Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

МАШАҚҚАТ ВА ШАРАФ ИЛА

Туман ҳокимлиги биносида туман халқ таълими ходимларининг анъанавий Август кенгаши ялпи йиғилиши бўлиб ўтди

Анжуман туман мактаблари қошида ташкил этилган тўгараклар аъзолари томонидан тайёрланган қўргазмалар намойишини томоша қилиш билан бошланди. «Китоб олами» маънавий-маърифий мажмуаси китоблар гулдастаси, «Қўрғони калон» корхонасида ишлаб чиқарилган кўргазмали қуроллар ярмаркаси анжуман иштирокчиларига катта қизиқиш уйғотди.
Туман маданият бўлими санъаткорлари томонидан ташкил этилган назм-наво чиқишларини ўқитувчи – сухандонлар Азиза Зокирова ва Савринисо Нарзуллоевалар олиб борди.
Туман халқ таълими ходимларининг Август кенгаши ишини туман ҳокими Шуҳрат Жамолов табрик сўзи билан бошлаб, анжуман иштирокчиларига соҳа фаолиятига танқидий назар билан ёндошиш лозимлигини айтди.
- Мактаб, таълим-тарбия масаласи давлат ва жамият назоратида бўлиши Қонунимизда белгилаб қўйилган. Халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандимизнинг бугун қандай таълим-тарбия олишига боғлиқ.
Туманда 2018 йил давомида бир қанча мактабларда қўшимча бинолар қуриш ва эски биноларини капитал таъмирлаш, спорт заллари қуриш ишлари олиб борилди. Кўпгина мактабларда намунавий кутубхоналар ташкил этилиб, зарурий адабиётлар, техник воситалар ва шинам мебель жиҳозлари билан таъминланди. Юқорида баён этилган ишлар Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига муносиб тўёна бўлди деб, ўйлайман.
Таълим тизимидаги ислоҳотлар самарадорлиги, аввало, ўқитувчилар ва таълим муассасалари раҳбарларининг билими, маҳорати, ташаббускорлиги, қолаверса, ўз касбига садоқати ва фидойилигига боғлиқ.
Аммо, янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини амалга оширишда айрим таълим муассасалари раҳбарлари томонидан ўз лавозим мажбуриятларини талаб даражасида бажармаслик, ишларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳолатлари ҳам учрайди. Бундан ташқари айрим умумтаълим мактабларида ҳудудий ободонлаштириш, бюджетдан ташқари маблағ топиш масалаларида мавжуд имкониятлардан фойдаланмасдан келинмоқда.
Ҳозирги давр талабига асосан мактаб директори «менеджер» бўлиши кераклиги таъкидланмоқда, директорнинг асосий вазифаси таълим муассасасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, бюджетдан ташқари маблағ топиш, куз-қиш мавсумига сифатли тайёргарлик кўриш, кадрлар билан таъминлаш, мактаб фаолиятини самарали ташкил этишдан иборатдир, - деди туман ҳокими ўз чиқишида.
Туман Халқ таълими бўлими мудири Баҳриддин Мардоновнинг «2017-2018 ўқув йили якунлари ва келгусидаги вазифалар тўғрисида»ги маърузасида ҳам ушбу масалалар фактлар, аниқ мисоллар билан таъкидлаб ўтилди, ҳамда туман умумтаълим мактабларидан фан олимпиадалари ғолиблари, турли кўрик-танловларда иштирок этган мактаб жамоалари эътироф этилди.
- Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, жорий йилда тумандаги сектор раҳбарлари Шуҳрат Жамолов, Хондамир Мардиев, Абдурасул Сулаймонов, Шоҳрух Аслиевлар ташаббуслари, саъй-ҳаракатлари билан умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва таълим-тарбия ишлари самарадорлигини ошириш борасида бир қатор амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, тумандаги 1, 21, 26,32,44,52-сонли мактабларда «Мактаб-маҳалла» кутубхоналари ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари туман ҳокими бошчилигида тумандаги 26,32-сонли мактабларнинг бинолари жорий таъмирланди ва 8, 19-мактабларнинг 3 та филиали бинолари бузилиб, қайтадан қурилди, - деди Б.Мардонов.
Шундан сўнг халқ таълими фахрийлари Мустафоқул Усмонов, Тўрабек Искандарий, Мурод Маҳдий сўзга чиқиб, ҳукуматимиз томонидан таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида фикр билдирдилар.
Тумандаги 10-сон умумтаълим мактаби Ёшлар Иттифоқи ташкилоти етакчиси Парвина Қодирова ҳам сўз олиб, бугунги ўқитувчи обрў-эътибори ва соҳада ёшларнинг ўрни хусусида гапирди.
Анжуманда таълим соҳаси фидойилари, кўрик-танлов, билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ғолибларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.
Йиғилиш сўнгида туман имом-хатиби Баҳодир Шарипов Қуръон тиловат қилди ва шарафли касб эгалари ишларига муваффақият тилади.
Анжуман ёш ўқитувчиларнинг қасамёди ва туман ҳокими томонидан уларга билдирилган ишончли сўзлар билан якун топди.

Озод ҲАМИДЗОДА
Бекзод ҚОДИРОВ олган суратлар


Дата добавления: 31/08/2018 14:27;   Просмотров: 1201
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку