Шамсиддин Ваҳобов 1957 йилнинг 28 июнида туманнинг Олой-Тяншан-Помир тоғ тизмаси этагида жойлашган сўлим Оҳалик қишлоғида оддий деҳқон Абдуваҳоб Зоҳидов оиласида таваллуд топди. У 1964-1974 йилларда ўз қишлоғидаги 18-умумий ўрта таълим мактабида ўқиди. Ҳали 7-синфда таҳсил олаётган чоғида, оиланинг хирилдоқ радиосини тузатиб, ота-онасини ҳайратга солди. Шу сабаб бўлдими, Шамсиддин 1974 йилда Самарқанд шаҳридаги 6-касб-ҳунар билим юртининг радиоусталик бўлимида ўқиб, уни 1976 йилда тугатди ва йўлланма билан Самарканд шаҳрининг “Зангори экран” корхонасида ишлади.
Ўқишга ҳаваси туфайли 1978 йилда С.Айний номидаги Самарқанд Давлат педагогика институтининг физика-техника куллиёти талабаси бўлди. 1982 йилда олийгоҳни битириб, физика ўқитувчиси мутахассиси йўлланмаси билан туман Болалар ва ўсмирлар ижодиёт марказининг техника бўлимида радиотехника ва кино тўгарагининг раҳбари этиб тайинланди. 1986 йилдан техника бўлимининг услубчиси бўлди. Унинг билим савияси, бой тажрибасини инобатга олиб, туман халқ таълими бўлимида синфдан ва мактабдан ташқари ишлар услубчиси вазифасида ишга олишди. Шу даврдан бошлаб Шамсиддин Ваҳобовнинг меҳнат фаолияти таълим-тарбиянинг катта қозонида янада сезиларлироқ қайнади. У эрталаб мактабларнинг тўгарак раҳбарлари билан суҳбатлашаётган бўлса, тушдан кейин маънавият ва маърифат ишлари бўйича директор ўринбосарлари семинарини бошқарар, яна вақт топиб туман ички ишлар бўлими вояга етмаганлар нозирлари билан ҳамкорликда ишлаб, ўсмирларнинг жиноят этиши ва йўл ҳаракати нохуш ҳолатлари олди олинарди. Бунга “Ёш йўл ҳаракати назоратчилари” слёти, “Яшил чироқ”, “Конституция – бахтимиз пойдевори” каби тадбирларни ўтказилиши Шамсиддинни нафақат Самарқанд вилоятида, балки республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ўз ишининг устаси, жонкуяри сифатида танитди.
Юқорида айтганимиздек, Шамсиддин Ваҳобов Самарқанд туман халқ таълими бўлимининг услубчиси бўла туриб, Самарқанд шаҳри, Жомбой, Иштихон, Нарпай туманларининг кўрик-танловларига ҳам қизғанмай, сидқидилдан кўмаклашарди. Республика кўрик-танловларига олиб чиқиб, фахрли ўринларни эгаллашларига эришарди.
“Конституция – бахтимиз пойдевори” республика кўрик-танловида беш марта Самарқанд туманининг 5, 14, 22, 29, 31-мактаблари 1-3 ўринларни эгаллашга эришди.
“Ёш йўл ҳаракати назоратчилари” слётида Самарқанд вилояти 2003 йилда 3-ўринни эгаллаган бўлса, қолган йиллари 1-ўринни, 2004 ва 2015 йилларда эса вилоятимиз олий ўринга сазовор бўлди.
“Президент асарлари билимдони” республика кўрик-танловида 5-мактаб ўқувчиси Мадина Шукурова олий ўринни эгаллади.
Бир сўз билан айтганда, Шамсиддин Ваҳобов ташаббуси ва талабчанлиги ҳамда туман ички ишлар бўлими, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси, “Камолот” ЁИҲ туман Кенгаши, туман Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси туман кенгаши, “Қўрғони калон” хусусий ишлаб чиқариш тижорат фирмаси, туман имом-хатиблиги билан ҳамкорликда самарали ишлар амалга оширилди.
– Барча муваффақиятларга эришишимда Гулжаҳон Чекмарёва, Абдураҳим Мафтун, Юля Крамаренко, Мехед Нараев, Нормурод Каримов, Мирзомаҳмуд Акрамов, Муҳайбин Адашуллоев, Мустафо Усмонов, Санжар Мирсолиҳов, Мусаввара Жумаеваларнинг раҳнамолиги сабаб бўлган,- дейди Ш.Ваҳобов тажрибали ёшлар мураббийи барча янгилиг-у, қувончли воқеаларни “Шарқ тонги” (ҳозирги “Гулобод тонги”) газетаси саҳифаларига ёритиб боради. У синфдан ва мактабдан ташқари ишларнинг ҳақиқий билимдони, доно мутахассиси, ўндан ортиқ “Қувноқ қоида”, “Яшил чироқ сабоқлари”, “Обод маҳалла” каби методик қўлланмалар муаллифи.
Ш.Ваҳобов “Мураббий – 93” кўрик-танловининг ғолиби бўлиб, 1994 йилда “Ўзбекистон Республикаси халқ маорифи аълочиси” бўлди. 1995 йилдан олий тоифали услубчи. Унинг кўп йиллик унумли меҳнат фаолияти ҳисобга олиниб, 2015 йилда Антик дунё Халқаро илмий академияси уни профессорлик дипломи ва кўкрак нишони билан тақдирлади.
Бугунги кунда унинг Республика Халқ таълими ва Ички ишлар вазирликлари, Республика телевидениеси, Абдулла Авлоний номидаги республика ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш марказий институти, вилоят ва туманлардан олган Фахрий ёрлиқ ва дипломларнинг сони 146 та, ўтказилган тадбирларнинг албоми 100 тани ташкил этди.
Бу жонфидо инсон Самарқанд туман “Гулобод тонги” газетасининг жамоатчи мухбири ҳамдир.
Шамсиддин Ваҳобов турмуш ўртоғи Гулнора Қурбонова билан Давлатжон, Далержон, Парвиз ва Жасурбекларни дунёга келтириб, тарбиялаб, кенжатойидан ташқари ҳаммасини уйлантириб, бугунги кунда шириндан-шакар 7 нафар набиранинг буважону бувижонисидирлар.
Мана ҳаш-паш дегунча йиллар ўтиб Шамсиддин Ваҳобов 60 йиллигини нишонлаш арафасида турибди. Биз бу мўътабар дўстимизни чин дилдан самимий муборакбод этиб, унга узоқ умр, янада бахтли ҳаёт кечириб, нуронийлик гаштини суришдан аслдо чарчаманг, деймиз.
М. АКРАМОВ,
туман ХТМФМТ ва ТЭ бўлими мудирининг ўринбосари
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.