Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

КИТОБ ЎҚИГАН ОДАМ

Одамларнинг, айниқса ёшларнинг ҳаётда тўғри йўл танлашларида фикри теран, дунёқараши кенг, қалби тоза инсонларнинг ҳиссаси катта. Бундай инсонлар ҳар бир маҳаллада, ҳар бир илм масканида ёки меҳнат жамоасида топилади. Улар эзгулик улашишни инсонийлик бурчи деб биладилар.

Хўш, УСТОЗ мақомига эришиб, эл ичра обрў-эътибор қозонган кишининг бошқаларга йўл-йўриқ кўрсатиб, қимматли маслаҳатлар беришининг сабаби нимада? Уларнинг жамиятдаги ўрни , одамлар ўртасидаги обрўси, ўз фикр-мулоҳазалари билан ўзгалар қалбига йўл топишларининг боиси кўп КИТОБ ЎҚИГАНликларидан, десак, асло муболаға бўлмайди.
Болалик йилларимиз. Саксон ёшларни қоралаган Саъдулла тоғамизнинг қалин муқовали китоб ўқиб турганларининг кўп гувоҳи бўлганмиз. Бирор даврага кирсалар, ҳозиргина баҳс мунозарага сабаб бўлиб турган савол тоғамнинг жўяли, ўринли жавоблари билан барҳам топарди. «Саъдулла бобо, ҳақ гапни айтдилар… Кўпни кўрган-да, ҳамма нарсани биладилар…», – дейишса, ич-ичимиздан севинардик. Ёшимиз улғайгач, билдикки, тоғам – Саъдулла Абдуллаев филолог бўлганлар. Туман газетасида бош муҳаррир, кейинчалик туман раҳбари бўлиб ишлаганлар. Автокорхонада раҳбарлик қилиб пенсияга чиққанлар. Қизиғи, у кишини яқиндан билганлар «Қўлларидан китоб тушмасди. Ишни эплолмаган ходимларни койиганда: «Ҳе, ўқимаган!..» деб қўярдилар, дейишади.
Бадиий асарга қизиқиш касб-кор ёки ёш танламайди. Олий маълумотли одамларга эътибор беринг, дейлик, ўқитувчи, шифокор, муҳандис, санъаткор… Лекин уларнинг орасида бошқа ҳамкасбларидан ўзининг тафаккури, фикри теранлиги билан ажралиб турадиганлар бор. Дипломни қўлга олиб ўз касбида ишлаб, тажриба орттирган, мутахассислиги орқасидан обрў-эътибор қозонган икки кишига назар ташланг, бири иккинчисидан фарқ қилади. Муомаласи, фикрлари билан одамларни ўзига жалб этгани – бу кўп КИТОБ ЎҚИГАН одам.
Аҳмад акам оиламизнинг тўнғичи. Узоқ йиллар ички ишлар соҳасида хизмат қилдилар. Китоб мутолааси жони-диллари. Шоирлар, адиблар ва адабиётшунослар ҳақида ёки бугунги адабий жараён хусусида унча-мунча филолог–олим билан бемалол баҳслаша оладилар.
– Адабиёт муаллимлари дарсликдаги уч-тўртта ижодкордан бошқани билмайди. Ўқитувчининг ўқимаслиги ўқувчига салбий таъсир этади. Ёшлар КИТОБ ЎҚИГАН одамга эргашади-ку, ахир, – дейдилар.
Қишлоғимизда пахса деворнинг устаси бўлган Туроб бобо Рашидов бор эди. Ўзи оддий уста бўлса-да, мазмундор гурунглари билан бир уй одамни оғзига қаратарди. У кишини яқиндан танимаганлар «Ёшлигида адабиёт муаллими бўлганмикин?» деган хаёлга ҳам борарди.
Ўзбек халқ достони воқеалари қишлоғимиз тоғ ён бағрида бўлиб ўтган. Анча йиллар олдин «Янги аср авлоди» нашриётида «Ёзи билан Зебо» достонини қайта нашр эттирдик. Бу китоб чоп этилганидан биринчилардан бўлиб қувонган ҳам уста Туроб бўлди.
«Болаларим, ўқинглар, бизлар ўқиёлмадик. Ҳозир ўқишларинг, кўзлаган мақсадларингга эришиш учун ҳамма имконият бор. Ким бўлишларингдан қатъи назар, КИТОБ ЎҚИГАН ютади, ҳа, вақтни беҳуда ўтказманглар»–дерди ёшларга насиҳат қилиб
Ўқувчилик даримизда мактабимиз залининг бурчагидаги каттакон хона кутубхона учун ажратилган эди. Жавонлардаги китоб-ларнинг салобати ўқувчиларни ҳайратлантирарди. Мудира басавлат аёл Ойимжон опа Қурбонова ҳар тонг даста-даста газета ва журналларни қўлларига кўтарганча йўлакни тўлдириб юрарди. Кутубхона биз учун сирли макон эди. Эшик очилиши билан ёш китобхонлар сирли маконга интиларди.
