Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 29 декабрь куни қабул қилинган “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам юқори сифатли мактабгача таълимни таъминлаш, болаларни сифатли мактабга тайёрлашни тубдан яхшилаш, болаларни мактабга тайёрлашнинг муқобил шакли бўлган қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этиш, 3-6 ёшдаги мактабгача таълим муассасаларига қамраб олинмаган болаларни уларнинг ота-оналарини методик қўлланмалар билан таъминлаш орқали мактаб таълимига тайёрлашни ташкил этиш каби долзарб масалаларни ўз ичига олган.
Туманимизда айни вақтда 33та мактабгача таълим муассасаси фаолият кўрсатмоқда. 267 нафар педагог кадрлар 3856 нафар болаларни мактабга тайёрлаш ишлари билан машғул. Жумладан МТМ ходимларининг 175 нафари тарбиячи бўлса, 12 нафар руҳшунос болалар руҳий ҳолатини ўрганади ва назорат қилиб боради, 31 нафар мусиқа ва 16 нафар жисмоний тарбия мураббийи эса болаларнинг маънавий ва жисмоний жиҳатдан намунавий шаклланишига масъул этиб белгиланган.
Туманда икки ёшдан етти ёшгача бўлган болалар сони 23108 нафарни ташкил этади. Уларнинг 6874 нафари 5-6 ёшдаги болалар. Агар уларнинг ярми МТМ томонидан қамраб олинган бўлса, қолган қисми ариза асосида қисқа муддатли гуруҳларга жалб этилмоқда.
Мактабгача таълим муассасаларида педагог-тарбиячиларнинг касбий маҳоратларини қай даражада ошираётганлари ва уларнинг ижодий фаолиятини аниқлаш мақсадида кўрик-танловлар, семинарлар ўтказилиб, натижаси таҳлил этилмоқда. Масалан “Йил тарбиячиси” кўрик-танлови 4 босқичда ўтказилиб, уларда деярли барча тарбиячиларнинг иштироки таъминланди. 4 шарт бўйича ўтган танловда 1-ўринни 14-МТМ тарбиячиси Фарзона Ҳамидова эгаллаб, танловнинг вилоят боқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритда ва унда қатнашиб 2-ўринга лойиқ деб топилди.
“Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни” муносабати билан 1 июнда “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, қудратли элнинг фарзандлари соғлом бўлур!” шиори остида ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандлари, имконияти чекланган болалар учун хайрия тадбирлари ташкил этилди. Болалар иштирокида театрлаштирилган тадбирлар, концерт дастурлари, фестиваллар, болалар кўргазмалари, спорт мусобақалари ҳамда оммавий сайр томошалари ўтказилди. “Ер куррасида тинчлик” мавзусида болалар расм кўрик-танлови ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1875-сонли қарори ижросини таъминлаш бўйича тумандаги барча МТМларда инглиз тилини ўрганиш, ўйин тариқасида ўқитишнинг илғор услубларини жорий этиш йўли билан чет тилига бўлган қизиқишни ошириш мақсадида тегишли тўгараклар ташкил этилди.
Туманда ҳар ой мунтазам равишда “Китоб тақдимотлари” тадбирининг ўтказилаётгани ҳам бадиий асарлар ёрдамида болаларнинг тил бойлигини ошириш, руҳий ва эстетик дунёсини ривожлантириш ҳамда улар онгига миллий одоб-ахлоқ меъёрларини сингдириш каби эзгу ишларга хизмат қилмоқда.
Болалар таълим-тарбияси борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигига МТМ ходимларининг малакасини ошириб бориш ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ўтган йилда 18 нафар тарбиячи, 2 нафар мусиқа раҳбари ва 5 нафар мудира малака ошириш курсларида ўз билим ва кўникмаларини оширишга эришдилар. Умуман, педагог ходимларнинг методик ва касбий маҳорати ошаётгани таълим-тарбия жараёнини ҳозирги замон талаблари асосида ташкил этиш, болаларнинг ижодий фикрларини тўғри йўналтириш, таълим-тарбияга қўйилган талаблар бажарилишини таъминлаш билан бирга болаларнинг мактабгача таълимга қамровини ошишига ҳам ўз таъсирини кўрсатади.
Лола БурҲонова, Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими методисти
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.