Мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини янги босқичга кўтариш, педагог кадрлар тайёрлаш сифатини илғор халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш ва олий педагогик таълим билан қамров даражасини ошириш борасида изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, мактабгача таълим қамровининг ошиши, 11 йиллик умумий ўрта таълим тизимининг жорий қилиниши ҳамда олий маълумотли кадрлар тайёрлаш кўламининг кенгайиши муносабати билан юқори малакали мутахассисларга нисбатан юзага келаётган эҳтиёжни ўз вақтида таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда педагог кадрлар тайёрлашга ихтисослашган 1 та хорижий ва 4 та маҳаллий олий таълим муассасаси фаолияти йўлга қўйилди, мазкур таълим соҳаси бўйича хорижий давлатлар билан қўшма таълим дастурлари ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 февралдаги "Педагогик таълим соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбири тўғрисида"ги қарори айнан педагогик таълим соҳаси учун кадрлар тайёрлаш сифатига эьтиборни кучайтириш, соҳада илғор хорижий тажрибани кенг жорий этиш, педагогик таълим инфратузулмасини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Қарор билан эндиликда педагогик каcбига қизиқтириш бўлган ёшларни аниқлаш ҳамда уларни мақсадли тайёрлаб боришнинг узлуксиз тизими жорий қилинади, илм-фан ва ишлаб чиқариш уйғунлиги таъминланиб, таълим сифати яхшиланади.
Ҳудудларда педагогик таълим инфратузилмасини яхшилаш, таълим соҳаси учун мутахассис тайёрловчи олий таълим муассасаларини тизимли ривожлантириш ва бошқарув фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Самарқанд, Андижон, Бухоро, Термиз, Қарши давлат университетларининг педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида мос равишда Самарқанд давлат университетининг Педагогика институти, Андижон давлат университетининг Педагогика институти, Бухоро давлат университетининг Педагогика институти, Термиз давлат университетининг Педагогика институти, Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилади.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб кадрлар тайёрлаш ўқиш муддати 3 йил бўлган педагогика таълим соҳасининг қуйидаги 6 та бакалавриат таълим йўналишлари тасдиқланди.
Таълим йўналиши номи
1. Мусиқа таълими
2. Жисмоний маданият
3. Технологик таълим
4. Чақириққача ҳарбий таълим
5. Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси
6. Мактабгача ва бошланғич таълимда жисмоний тарбия ва спорт
Қарор билан 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб тегишли ҳудуддаги олий таълим муассасасида 5 йил ишлаб бериш мажбурияти билан олий таълим соҳасида профессионал педагог кадрларга эҳтиёж юқори бўлган ҳудудлар бўйича салоҳиятли олий таълим муассасалари магистратурасига давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасида мақсадли қабул параметрлари шакллантирилади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Фанлар академияси ўқишга мақсадли қабул қилинган талабалар билан 1 декабрь кунига қадар 5 йил ишлаб бериш мажбурияти ҳақида шартномалар расмийлаштирилади.
Дастлабки босқичда Тошкент давлат педагогика университетида ўқув жараёни, ўқув режа ва дастурлар такомиллаштирилган ҳолда таълимнинг кредит-модуль тизими асосида ташкил этилади.
Педагогик фаолиятда умумтаълим фанлари муҳим ўрин тутишини инобатга олган ҳолда алоҳида иқтидор талаб этиладиган педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишларига ўқишга қабул қилиш учун касбий (ижодий) имтиҳонлар билан биргаликда мажбурий учта - она тили (ўзбек, рус ёки қорақалпоқ тили), математика ва Ўзбекистон тарихи фанлари бўйича тест синовлари топшириш тартиби жорий қилинади. Бунда, қоида тариқасида, мажбурий учта фан бўйича тест синовлари касбий (ижодий) имтиҳонлар натижалари эълон қилинганидан сўнг ўтказилиши белгилаб қўйилган.
В.СИРЛИБОЕВ,
Давлат тест маркази Самарқанд
вилоят бўлими бошлиғи в.б.
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.