Мутолаага меҳри баланд бўлган ўқувчилар ёши катта бўлганда ҳам, турли касбда фаолият юритишидан қатъи назар, бир умр китобларга ошно бўлишди. Зеро, мазмунан бой, қизиқарли, тарбиявий аҳамиятга эга бўлган бадиий юксак асарларнинг оҳанрабоси бор.
Тиббиёт фанлари доктори, профессор Жуманазар Бекназарнинг номи адабиёт мухлисларига ҳам яхши таниш. Тиббиётга оид 250 дан ортиқ илмий мақолалар, 50 га яқин илмий ихтиролар ҳамда рационализаторлик таклифлари муаллифи бўлган Жуманазар Бекназарнинг «Болангиз нега безовта?», «Тош балоси», «Она ва бола таянчи», «Қамай достони», «Ёниқ юрагим», «Меҳр қуёши», «Изтироблар комидан», «Манзилдан кейинги йўл», «Йиллар силсиласи» номли китоблари чоп этилган.
Биринчи синфда яхши ўзлаштиролмаганим учун икки марта ўқиганман, – дейди у киши ўқувчилик йиллари ҳақида сўз юритганда. – 2-синфга ўтолмаганимнинг аламиданми, диққат-эътиборим китобда эди. Бир куни Алифбо китобини варақлаётган пайтимда миямда қандайдир ғалати, чириллаган товуш пайдо бўлди-да, бош томондан бошланиб, орқа томон – энсадан чиқиб кетди. Шу заҳотиёқ Алифбони шариллатиб ўқий бошладим. Кейин, газеталарни ўқишга тушдим. 6-синфда ўқиётганимда китобларга, адабиётга бўлган иштиёқим янада ошди. Бунинг сабаби, отамнинг бир китобни яшириб ўқиётгаларини билдим. Ишдан келардилар-да, китоб ўқиб, яна яшириб қўярдилар. Секин, пойлаб туриб, китобни қаерда яширишларини билиб олдим. Китобни топдим. Ўқишга тушдим. Бу китоб атоқли адиб Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романи эди. Романнинг асл моҳиятига унча тушунмаган, сўзларни кўпам англолмаган бўлишим мумкин. Аммо, гап нима ҳақда кетаётганини, асар қаҳрамонларининг руҳий изтироблари, роман воқеалари кўнглимга чуқур ўрнашиб қолди. Ва, ўша пайтдан бошлаб мен китобга, адабиётга беқиёс даражада меҳр қўйдим…
«Китобларни ўқишни асло канда қилма. Чунки қанчалик билимли бўлсанг, ҳаётда эгаллаган ўрнинг ҳам ўшанчалик мустаҳкам бўлади…» дердилар отам. Инсоннинг маърифатли, маънавиятли, маданиятли бўлишида китобнинг роли бениҳоя катта. Бундай инсонлардан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Зиёли одам ўзининг билимини, тажрибасини, амалий кўникмаларини бошқаларга ҳам ўргатишга ҳаракат қилиб, ўша ўрганган инсоннинг ўзидан бирон нарсани ўзлаштирганини кўрган пайтда, унинг қувончи ичига сиғмай кетади. Мана шу шодлик, қувонч ҳислари фақат адабиётдан баҳраманд бўлган одамларда пайдо бўлиши мумкин…
Президентимиз Шавкат Мирзиёев китоб ва китобхонлик, маънавият хусусида қайта ва қайта таъкидлаяптилар. Бу эса юртдошларимиз қалбига ғурур бағишлаб, одамларни китобга бўлган иштиёқини ошираяпти.
Қайси оилада китобхонликка эътибор қаратилган бўлса, ўша хонадонда камол топаётган фарзандлар СЎЗни, илмни қадрлайдилар. Комил инсон бўлишга интиладилар.
Қанчадан-қанча зиёлиларни, оддий касб эгаларини, мансаб пиллапояларидаги ўзимиз таниган одамларни яхши биламиз. Уларнинг орасида танлаб, саралаб КИТОБ ЎҚИГАН ОДАМ ажралиб туриши бор гап. Нурли чеҳралари, хушмуомалали, одамларга фақат ва фақат яхшиликлар истовчи, эл-юрт корига ярайдиган, маънавияти юксак ОДАМ билингки, у албатта, КИТОБ ЎҚИГАН!

Абдулла АЙИЗОВ
(«Ҳуррият» газетасидан олинди)


Дата добавления: 12/05/2017 15:21;   Просмотров: 1643
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку