Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ОБОД КАСБ-ҲУНАР МАСКАНИ

Равонак сераҳасидан Шўрбойи маҳалласи томон 200 метр юрсангиз, катта йўлнинг чап томонида ҳашаматли чинорлар оғушида чиройли ва кўркам бино қад кўтарган. Бинонинг кириш қисмининг тепасида «Равонак қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежи» деб лотин ёзуви билан ёзиб қўйилган. Бу бино бошқа ҳашаматли бинолардан батамом фарқ қилади.

ТАРИХГА БИР НАЗАР
Коллежнинг илк ташкил этилиши 1977 йили Тайлоқ шаҳарчаси марказида жойлашган 62-умумий ўрта таълим мактабининг эски биносида бўлган. У вақтлар Тайлоқ Самарқанд тумани таркибида эди. Кейин Равонак марказида ҳозирги бино тайёр бўлгандан сўнг коллеж у ерга кўчирилган. 149-сонли касб-ҳунар юрти сифатида иш бошлади. Унинг биринчи директори Маҳмудбек Маъруфий, у киши билан Салоҳиддин Нўъмонов, Шоди Мирмаҳмадов (руҳлари шод бўлсин) ишлар эди. Кейинчалик олий маълумотли мутахассис кадрлар ишга қабул қилинди. Жумладан, химия фани ўқитувчиси Мурод Маҳдиев, математика фани ўқитувчиси Абдувоҳид Ваҳобов, Остон Хайриев, физика фани ўқитувчиси Маҳадюсуф Латифов, тил ва адабиёт ўқитувчиси Фахриддин Нажмиддинов (жойлари жаннатда бўлсин) Муяссар Каримова ишладилар. Ҳар йили ўнлаб шогирдлари Республика ва умумиттифоқ фан олимпиадаларида қатнашиб, фахрли 1-2 ўринларини эгаллаб келган. Мутахассис кадрлар етишиб чиққан.
Ака-ука Муҳибулло ва Ҳабибулло Турсуновлар ҳам мазкур коллежга директорлик қилган. Бир муддат Абдуҳалим Мелиев ва ўн йил Собир Зайниев коллеж директори бўлиб ишладилар.
2001 йилда Равонак қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи қайта реконструкция қилинди.
1140 ўринга эга билим маскани 2016 йил 23 мартдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Равонак қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежи номини олди.
2015 йили маърифатпарвар ташкилотчи ва ташаббускор инсон қатор йиллар касб таълими бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаб келган Ғулом Тоғаев коллеж директори этиб тайинланди. У Самарқанд архитектура ва қурилиши олийгоҳини тамомлаган. Коллежни ўқув моддий техника базасини бойитишда, ўқувчиларни билимли, касб-ҳунар соҳасини моҳир устаси бўлиши учун астойдил ҳаракат қилмоқда.
Унинг ташаббуси билан 2016-2017 ўқув йилида тўртта янги йўналиш:
1. Қўриқлаш-ёнғин алоқаси ва сигнализатсия тизимларидан фойдаланиш техниги;
2. нефт ва газ қувурларини синаш техниги;
3. Ер тузувчи ва геодезия ишлари техниги;
4. Телерадио аппаратураларни таъмирловчи уста ташкил этилди.
Жами бўлиб 14 та йўналиш бўйича касб-ҳунар ўргатилмоқда.
Талабаларга пухта билим ва касб ҳунарли этиб тайёрлашда назария билан амалиёт бирга олиб борилмоқда. 1 та химия, 1 та биология, 2 та тикув хонаси мавжуд. Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, транспортларда ташиш ва бошқаришни ташкил этиш йўналишларида таҳсил оладиган ёшларга амалиёт учун 1 та «Отайўл» ва 1 та «Дамас» автомобиллари хизмат қилади ва улар диплом билан бирга ҳайдовчилик гувоҳномасига ҳам эга бўлади.
Охирги уч йил давомида, 2014-2015 ўқув йилида 16 нафар, 2015-2016 ўқув йилида 31 нафар, 2016-2017 ўқув йилида 35 нафар битирувчилар олий таълим муассасаларига ўқишга кирдилар. 2018 йилда коллеж битирувчиларидан 13 нафар олий таълим муассасаларида таълим олмоқда.
Коллеж директорининг маънавият ва маърифат бўйича ўринбосари Сайфиддин Жўраев мутахассислиги бўйича фалсафа ўқитувчиси 2005 йилдан ушбу даргоҳда ишлаб келмоқда. Уни билими, ташкилотчилик қобилияти, жонкуярлиги ҳисобга олиб 2016-2017 ўқув йилидан бошлаб ушбу лавозимга тайинланган.
