Биринчи Президентимиз И.Каримов “Фарзандларимиз биздан кўра кучли, доно, билимдон ва албатта бахтли бўлишлари керак” деб, ҳаммага, жумладан ота-оналарга васият қилиб кетганлар.
Бугунги интеллектуал рақобат асрида ота-оналар олдида, биринчи навбатда, ўзидан кейинги наслни ақллироқ, тадбиркорроқ, соғломроқ ва гўзалроқ қилиб етиштириш вазифаси турипди.
Ёшларни тарбиялашнинг ҳаётда ўзини тўғрилигини исботлаган усули шуки, ёшларни китоб ўқиши учун ота-оналарнинг ўзлари китоб ўқиб, болаларига ибрат кўрсатишлари лозим.
Агар китоб ёки газетани ўқувчи ёшлар баланд овозда ўқиса, уни ўқиётган сўзларини тўғри талаффузини ота-онаси, акаси ёки опаси томонидан назорат қилиб борилса, сўзларни ўқишдаги камчилиги баратараф бўлиб нутқ маданияти яхшиланиб боради.
Китоб ўқиш ва илм олишнинг аҳамияти ва фазилати тўғрисида Муҳаммад Пайғамбаримиз (С.А.В) ҳадислари:
Бир соат илм ўрганиш кечаси билан намоз ўқиб чиққандан афзалдир. Бир кун илм ўрганиш уч ой рўза тутишдан яхшироқдир.
Олим бўл (илм берувчи бўл) ёки илм ўрганувчи бўл, ёки тингловчи бўл, ёки илмга ва илм аҳлига муҳаббатли бўл.
Илму ҳунарни Хитойдан бўлса ҳам бориб ўрганинглар.
Китоб ҳақида улуғларнинг фикрлари:
Китоб ҳаётни ўргатувчи мураббийдир.
Амир ТЕМУР
Китоб ўқиган ўқувчидан фақат яхшилик кутиш мумкин.
Шавкат МРЗИЁЕВ
Ҳурматли ота-оналар!
Фарзандим илмли, одобли, аниқ бир касб-ҳунарга эга бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб, оиласига, жамиятга хизмат қиладиган, орзу-ҳавасларингизни рўёбга чиқарадиган инсон бўлсин десангиз, ҳаётда ҳар хил кераксиз, ортиқча ҳою-ҳавасларга берилиб кетмасдан, уларнинг эҳтиёжи учун энг зарурий бадиий, илмий, танлаган касбига оид китоблар, дарсликлар олиб беришга эринманг. Албатта, олиб бериб, уларни қувонтиринг, қўллаб-қувватлаб, шу китобларни бирга ўқинг ёки ўқишини албатта назорат қилиб боринг. Ҳозирги қайноқ илм-фан, техника-технологиялар ривожланган замонда оила аъзоларини ҳаммасини сиёсий-ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, маънавий-маърифий, диний билимларга ва тушунчаларга эга бўлиш, яъни замонга мос фуқаролар бўлишлари учун: оилада китоб жавонлари, стол стуллар (айниқса, ўқувчи-ёшлар учун жуда зарур), адабий, илмий, касбий, диний китоблар, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, газаталардан “Халқ сўзи”, “Маҳалла”, “Зарафшон”, “Самарқанд”, “Овози Самарқанд”, туман газеталари, жумладан “Гулобод тонги”, журналлар “Шифо- инфо”, “Даракчи”, ёшлар учун газета-журналларга обуна бўлиш давр талабидир. Чунки “Халқ сўзи” газетасида Президент фармонлари, ҳукумат қарорлари, Олий Мажлис Сенати ва қонунчилик палатасида қабул қилинган қонунлар ва энг керакли мақолалар турли рукнда бериб борилади. Оилада иложи бўлса, ҳар куни 1-2 соат китоб, газета-журналларни ўқиш, мутолаа қилиш оила аъзоларини умумий билимини ошириш, айниқса ёш ўқувчиларни китоб, газета ўқишга одатлантириш учун самарали ишни ташкил қилиш ҳисобланади.
Ўқувчи-ёшларни туғилган кунларида уларга совға сифатида, уларни қизиқишига, хоҳишига мос китоблар, газета ёки журналларга обуна қилиб қўйиш, ибратли, ҳавас қилишга арзийдиган иш бўлур эди. Янги бунёд бўлаётган оила учун, қудалар маслаҳатлашиб, ҳадя қилинаётган оддий стенка-мебелларга қўшиб, китоб жавони, стол-стуллар, келин куёвни соғлиги-саломатлиги, оила мустаҳкамлигига маслаҳат берувчи зарурий адабиётлар, жумладан, “Шифо-инфо” газетасига обунани ташкил қилиб, туҳфа қилинса, давримизга мос, муносиб оила бўлишга зарурий имкониятлар яратган бўламиз.
Ҳурматли ота-оналар! Яна Сизларга ватандош сифатида дўстона маслаҳатим шуки, “Китоб ҳаётни ўргатувчи мураббийдир” деган ўгитга биноан, китоб, газеталар, журналларни харид қилиш учун пул сарфлашга эринманг, дадил бўлинг.
Харажат қилган маблағ-пулларингиз Сизларга бир неча баробар фойда, обрўй келтиришини, фарзандларингиз Сизлардан рози бўлганини, миннатдорчилиги, меҳр-оқибати, ғамхўрлиги, жамиятда ота-она сифатида шарафли бурчни бажарганлик учун, обрўй-эътиборга эга бўласиз. Бахтли-саодатли турмушни фарзандларингизга инъом қиласиз. Пайғамбаримиз Муҳаммад (С.А.В.)нинг юқоридаги ҳадислари бўйича фарзандларингиз олдидаги мўмин-мусулмон ота-она сифатида бурчларингизни бажарганингиз эвазига бу дунё ва охиратда катта савоб ишингиз учун ажр-савоблар, икки дунё бахт-саодатга - мукофотга эга бўласиз.
Зокиржон ҚОСИМОВ, доцент
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.