Кейинги йилларда солиқ қонунчилиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимизда тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга, ишбилармонлик муҳитини яхшилашга, айниқса, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қуллаб-қувватлашга йўналтирилган.
Ана шу мақсадда солиқ имтиёзлари бериш ва солиқ маъмурчилигининг самарадорлигини ошириш тенденцияси 2017 йилда ҳам сақлаб қолинди. Бугунги кунда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан машғул қилиш ва уларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасида ҳам солиқ кодексига биноан бир қатор имтиёзлар киритилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 374-I моддасига асосан якка тартибдаги тадбиркорнинг касб-ҳунар коллежи битирувчиси бўлган ходими учун қатъий белгиланган солиқни тўлашдан ушбу ходим коллежни тамомлаганидан эътиборан ўн икки ой мобайнида озод этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, Солиқ кодексининг 375-моддаси асосида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари коллежни тамомлагандан кейин ўн икки ой ичида якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган тақдирда, якка тартибдаги тадбиркор сифатида ушбу санадан эътиборан қатъий белгиланган солиқни тўлашдан олти ой муддатга озод этилади. Якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтилган пайтдан бошлаб ўн икки ой ичида фаолияти тугатилган ёки фаолият уч ва ундан кўп ойга тўхтатилган тақдирда, қатъий белгиланган солиқ фаолият амалга оширилган бутун давр учун тўланиши назарда тутилган.
Туман бўйича касб-ҳунар коллежи битирувчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган ёшлар кўпчиликни ташкил қилиб, улар бугунги кунда солиқ кодекси талаблари асосида берилган имтиёзлардан тўлақонли фойдаланган ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлик бўйича расмий рўйхатдан ўтиб фаолият юритаётирлар.
Жорий йилнинг 1 июль ҳолатига туман бўйича 89 та коллеж биттирувчиси якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб фаолиятини юритмоқда ва уларга 178.0 млн. сўмлик солиқ имтиёзлари берилган.
Д.ЗАЙНИЕВ,
С.НАРЗИҚУЛОВ,
туман ДСИ ходимлари.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.