Коллежда маънавий-маърифий ишлар дастур доирасида ўз вақтида ўтказилмоқда. 2017-2018 ўқув йилида ўқувчи ёшларни ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида «Сиз қонунни биласиз-ми?», «Солиқ билимдони» кўрик-танловларнинг туман ва вилоят босқичида «Ҳуқуқшунослар» жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Вилоят ўрта махсус КҲбошқармаси, Адлия бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси ва вилоят Кенгашининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган.
Ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий ва жисмоний камол топтириши мақсадида 2018 йил 15 мартда «Шунқорлар» ҳарбий спорт мусобақасида, «Матонат» жамоаси туман ва вилоят босқичида 1, 4 ўринларни эгаллади.
Ўқувчи ёшларни фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш кўникмаларини шакллантириш мақсадида «Ёш қутқарувчи» мусобақасида «Сардор» жамоаси туманда биринчи ва вилоятда фахрли ўринларни эгаллади. 2018 йил 30 май куни «Ёш ўт ўчирувчи» мусобиқасида туманда биринчи ва 15 июн куни вилоят босқичида коллежнинг «Учқур лочинлари» жамоаси ғолиб чиқиб фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди. Коллежнинг ўқувчи қизлари орасида иқтидор ва истеъдодлар сафини кенгаштириш истеъдод соҳибларини аниқлаш мақсадида 2018 йил 17 март куни «Йил маликаси» кўрик-танлови ўтказилди. Танловда 7 нафар қизлар иштирок этиб иккинчи курс талабаси Нигора Сайфиддинова ғолиб бўлди. Ҳафтанинг жума куни қизлар билан турли мавзуда «Ҳаё ва ибо», «Кийиниш маданияти», «Сузиш одоби» тўғрисида давра сўҳбатлар ва маърўзалар ўтказилди. «Ёшлар модаси ва дизайн», «Ёш дизайнер» кўрик-танловларда Маржона Бахтиёрова ва Асалой Давронова ғолибликни қўлга киритди.
Коллеж ўқувчилари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ОИВ, ОИТС касаллиги, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик, нос ва тамаки чекиш каби иллатларнинг олдини олишга қаратилган «Биз соғлом турмуш тарзи тарафдоримиз» акцияси доирасида спортнинг волебол, стол тенниси бўйича «Соғлом фарзанд юрт келажаги» шиори остида енгил атлетика турлари бўйича мусобақалар ўтказилган. Самарқанд вилояти ОИТСга қарши курашиш маркази врачи М.Бурҳонов, туман 34 оилавий полеклиникаси врачи Х.Маҳмудов, коллеж ММИБДЎ Сайфиддин Жўраев, коллеж ҳамшираси М.Барноевалар биргаликда давра суҳбати ўтказилган.
Равонак қурилиш ва саноат касб-ҳунар коллежида ҳар бир тадбир мазмунли ва мароқли ўтади. Туман ИИБХООБ катта инспектори Муҳиддин Облоқулов, Равонак масжиди имом-хатиби Бахтиёр Насруллоев томонидан одам савдоси оқибатлари, чет давлатларга ишлаш учун бориб фарзанду оиласидан жудо бўлган ёш ота-оналар, болалари ота-она меҳридан маҳрум бўлиб, амак, амма ё бобо қўлида қолиб мактабга бормасдан ножўя ишлар билан шуғуллунаётганлар тўғрисида ўқувчи ёшларга маърузалар қилинмоқда.
2018-2019 ўқув йилида Республикадаги барча коллеж ва лицейларда ўқувчи қабул қилинмади. Мактаб болалари ўз мактаби ё хоҳлаган бошқа мактабда 10-11 синфни битириб чиқади.
Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан мамлакатимизда мактабгача таълим муассасалари, умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини ўзгартириш, давлат таълим стандарти даражасига кўтариш мақсадида ўқитувчи, мураббий ва раҳбар кадрлар маошлари оширилмоқда. Мактаб моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда. Бу ғамхўрликдан халқимиз ўқитувчи ва мураббийлар билан бирга мамнун.
Уларни келаётган касб байрами билан табриклаймиз.

Раҳматилло ШАРИФЗОДА


Последнее редактирование: 28/09/2018 16:17;   Просмотров: 1410
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку