Ҳар бир ота-она фарзанди иқболи учун елиб-югуради. Улар учун жигарбандининг камолини кўришдан ортиқ бахт йўқ. Бугун юртимизда ёшлар учун нимаики қилинаётган, қандай имконият яратилган бўлса, бу Ватанимизнинг ўз дилбандларига бўлган меҳру-муҳаббатининг амалдаги ифодасидир.
Айни дамда туманда 80.531 нафардан зиёд вояга етмаган ёшлар истиқомат қилаётган бўлса, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида турли-туман кўрик-танловлар ўтказиляпти. Бу билан янгидан-янги истеъдодлар кашф қилинмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги, “Ёшларга оид давлат сиёсати” тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари ижросини таъминлаш мақсадида қатор ибратли ишлар амалга оширилди. Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига туман ИИБ ВЕУН ва ҲП ҳисобида турган вояга етмаганлар 30 нафарни ташкил этади. Ўтган уч ой давомида 78 нафар вояга етмаганлар нозирликка олиб келинган бўлиб, шундан 4 нафари мажбурий таълимдан бош тортганлиги учун, 15 нафари вилоят ИИБ ХООБга бевосита бўйсунувчи вояга етмаганларга ижтимоий ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштириш ва 8 нафари бошқа сабабларга кўра келтирилган.
Туман ҳокимлиги ва туман ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда мактаб ва касб-ҳунар коллежларида давомот тадбирлари ўтказилди. Мажбурий касб-ҳунар таълими олишига тўсқинлик қилиб, дарсга юбормаган 4 нафар ота-оналарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖТКнинг 47-моддаси 1-қисми билан ҳужжатлар тўпланиб, туман ҳокимлиги қошидаги вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга ва ЖИБ туман судига қонуний чора кўриш учун юборилди.
Сиёсий партиялар, ўзини ўзи бошқариш органлари, “Камолот” ЁИҲ туман бўлими билан ҳамкорликда “Сиз қонунни биласизми?”, “Тафаккур синовлари”, Конституциянинг 24 йиллиги муносабати билан барча ҳудудларда “Ҳуқуқий саводхонлик ойлиги” беллашувлари, онлайн танловлари ўтказилиб, уларда ёшларнинг фаоллиги таъминланди, ғолиблар эса ўз вақтида рағбатлантириб борилди. Юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, қатъий ҳаётий пазиция, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган ватанпарвар ёшларни тарбиялаш, уларда турли мафкуравий таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш йўналишида ўтказилган тадбирларда ёшлар катта қизиқиш билан қатнашди. Республиканинг барча ҳудудларида “Биз буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида ўтказилган фестивалда барча бирдек қатнашди.
Вояга етмаган ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ўқиш, касб-ҳунар ўрганишга кўпроқ жалб этиш йўналишида бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Битирувчиларни касбга йўналтириш, бандликни таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга қаратилган “Таълим ва мутахассислик”, “Ватаним тараққиётига менинг ҳиссам!” кўргазмалари, “Ёш тадбиркор - юртга мададкор” лойиҳаси, “Менинг бизнес ғоям” танловини ўтказиш анъанага айланиб улгурди.
Мухтасар қилиб айтганда, вояга етмаганлар ва ёшларнинг маънавий-ахлоқий, ҳуқуқий-эстетик ҳамда жисмоний шакллантириш учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Бундан ташқари, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган вояга етмаганлар ва ёшларга ёрдам кўрсатилиб, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган ёки ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтиб келганларнинг ижтимоий-педагогик реабилитация қилиниши ва мослашувига кўмак берилмоқда.
Р.РАЖАБОВ, туман ҳокимининг ёшлар сиёсати,
ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.