Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизнинг ёрқин далили бўла олади. Ўқиш илмнинг калитидир
Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбар қилиб юборган пайтни эсга олайлик. Одамлар жаҳолат ботқоғига тамоман ботган эди. Жоҳилиятнинг бу ҳолатини ёритишга тарихчиларнинг қалами ўтмаслик қилади, дейилган.
Ислом дини диний ҳамда дунёвий илмга умумий даъват қилиб, динда фақиҳ бўлишликка алоҳида урғу берган. Имом Бухорий ва Муслим раҳматуллоҳи алайҳумолар ривоят қилган ҳадисда шундай дейилган: Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам: “ Аллоҳ кимга яхшиликни ирода этса, уни дин ишида фақиҳ қилиб қўяди”, дедилар. (Муттафақун алайҳ)
Ушбу ҳадисга кўра, илм эгалари улуғ фазилат эгаси экани, маълум бўлади. Ҳакамлар айтган экан: “Кимда-ким ўзининг билмаслигини яшириб, илм олишдан бош тортса ёки касалини яшириб, даволанишдан бош тортса, у ўзига ўзи хиёнат қилибди”.
Чунки диний иш бўлсин ёки дунёвий иш бўлсин, унга билмасдан киришган кишининг фойдасидан кўра зарари кўпроқ бўлади.
Ривоят қилинишича, бир киши ҳакимлардан бирининг ҳузурига келиб: “Ҳазрат, менинг бир ўғлим ва бир қизим бор. Улардан ҳар иккисини ўқитишга қурбим етмайди, фақатгина биттасини ўқитишга имконим бор, қайси бирини ўқитай?”, деб сўради. Шунда ҳаким: “Қизингни ўқит, чунки у келажакда фарзанд тарбия қилади. Агар ўғлингни ўқитсанг, бир кишини ўқитган бўласан, аммо қизингни ўқитсанг, бутун бир жамиятни ўқитган бўласан”, деб жавоб берган экан. Қанчадан-қанча алломаларни оналари тарбиялагани ҳеч биримизга сир эмасдир.
Биз фарзандларимизни, айниқса, қизларимизнинг таълим ва тарбиясига катта аҳамият қаратишимиз лозимдир. Жамиятнинг салоҳияти ва равнақи унинг илмга бўлган муносабати билан ўлчанади.
Илмнинг шарафи ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалам ҳам кўп гапларни марҳамат қилади.
Шундай экан, илм ҳалқасига қўшилиш ва доимий илм излаш лозим бўлади. Чунки илм ўқиган киши Аллоҳнинг паноҳидадир. Шунингдек, илмдан юз ўгириш Аллоҳдан юз ўгириш экан. Аллоҳнинг ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, унутмайликки, бу нарсага илмсиз эришиб бўлмайди. Алҳамдулиллаҳ, юртимизда барча соҳада китоблар нашрдан чиққан ва чиқмоқда. Масалан биргина диний соҳани олсак, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида, улумул-қуръон, усул-фиқҳ, ҳатто грамматика фанига ҳам оид бўлган кўплаб китоблар она тилимизда нашрдан чиққан. Биз фақат олиб ўқисак, кифоя. Биз фарзандларимизни китоб ўқишга тарғиб қилайлик. Фақат интернет билан чекланиб, илмни юзаки ўрганмасдан, китоб мутолаасига ҳам эътибор қаратайлик.
Илм олишга боғлиқ одоблар ҳам бор, уларни билиш учун шунга тегишли бўлган китобларни ўқиб ўрганайлик. Фарзандларимиз илм-маърифатли бўлишида энг катта масъул, биз ота-оналар эканимизни зинҳор унутмайлик. Аллоҳ таоло юртимизни тинч-омон қилсин. Илм ва тарбия йўлида хизмат қилаётган ва унга ташаббус кўрсатаётган барча раҳбар ва ходимларимизни, устоз ва мураббийларимизни эзгу мақсадларига муваффақ қилсин! Омин!
Л.ИБОДУЛЛОЕВ,
Хўжа Абду Берун жомеъ масжиди имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.