Барчага маълумки 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларининг 39 тасида 10-синфлар очилди. Уларда бугунги кунда 1140 нафар ўғил - қиз таълим - тарбия олиш билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 24 октябрдаги 868-сонли қарори билан ташкил этилган ўқув-ишлаб чиқариш мажмуаларида ўзлари қизиққан касбга 11 та йўналишда фаол қатнашмоқдалар. Бугунги кунда туманнинг 9 та ҳудудида ана шундай ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган бўлиб, уларда 2 тадан 4 тагача ўқувчиларнинг хоҳиш-истагига қараб йўналишлар фаолият юритмоқда.
Касбий таълим беришнинг мақсади ўқувчиларга махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган ҳунарларни ўргатишдан, шу бўйича ижодий фикрлайдиган, ташкилотчилик ҳамда тадбиркорлик кўникмаларига эга бўлган шахсни тарбиялашдан ҳамда ўқувчиларнинг қизиқиш ва қобилиятларидан келиб чиқиб, бирор бир касбни танлашда уларга кўмаклашишдан иборат.
Ушбу таълимнинг, асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ўқувчилар томонидан касб-ҳунар кўникмаларининг ўзлаштирилишини таъминлаш;
- касбий таълим бериш жараёнида "уста-шогирд" анъаналари, маҳаллий ва хорижий илғор тажрибани ўрганган ҳолда энг мақбул усуллардан фойдаланиш ҳамда касбларнинг малака талабларини ва таълим бериш жараёнининг методик таъминотини такомиллаштириб бориш;
- касбий таълим бериш жараёнига инновацион педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларни кенг жорий этиш орқали касбий таълим бериш сифатини таъминлаш;
- ўқувчиларда мустақил ижодий фикрлаган ҳолда меҳнат жараёнини ташкил этиш кўникмаларини шакллантириш орқали уларнинг меҳнат фаолияти билан фаол шуғулланиш имконини берувчи касб эгаси бўлишларини таъминлаш;
- меҳнат бозори учун махсус ва чуқурлаштирилган тайёргарлик талаб этилмайдиган касблар бўйича рақобатбардош кадрлар тайёрлашни таъминлашдан иборат.
Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ўргатиладиган касблар бўйича малака талаблари, машғулотлар режалари ва дастурлар билан таъминланган бўлиб, методик иш тажрибасига эга бўлган малакали педагог кадрлар ва ишлаб-чиқариш таълими билан билим бермоқдилар. Ўқувчиларни ташкилий равишда мажмуага олиб бориш ва олиб келиш вазифаси мактаб директорининг буйруғи билан синф раҳбарларига юклатилган. Улар ҳафтанинг белгиланган куни мажмуада бўлиб ўқувчилар давомати ва машғулотларни қай даражада ўзлаштираётганлари билан қизиқадилар. Бундан ташқари битирувчиларга умумий ўрта таълим муассасаларини тугатганлик тўғрисидаги шаҳодатнома билан бирга мажмуада ўргатилган касблар бўйича диплом ҳам берилади.
Ўқув-ишлаб чиқариш мажмуалари ташкил этилган таълим муассасалари раҳбарлари машғулот хоналарини Низом талаблари асосида жиҳозлашган ва барча меъёрий ҳужжатлар номенклатура асосида юритилишини йўлга қўйишган.
Т.МУЙИНОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.