Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимида 33 та давлат мактабгача таълим муассасалари мавжуд бўлиб, уларда қишлоқ меҳнаткашларининг тўрт минг нафарга яқин болажонлари жалб этилган. Барча МТМларда таълим-тарбия ишлари “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида Низом” талаблари асосида ташкил этилган.
–Мактабгача ёшдаги болани ҳар томонлама комил инсон қилиб тарбиялашда тарбиячи пухта билимга эга бўлиши лозим,-дейди 18-мактабгача таълим муассасаси раҳбари Манзила Салимова. –Бунга қатъий амал қилаётган боғчамиз жамоаси ҳар бир болага пухта билим бераётирлар, уларни давр руҳида тарбиялаяптилар.
Ҳақиқатан ҳам мазкур боғчага қатнаётган 125 нафар болажонларнинг ҳаммаси соғлом, тарбиячилар ардоғида яйраб ўсмоқдалар. 7 нафар тарбиячи “Таълим тўғрисида”ги Қонун асосида иш юритиб, улкан натижалар соҳиби бўлмоқдалар. Илғор иш услуби асосида ташкил этилаётган машғулотлар болаларнинг ўзлаштириши осон кечишини таъминламоқда. Жумладан, “Болага йўналтирилган таълим” ва Ликово технологиялари ҳамда М.Монтессоро ўқитиш усуллари орқали болалар фикрлаш қобилиятининг ўсиши ва зеҳни ўткирлашувига эришилмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Чет тилларни ўрганиш тизминини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида таълим муассасасида ташкил этилган инглиз тили тўгараги катта ва тайёрлов гуруҳи тарбияланувчиларининг севимли машғулотига айланган, тўгарак раҳбари, таниқли ўқитувчи Дилноза Саломованинг изланувчанлиги сабаб болаларда тил ўрганишга бўлган қизиқиш ошиб боряпти.
Мактабгача ёшдаги болаларни пухта билимли қилиб тарбиялашда ахлоқий-маънавий тарбиянинг ўрни бошқача, дейди муассаса раҳбари М.Салимова. - Оила, мактаб ва маҳалла ҳамкорлигида ташкил этилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ахлоқий тарбияни амалга оширишда асосий омил бўлиб хизмат қилмоқда. Жарқишлоқ, Даштакиболо маҳаллалари билан ҳамкорликда улардаги ёш ота-оналар билан мактабгача таълим тизими ҳақида педагогик тарғибот ишларининг олиб борилиши ҳамда уларга берилган тегишли тавсиялар, асосан оила шароитида болаларни соғломлаштириш, уларни чиниқтириш, таълим бериш жараёнини режали ташкил этиш имконини берди. Эришилган ижобий натижалар мактабгача таълимда қисқа муддатли гуруҳнинг афзаллигини намоён этди. Жумладан, 30 нафар бола жалб этилган болаларда мактаб таълимига тайёр бўлиш кўникмасини яратди.
Мўмина Ёдгорова, Фарангиз Неъматова, Дилдора Баҳронова каби тарбиячилар, Гулнора Маҳмудова, Гулноза Икромова, Фарида Тўхтаева, Санобар Қобилова сингари тарбиячи ёрдамчилари кўмагида болажонлар соғлом ва билимли ҳамда тарбияли бўлиб вояга етмоқдалар. Ошпаз Мавжуда Усмонова эса ҳар куни болажонларга маззали таомлар пишириб бераётир.
Яна шуни алоҳида қайд этиш керакки, туман миқёсида ташкил этилган “Энг обод мактабгача таълим муассасаси” кўригида қатнашаётган жамоа ободончилик ишларини ҳам кучайтириб юборишган. Хўжалик ишлари бўйича мудир ўринбосари Умида Исматуллаева бошлиқ жамоа боғча атрофи, ичкарисини озода сақлаш, бир сотих майдонда ташкил этилган иссиқхонада бодринг ва турли-туман кўкатлар етиштирмоқдалар. Мевали дарахтлар сифатли парвариш қилинаётгани учун ғарқ ҳосилга кирган. Албатта, бу ноз-неъматлар болажонларнинг ўзига сарфланади. Анора Ахмедова, Ашўрқул Раҳмоновалар ободончилик ишларида фаоллик кўрсатибгина қолмай, гуруҳлар тоза-озодалигига ҳам диққатни қаратишади.
Хуллас, боғча жамоаси Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 26 йиллиги байрамини кўтаринки руҳ билан кутиб олиш учун тайёргарлик ишларини бошлаб юборишган. Аллақачон Райҳона Жўрақулова, Бобурмирзо Искандаров, Бобур Аҳрорқулов, Фарид Тоҳиров каби болажонлар ўзбек, тожик ва инглиз тилларида шеър, қўшиқлар ўрганиб олишган. Бу билан мактабгача таълим муассасасида таълим-тарбия ишлари яхши эканлигини ҳис этиш мумкин.
Н.ОЛИМОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.