Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Муаллимлар фаолми?

Уларга бугун давлат ишоняпти, халқимиз умид қилишда давом этмоқда

Яқинда нуфузли таълим муассасанинг тажрибали ўқитувчиларидан бирини хафа қилиб қўйдим. "Мақолани ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишлаб ёзган экансиз. Байрам ўтганига 20 кун бўляпти. Шу пайтгача қаерда эдингиз? Энди методик тавсиялар беринг, таълим самарадорлигини оширишга доир таклиф ва мулоҳазалар билдиринг. Она тили, адабиёт фанларини ўқитиш, дарсликларга доир камчиликлар, муаммолар бор. Шуларга оид мақолаларингиз бўлса, газетамизда чоп этишга тайёрмиз", дея муаллимга "насиҳат" қилиб қўйибман. У киши эса "Сен бўлмасанг бошқаси...", деб мендан ранжиган ҳолда чиқиб кетди.
Муаллимнинг ранжиши бежиз эмас, албатта. Чунки илгари у маъно-мазмунсиз "мақола"ларини таҳририятларга ташлаб кетаверган. Қайсидир таҳририят ёки мухбир унинг жимжимадор қораламаларини қолипга солиб, ишлов бериб чиқараверган. Муаллиф эса газетада чоп қилинган мақолалари билан жамоасида мақтаниб, маошига устама олиб юраверган. Табиийки, бу каби мақолалар йиллар мобайнида уни чоп этган нашрнинг, қолаверса, педагогларнинг умумий савиясига соя солиб келган.
Бугун-чи? Халқимиз бундай олди-қочди материаллару умумий гапларга ишонмай қўйди. Аниқ маълумотлар, асосли фикрлар, таклиф ва таҳлилларга таянилган мақолани ўқияпти. Халқнинг вакили сифатида ўзингиз ҳам маза-матраси бўлмаган мақоладаги фикрларга юзингизни бужмайтириб муносабат билдиряпсиз.
Бугун мажбурий меҳнат, кўча тозалаш ёки қайсидир бузилаётган объектда бўлишдан озод бўлган, пахта йиғим-терим, комиссия баҳона пул йиғишдан қутулган ўқитувчидан бутун халқ, Президент, вазир фидойиликни, жонкуярликни, бунинг ортида эса таълим сифатини оширишни талаб этмоқда.
"Сениям менга ўхшаган ўқитувчи ўқитган-ку!", деб иддао қилди ўша муаллима.
Камина, ўтган асрда туғилганим билан мустақиллик йиллари сиз каби педагоглар қўлида тарбия топиб, ўқиб, илм олганман. Ҳозир мени ўқитган устозларнинг аксарияти орамизда йўқ. Лекин улар мактаб педагогик кенгашидан тортиб, метод бирлашма-ю, туман халқ таълими бўлими, бошқарма даражасидаги раҳбарлар билан талашган-тортишган. Миллат тақдирини ҳал этувчи таълим тизимидаги ҳар битта ислоҳот ёки ўзгаришларга тайёр турган. Шу юрт ва халқ, ушбу Ватан тақдирига ўзини дахлдор ҳис этиб, йўлида тўсиқ бўлганларга қарши курашган.
Айни замон ўқитувчиларга нима бўлди? Шунча қулайлик, имконият яратилса-да, нега уларда на бир таклиф бор, на бир мулоҳаза. Аслида жаҳон давлатлари тарихида кам кузатиладиган, дунё цивилизацияси ривожига ҳисса қўшган юзлаб аллома ва мутафаккир юртдошларимизни тарбиялаб берган ҳам Сиз каби устозлар бўлган-ку! Жамиятнинг ҳар қандай мушкуллари, ҳаётнинг синовига чидаб, халқни ёруғ манзилларга бошлаган ҳам сиз, зиёлилар эмасми?
Балки гапларимда баландпарвозлик, муболаға бордир. Аммо Абдулла Авлонийнинг таъбиридаги миллатнинг ҳаёти, мамоти, нажоти, ҳалокати, саодати ёки фалокати масаласи ҳалиям ўқитувчилар қўлида.
...Бир муниса муаллимани ранжитиб қўйганим учун кечаси билан мижжа қоқмадим. Бир умр ўқитувчилик қилиб ўтган бобом, амакиларим ва устозларимнинг гоҳ жиддий, гоҳ тунд сиймоси кўз олдимда гавдаланаверади. Нега у менинг гапларимни охиригача эшитмади?

Абдуғофур ШЕРХОЛОВ,
("Зарафшон" газетасидан олинди)


Дата добавления: 09/11/2018 15:00;   Просмотров: 1108
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку