Абу Райҳон Беруний «Қадимий халқлардан қолган ёдгорликлар» номли асарида «Меҳржон» сўзини «қуёш» ва «жон севгиси» деган маънолар билан боғлаб талқин қилади.
Бу бежиз эмас, албатта. Чунки энг қадимги даврларда кўпгина ибтидоий халқлар қатори ўрта осиёликлар ҳам қуёшга сиғинишган. Бу ҳақда «тарих отаси» деб танилган юнон олими Геродот (милоддан олдинги 490-425-йилларда яшаган) ўрта осиёликлар «Худолардан фақат қуёшни эъзозлайдилар, унга отларни қурбонлик қиладилар», дейди. (История Узбекистана истичниках Т: Фан. 1984.55-бет). Кўпгина қадимий халқларда қуёшга сиғиниш полисистик (кўп ҳудолик) қарашларнинг муҳим ва таркибий қисмига айланиб кетган. Туркий қавмлардан бир хун 20 (гун)лар орасида ҳам кўп худолик мавжуд бўлиб, улар қуёш худоси билан бирга ой, осмон, ер, юлдузлар тангриларига ҳам сиғинишган. «Хунлар тонг саҳарлаб қуёшга сажда қилишган, тунда ойга сиғинишган, муҳим ишларни ой ва юлдузларга қараб ҳал қилишган, ой тўлганида душманларга ҳужум қилишган, ой тутилганда чекинишган. Кўк тангриси билан ер тангриси ҳаётни яратган, қуёш тангриси билан ой тангриси томонидан ҳукмронлик тахти ато қилинган деб ҳисоблашган» (Маҳмудов К.Туркий қавмлар) тақдири (Фан ва турмуш. - 1990-11-сон-22-23 бетлар). Шунинг учун ҳам улар қуёшни «бобо» («Қуёш бобо») - «бизни яратган илоҳий куч», деб унга сиғинганлар, мадҳиялар ўқиганлар, орзу-умидлари рўёбга чиқиши учун ундан нажот сўраганлар, унинг номи билан онт ичганлар, ўз ишларини бошлаганлар. Қуёш номини кишилар ва муқаддас жойларга қўйганлар. Масалан, қадимий хоразм тилида қуёшни «Хвара» деб атаганлар. Аждодларимиз бу ўлкага «Хворазем» (кейинчалик Хоразм) номи берилган.
Кўплаб байрамлар номига ҳам «хвара» сўзини қўшишиб, уларни «Бобохвара», «Амехвара» деб атаганлар. Тарихий манбаларда қуёшга бағишлаб махсус байрамлар ўтказилгани ҳам қайд қилинади. Чунончи, Беруний Озармоҳ ойининг биринчи куни «одамлар қуёшга сиғинишарди...» деб ёзади. Қиш чиқиши ва баҳор келиши пайтида содир бўлган бу ҳодиса ҳам, қадимда баъзи халқларда сақланиб қолган. Чунончи, шимолда яшайдиган таймирликлар ҳозир ҳам «Қуёш байрами» ўтказадилар. Бу байрам уларнинг энг катта тантанали байрами ҳисобланади.
Тарихий манбаларни таҳлил қилиб, шундай тахминлар қилиш мумкин: биринчидан, баҳорда байрамлар купайиб кетганлиги сабабли, кузги байрамлардан бирининг мавқеи оширилиб, у катта тантанага айлантирилган бўлиши мумкин; иккинчидан, II-III асрларда (сосонийлар сулоласи даврида) байрамлар ўтказилаётган муддатлар ўзгартирилган 21 пайтда қуёш байрамларидан бири кузги кун-тун тенглигига кучирилган бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Албатта, қуёшпарастлик даврларида бундай байрамлар ўзига хос номлар билан аталган бўлиши керак. Бироқ миллоддан олдинги (1-минг йилликлар бошида) бундай кузги байрамлар турли жойларда, масалан, Эронда ва бошқа жойларда «Меҳржон» (ёки «Меҳргон»), кўҳна Хоразмда «Чири-руж», «Сўғдда эса «Ним-сарда» номи билан машҳур бўлган. Бу байрам ҳақида Фирдавсийнинг «Шоҳнома» асарининг изоҳлар қисмида қуйидагилар ёзилган: «Меҳргон эронликларнинг кузги байрами, меҳр ойининг 16-куни, кузги кеча-кундуз тенглигида келади» (Фирдавсий.Шоҳнома.Т., 1975.-721- бетда). «Меҳржон» ўша замонларда энг йирик байрам бўлиши баробарида, у бошқа байрамлар билан ҳам бевосита боғлиқ бўлган. Хусусан, «Наврўз» ва «Меҳржон» зардуштийлар йилномасида бир-бирига файз бериб, икки дурдек чақнаб турган. Шунинг учун бўлса керак, Беруний «Қуёш ва Ой фалакнинг икки кўзи бўлганидек, «Наврўз» ва «Меҳржон»-замоннинг икки кўзидир», дейди.
Маълумки, барча муҳим ҳодисаларнинг яхши ниятлар билан бошланиб, муваффақиятли якунланиши кишиларга байрам кайфиятини бағишлайди. Кишилар табиат уйғониши, далаларда иш бошланиши «Наврўз» («йил боши») сифатида тантана қилганлар. Ўсимликлар дунёсининг ўсишидан тўхтаб, «уйқуга кетиши» ва меҳнат мавсуми якунланишни «Меҳржон» (Йил ярим) деб нишонлаганлар. Бу байрамлар кимлардир томонидан шунчаки ўйлаб топилмаган. Улар коинот, табиат қонуниятлари, Қуёш ва Ер ўртасидаги муносабатлар асосида вужудга келган. Жумладан, «Наврўз» баҳорги кун-тун тенглигини қайд қилса, «Меҳржон» куздаги ўша ҳолатни таъкидлаган, «Меҳржон» байрами, бир томондан, коинот ва ерга жон ато этиб турган 22 қуёшни қадрлашга даъват қилган, иккинчидан барча қиш тагмини ейишга ундаган.
Аждодларимизнинг асосий байрамларидан бири бўлиб келган-«Меҳржон» кейинги минг йил ичида алоҳида байрам сифатида кенг нишонланмай қўйилган бўлсада, у бутунлай йўқолиб кетмади. «Меҳржон» куз ва ҳосил байрамларига бўлиниб кетди. Эндиликда кўпгина байрамлар каби «Меҳржон»ни ҳам тиклаш ғояси ўртага ташлана бошлади.
Мустақилликдан сўнг қадимий «Меҳржон» Ўзбекистонда ҳам ўтказилди. «Меҳржон»Тошкент шаҳри Марказий болалар истироҳат боғида ҳар йили куз фаслида ўтказилмоқда.
Т.ЮСУПОВ тайёрлади
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.