Жорий йилда 4 минг 94 нафар абитуриент олий таълим муассасаларининг бакалавриат йўналишларига қабул учун ўтказилган тест синовлари натижаларидан норози бўлиб Давлат тест марказига апелляция шикояти билан мурожаат қилган.
Бу Миллий матбуот марказида "2018-2019 ўқув йилида Олий ҳарбий, Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул учун ўтказилган тест синовлари якуни ва белгиланган истиқболли режалар" мавзусида бўлиб ўтган анжуманда қайд этилди.
Таъкидланишича, апелляция шикоятини кўриб чиқиш жараёни 24 августдан 20 сентябрга қадар давом этган. Аризачилардан 2 минг 963 нафари бу жараёнда қатнашган, 1131 нафари эса келмаган. 525 нафар абитуриент ўзларининг тест топшириқлари китоби, жавоблар варақасининг нусхаси ва хато жавоблар рўйхати билан танишиб чиққач, эътирози йўқлигини қайд этган.
Аризачилар билан бўлган суҳбатда "эътирози қайта кўриб чиқилсин", деб белгиланган 61 нафар абитуриентнинг апелляция шикоятлари фанлар бўйича экспертлар гуруҳи томонидан муҳокама қилиниб, 9 нафарининг эътирози асоссиз, 52 нафариники эса асосли деб топилган.
Олий таълим муассасалари қабул комиссиялари томонидан маълумотлар нотўғри талқин этилиши, абитуриентларнинг эътиборсизлиги ва техник хатолар туфайли 44 нафарининг тест синови натижалари қайта кўриб чиқилди. Апелляция ҳақидаги барча ҳужжат ва маълумотлар республикамиздаги таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясига тақдим этилган.
- Бугунги кунда тест синовларини ўтказиш шакли ва усулларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиляпти, - дейди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Севар Зупарходжаева - Бунинг учун абитуриент ва уларнинг ота-оналарига қулай шароит яратиш мқсадида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда қайд этилмай қолган талабларни инобатга олиб, таклифлар тайёрланмоқда. Масалан, тест синови куни маълум сабаблар билан иштирок эта олмаганларга қайта имкон берилиши мумкин. Бундан ташқари, бир вақтнинг ўзига учта олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш имкониятини беришга оид таклифлар илгари сурилияпти. Яъни абитуриент ўзи танлаган йўналиш бўйича ҳужжат топширганда бир нечта университет номини кўрсатиб, қай бирига бали етса, ўша ерда ўқиши мумкин бўлади. Бу таклифлар ҳали тасдиқланмади, аммо кейинги йилда абитуриентлар учун қатор имтиёзлар яратилиши кутилмоқда.
Хуршиджон ИБОДУЛЛО ўғли
("Жамият" газетасидан олинди)
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.