Самарқанд компьютер технологиялари ва гидромелиорация коллежида ёшларни маънавий бой ҳамда жисмонан соғлом қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, бу ерда инглиз тилини пухта ўргатиш, ўғил-қизлар салоҳиятини ошириш яхши йўлга қўйилган.
Коллежда таълим-тарбия олаётган ўқувчилар орасида туманимиз ўғил-қизлари ҳам жуда кўп. Улар ҳар томонлама пухта сабоқ олиб, турли-туман беллашувларда ҳам фаол иштирок этиб, доимо қувончли натижалар соҳиби бўлмоқдалар. Абдулла Қутфиддинов, Нозимжон Зарифовлар худди шундай ўқувчилардан бўлиб, улар аъло баҳоларда ўқишлари, жамоат ишларида фаолликлари билан ота-оналарини, устозларини хурсанд қилмоқдалар.
- Тўрт йилдан буён ўқувчиларга инглиз тили фанидан дарс бериб келаяпман, – дейди коллеж ўқитувчиси Юлдуз Норматова. - Бу ерда биз, устозларнинг ёш авлодга пухта билим беришимиз, уларнинг бўш вақтларини кўнгилли ташкил этишимиз учун ҳамма шароитлар яратилган. Шунинг учун иқтидорлилар сафи ортиб, улар нафақат инглиз тилини, бошқа фанлар ва касб-ҳунарларни ҳам яхши ўзлаштираётирлар. Яқинда коллежимизга ташриф буюрган Халқаро Вестминистер университети профессори, “ALT FL in Uzbekistan” журнали бош муҳаррири Елена Волкова коллеж ҳаёти билан яқиндан танишди ва иқтидорли болалар, ўқитувчилар билан суҳбатлар ўтказди.
Зарнигор САЛОҲИДДИНОВА, коллеж ўқитувчиси
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.