Бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш аҳволи тегишли комиссия томонидан тумандаги мактабгача таълим муассасаларида кўриб чиқилди ва бу борада қуйидаги камчиликлар борлиги маълум бўлди.
16-мактабгача таълим муассасаси кириш қисмида болалар ёзги айвончасига анча вақтдан буён эътибор берилмагани дарров кўзга ташланади. Бинонинг шифт қисми таъмирталаб, деворлари авария ҳолатида, дераза ойналари синган, пол қисми ачинарли ҳолатда. Кир ювиш хонаси кўздан кечирилганда санитария талабларига мутлақо жавоб бермаслиги аниқланди. ҳожатхонада кундалик дезинфекция ишлари олиб борилмаган. Ошхонада идиш-товоқ ювиш учун ванналар етарли эмас, пичоқ ва тахтачалар маркировка қилинмаган, таомнома ҳамшира томонидан нотўғри тузилган, иккинчи овқатга гўшт солинмаган.
Ташкилотда ёнғинга қарши қалқон бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланмаган, ёнғин хавфсизлиги бурчаги мавжуд эмас. қўлбола электр иситиш воситалари ва маиший газ баллони ёнғин хавфсизлигига зид равишда фойдаланилмоқда. Мавжуд электр симларнинг қаршиликка чидамлилиги синовдан ўтказилмаган, ёғоч конструкцияларга ёнғинга қарши кимёвий суюқлик билан ишлов берилмаган.
Бинода фавқулодда ҳолат учун қутқариш режаси мавжуд эмас. Ёритиш чироқларида махсус ҳимоя плафони ўрнатилмаган.
Тумандаги 33-сонли мактабгача таълим муассасаси ошхонаси текширилганда тарбияланаётган 130 нафар бола учун "СанПин" нормаси бўйича 13 кг гўшт ўрнига 7 кг товуқ гўшти фойдаланилган. Таомнома нотўғри тузилган. Идиш-товоқ ювиш ванналари етарли эмас, ахлат йиғиш учун махсус жой ёки контейнер йўқ.
Муассаса биноси учун қутқариш режаси ишлаб чиқилмаган. Ёнғинга қарши қалқон асбоб-анжомлари билан тўлиқ жиҳозланмаган, электр симлар лаборатория синовидан ўтказилмаган, ёнғинга қарши ҳовуз сув билан тўлдирилмаган, таъмирталаб. Ошхона ва гуруҳ хоналарида ёритгич чироқлар ҳимоя плафонлари билан таъминланмаган. ҳовлидаги трансформаторнинг атрофи хавфсизлик талабларига жавоб бермайди. Боғча ҳудудидан ўтган 0,4 ҳаво электр тармоғидан фуқаролар ўзбошимчалик билан фойдаланишмоқда.
28-мактабгача таълим муассасаси ошхонасида газ плитаси жумраклари носоз, ҳаво сўрғич зонтсиз, ёнғин хавфсизлиги ўрнатилмаган. ҳовуз ўрнига ўрнатилган 4Х5 метрли сунъий сув ҳавзаси чиқиндилардан тозаланмаган. Ички электр тармоғида хавфсизлик талаблари бажарилмаган. Боғча ҳудудидаги симёғоч яроқсиз ҳолатда бўлиб, ёзги айвонча устига қулаш хавфи бор.
Ошхонада кунлик таомнома нотўғри тузилган. Мавжуд 112 нафар бола учун 11,2 кг гўшт ўрнига 4 кг товуқ гўшти қозонга солинган. Ошхона ичимлик суви билан таъминланмаган. ҳаво тозалагич мавжуд эмас. Ҳожатхона ёнида қўл ювиш учун шароит йўқ.
120 нафар бола тарбияланаётган 8-сонли мактабгача таълим муассасасида ошхонадаги талаб этиладиган санитария ҳолати қониқарли бўлсада, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича камчиликлар мавжуд. Жумладан, газ плиталари жумраги носоз, омборхонада вақтинчалик электр симларидан фойдаланилмоқда. Ёнғинга қарши сув ҳавзасининг ёнғин автомашинаси учун мўлжалланган йўлаги тўсиб қўйилган.
22-мактабгача таълим муассасасида ҳам бирламчи ёнғин ўчириш воситалари носоз ҳолатда, омборхона электр таъминоти учун вақтинчалик электр симлардан фойдаланилмоқда. Бино ертўласи хўжалик чиқиндилардан, тез ёнувчи материаллардан тозаланмаган.
Комиссия томонидан тумандаги айрим мактабгача таълим муассасаларида санитария ва ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўрганилди ва барчасида камчиликлар борлиги аниқланиб, уларни бартараф этиш учун тегишли масъул ходимларга талабномалар берилди. Демак тумандаги қолган мактабгача таълим муассасаларида ҳам қайд этилган камчиликларни учратиш мумкин. Шундай экан, қисқа вақтда мавжуд камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш талаб этилади. Комиссия берилган топшириқларнинг бажарилишини ўрганиш учун яна жойларга чиқишни режалаштирган.
Туман ҳокимлиги матбуот хизмати
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.