9 апрель – Соҳибқирон Амир Темур туғилган кун
Ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси Соҳибқирон Амир Темур Тарағай Баҳодир 1336 йилнинг 9 апрелида Шаҳрисабзнинг (Кеш) Хўжа ил-ғор қишлоғида нуфузли беклардан бўлган Амир Муҳаммад Тарағай Баҳодир оиласида таваллуд топган. Соҳибқирон Амир Темурнинг онаси Тегинабегим Моҳ Бухорои Шарифда шариат ишлари бўйича юксак лавозимларни эгаллаган Садри-Шариа Убайдулло Маҳмуднинг қизи бўлган. “Тегин” туркий тилда аслзода ва ботир деган маънони билдиради. Соҳибқироннинг отаси Амир Муҳаммад Тарағай Баҳодир барлос уруғининг оқсоқоли ва ўз даврининг эътиборли амалдори бўлган. Унинг аждодлари Кеш вилоятида ҳокимлик қилишган.
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақидаги манбаларда ёзилишича, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун жаҳонгир турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
А.Темур инсоният тарихидаги буюк шахс бўлгани учун ҳам унинг шахсияти тўғрисида тириклиги ва вафотидан сўнг муаррихлар томонидан тарих саҳифасида турли хил баҳсли фикрлар ёзиб қолдирилган.
“Темур тузуклари”ни инглизчадан француз тилига таржима қилиб, 1787 йилда нашр этган француз олими Лянглэ Темур ҳақида шундай ёзади: “Темурхон (Темур) сиёсий ва ҳарбий тактика ҳақида рисола ёзган ва ўз авлодларига жуда доно тизим қолдирган. Биз буни тасаввур ҳам қилмаган эдик ва унинг урушларини босқинчилик ва талон-тарож қилиш деб баҳолаб келган эдик. Деярли енгиб бўлмайдиган икки тўсиқ — биздаги таассуб ҳамда тарихий ноҳақлик Темурни билишимизга ва тўғри баҳолашимизга халақит бериб келди”.
Собиқ советлар мафкураси ҳукмронлик қилган шароитда Темур фаолиятига нисбатан салбий муносабатда бўлинди, ўша давр адабиётларида ҳар доим қораланиб келинди. Лекин тақиқлашларга қарамай, айрим илмий асарларда Темур ҳақида баъзи тўғри фикрлар ҳам билдирилди. Бу жиҳатдан Ўзбекистонда 1968 йили академик И. М. Мўминовнинг “Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли” рисоласининг нашр этилиши муҳим воқеа бўлди. Рисола Темур шахсига бирёқламали қарашларга қарши ёзилган илмий асар сифатидаги дастлабки уриниш эди. Лекин бу қадам Москвадаги юқори идоралар ва матбуот органлари томонидан қораланди ва асар муаллифи бениҳоя азиятлар чекди.
Амир Темур ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади.
Биринчи давр(1360-1386)да Темур Мовароуннаҳрда муғул хонлигидан мустақил, кучли марказлашган давлат тузиш йўлида курашди.Иккинчи давр (1386-1402)да Темур уч йиллик, беш йиллик, етти йиллик деб аталувчи урушлар олиб борди.
Амир Темур ўзининг 35 йиллик ҳукмронлик даврида Ўрта Осиё, Афғонистон, Эрон, Ироқ, Ҳиндистон, Кавказ орти, Анатолия ва Сурия халқларини ягона империяга бирлаштирди.
Узоқ йиллар давомида мустамлака бўлиб келган Мовароуннаҳр ва Хуросонда кучли давлат барпо этиш билан бирга, ўз даврига хос бўлган турли сабабларга биноан бошқа мамлакатларга юришлар қилди ва Европа мамлакатлари ривожини тезлаштирди. Россияни Олтин Ўрда зулмидан, Европани Туркия тажоввузидан сақлаб қолди. Шарқ мамлакатлари ва айниқса, Европа мамлакатлари билан дипломатик алоқалар ўрнатиб, улар билан турли савдо-сотиқ, маданий алоқаларга янада кенг йўл очиб берди.
Амир Темур илм-фан, маънавият аҳлига эътибор, меҳрибонлик кўрсатиб, улардан жамият маданий ҳаётида фойдаланишга интилар экан, тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, “Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди”.
Ҳа, инсонни муқаддас билган Амир Темур ўз даврида инсон шахсини улуғлади. Ўлими олдидан фарзандларига айтган «Миллатнинг дардларига дармон бўлмоқ вазифангиздир. Заифаларни кўринг, йўқсилларни бойлар зулмига ташламанг» деган муқаддас сўзлари барчамизга айтилгандай жаранглайди.
Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши тарихимизга тўғри муносабатда бўлиш имконини яратди. Амир Темур ва унинг даврини ўрганишга бағишланган қатор манбалар, ки-тоблар, жумладан, Бўрибой Аҳмедовнинг Амир Темур ҳақидаги катта роман-хроникаси нашр этилди. 1996 йил «Амир Темур йили» деб эълон қилиниб, бу сана жаҳон миқёсида нишонланди.
Амир Темур жаҳон пештоқидаги машҳур тарихий шахс. У ўзбек халқининг фахри ва ғурури. Республикамизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов сўзлари билан айтганда, «Кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак».
СОҲИБҚИРОН ЎГИТЛАРИ
Яхшиларга яхшилик қилдим, ёмонларни эса ўз ёмонликларига топширдим. Ким менга дўстлик қилган бўлса, дўстлиги қадрини унутмадим ва унга мурувват, эҳсон, иззату икром кўрсатдим.
Менда бирон кимсанинг ҳақи бўлса, ҳақини ҳеч вақт унутмадим. Бирон кимса билан танишган бўлсам уни ҳеч вақт назаримдан қолдирмадим.
Ҳар мамлакатда адолат эшигини очдим, зулму ситам йўлини тўсдим.
Бир кунлик адолат – юз кунлик тоат-ибодатдан афзал.
Бир таёқни синдирмоқ мумкин,
Кўп таёқни букиб ҳам бўлмас.
Х.НУР тайёрлади
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.