазкур давлатларда юксалиш юз бергани ҳам муболаға эмас.

Халқимиздек болажон миллат дунёда кам. Таассуф ила айтиш лозимки, маълум бир муддат мактабгача таълим тизимида фаолият олиб бораётган мутахассис кадрлар меҳнати муносиб рағбатлантирилмади. Чунки, 1993 йилгача умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчиси билан мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг меҳнатига деярли бир хилда хақ тўланарди. Анча муддат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг иш ҳақи деярли ўзгаришсиз қолди. Ваҳоланки, уларнинг ҳар иккиси ҳам ўта масъулиятли ва муҳим вазифани- комил инсонни, шахсни вояга етказишдек мўътабар вазифани адо этади. Натижада МТМ да педагогик салоҳият пасайиши кузатилди.
Яқин йиллар ичида бевосита Президентимиз ташаббуси билан республикамизда узлуксиз таълим тизимининг муҳим бўғини бўлган мактабгача таълимни ривожлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 28 февралдаги «Давлат мактабгача таълим муассасалари ходимларининг айрим тоифалари меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мана шундай эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Қарорга мувофиқ, мактабгача таълим муассасалари айрим ходимларининг иш ҳақи тўловлари икки босқичда 10 фоиздан 30 фоизгача оширилмоқда. Моддий манфаат кучайиши, албатта, яхши. Айни пайтда бу қарор жамиятимизда ёш авлодни тарбиялаётган эзгу касб соҳибларининг ижтимоий мавқеи, ҳурмати, эътибори, меҳнатларига яраша ошишини таъмин этиши билан ҳам қимматли деб ўйлайман.
Қарордан руҳланган жамоамиз янада кўтаринки руҳ билан меҳнат қилиб, бор билим ҳамда салоҳиятларини ёш авлод таълим-тарбиясига бағишламоқдалар. Менинг ўзим бир неча йилдан бунё мазкур МТМда ишлаб, ҳар бир боланинг пухта билимли, яхши ахлоқли бўлиб ўсиши учун тажрибамни мунтазам ошириб бормоқдаман. Шунинг учун бўлса керак мен таълим бераётган катта гуруҳдаги 23 нафар болажонларнинг ҳаммаси аллақачон ҳарфларни танийди, ҳатто, инглиз тилида шеърлар ўқийди. Саида Салимова, Бобур Орипов, Самир Восеев, Покиза Зоҳирова, Интизор Мансурова каби иқтидорли болажонлар ҳар куни боғчага кечикмасдан келиб, ўқишни, рақс тушиш ва расм чизишни ўрганаяптилар. Буларнинг ҳаммаси ишга масъулият билан ёндашаётганлигимиз ва режа асосида ишлаётганимиз сабабли бўлмоқда. Жамоамиз ишларидан Қозиқўрғон маҳалласи аҳли хурсанд. Негаки, уларнинг болажонлари ишончли қўлларда бўлгани боис, ота-оналари меҳнатларида унум бўлмоқда.
Хуллас, қарор бизни янада масъулият билан ишлашга даъват этмоқда. Нега деганда у мактабгача таълим муассасаларида таълим-тарбия сифати ва самарадорлигининг ошишига хизмат қилади.

Камола РУСТАМОВА,
32-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси


Дата добавления: 27/06/2018 15:17;   Просмотров: 1221
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку