Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КИТОБ ЎҚИНГ, ОЛАМНИ АНГЛАНГ

Ўтмишда ота-боболаримиз олий маълумотли ёки дипломли мутахассис бўлмаган бўлсаларда, Шарқ донишмандлиги тимсоли сифатида оила аъзоларини, айниқса фарзандларини билимдон, ҳунарли, яхши хулқ-одоб ва маданият соҳиби бўлиб вояга ётишлари учун астойдил қайғурган, заҳмат чеккан. Қимматбаҳо кийим-кечаклар, кўнгилочар нарсалар ўрнига, мумтоз адабиётимиз, халқ оғзаки ижодиёти дурдоналаридан хабардор бўлишларига алоҳида эътибор қаратишган. Вақти-вақти билан турли байрам ва сайллар (кейинчалик, кино, театр, кутубхона ва концерт) га олиб боришган.

Бугунги 60-70 ёшли кексалар ўз бобо-бувиларидан жуда кўп эртак, ҳикмат, достон, ривоят, мақол, алла, топишмоқ, ғазал, қўшиқ ва эсдаликлар эшитганликларини, ҳали-ҳамон эсдан чиқармаганликларини алоҳида меҳр ва эҳтиром билан тилга олишади. Бугунчи? Бугунги навқирон ота-она ўз зурриёдига озиқ-овқат, либос, пойафзал, уяли телефон, дарсликдан ташқари нима бермоқда? 3-5 яшар ўғил-қиз болалар қанча шеър билади, қайси ҳикоя ва эртаклардан воқиф? Бу гапим айрим кишиларга балким ёқмас. Аммо жуда кўп хонадонларда шундай хунук ҳолат, нохуш муҳит ҳукмронлиги айни ҳақиқат! Бу борада далил-мисоллар ҳам етарли. Лекин замон ўзгарди, жамият янгиланмоқда, одамлар тафаккурида, руҳиятида эврилиш, уйғониш авж олган. Китобга, маърифатга, ўзликка, бобомерос анъана ва қадриятларга қайтиш пайти келди. Бу жараёнда аввало, нуронийларимиз, ҳурматли отахон-онахонларимиз амалий ишлари билан ўзларини намоён этишлари лозим. Шукроналар бўлсинки, эзгу интилишлар, қувончли натижалар, таҳсинга сазовор ташаббуслар йўқ эмас. Оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлиги устувор ва самарали тизим даражасига етмоқда. Бу тизимнинг мукаммал ишлаши давлат ва жамоат ташкилотларининг қўллаб-қувватлашларига ҳам боғлиқ. Китобга меҳр, мутолаага иштиёқ, маърифатга ташналик, оламни англашга рағбат катта-кичик юртдошларимиз маънавиятига янгича руҳ, маъно ва зийнат бағишламоқда. Бу масала аллақачон давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Ўтган ҳафта 15 май куни тумандаги Обод турмуш маҳалласида жойлашган 52-умумтаълим мактабида туман ҳокими, 1-сектор раҳбари Ш. Жамолов ва мутасадди ташкилотлар иштирокида «Китоб орқали дунёни кашф этамиз» мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Байрамона руҳда ўтган тадбир иштирокчиларини ҳоким самимий табриклади.
- Китоб-беминнат устоз. Китоб инсониятнинг энг бой билим хазинаси, сандиғидир, - деди нотиқ. Қайси ёшда бўлмайлик, ҳар биримиз ўзимизнинг биринчи ўқиган китобимизда ёзилган эзгу фикрларни эслаймиз. Инсон ҳаётида китобнинг ўрни беқиёсдир. Китоб-тўғри фикрлашга, ҳалол яшашга, ватанни севишга ўргатади. Болаларнинг маънавият, она тили, халқлар дўстлиги, китоб, мутолаа, билимни улуғловчи бадиий-кўргазмали чиқишидан сўнг мактаб-маҳалла кутубхонасининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда ота-оналар, маҳалла фаоллари, 1-сектор ҳудудидаги барча мактаб директорлари қатнашди. Кутубхона том маънода илм-маърифат кошонаси сифатида фойдаланишга топширилди. Унда мингдан зиёд бадиий, илмий, сиёсий адабиётлар харид қилиниб дид билан жойлаштирилган. Ота-оналар, ҳомийлар, маҳалла фаоллари бу борада ибрат кўрсатишаяпти. Мебель жиҳозлари сектор раҳбари томонидан олиб берилди.
Шу куни туман прокурори, 2-сектор раҳбари Х.Мардиев томонидан ҳам худди шундай тадбир 44-мактабда юқори савияда уюштирилди. Бу ташаббус туман бўйлаб кенг ёйиладиган бўлди. Ҳоким таклифи билан туман халқ таълими бўлими раҳбарлигида «Энг фаол китобхон ўкувчи» ва «Энг фаол китобхон мактаб» танловлари ўтказилиб, ғолиблари анъанавий август Кенгаши ҳамда Мустақиллик кунида муносиб рағбатлантирилиши, шунингдек, 10-мактабда электрон кутубхона ташкил этиш чора-тадбирлари маъқулланди. Самарқанд «Китоб олами» мажмуаси директори, шоир Х.Нуруллаев байрам иштирокчиларининг эзгу сайъ-ҳаракатларини олқишлаб, ҳоким ва сектор раҳбарларига вилоятда биринчи бўлиб бундай ташаббусни илгари сурганликлари учун ўз миннатдорлигини билдирди.

Н.КАРИМОВ


Последнее редактирование: 25/05/2018 15:32;   Просмотров: 1412
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку