Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

БУЮК АЛЛОМАЛАР МЕРОСИ

уни ўргансак зарар қилмайди

Болалик, ўсмирлик йиллари. Ерга урса осмонга сапчийдиган пайтлар. Бу кунларни унутиш қийин. Қани ўша йилларга қайтсаг-у, ўқилмай қолган китобларни олиб ўқисам. Ҳар гал мактабимиз кутубхонасига кирсам, кутубхона мудираси Қурбонова:
- Сен ўқийдиган китоблар қолмади,- дерди ва қўлимга Алишер Навоийнинг «Хамса» асарини тутқазар экан таъкидларди. - Навоийни қанча ўқисанг, арзийди.
Ҳа, мактабда ўқиб юриб китоб мутолаасига ҳавасим ошганди. Бунга падари бузрукворимнинг бир яхшилиги сабаб бўлганди. Ўшанда отам туғилган кунимга «Гўрўғли ва Бозиргон» пластинкасини харид қилиб келгандилар ва уни оилавий қўйиб эшитгандик.
- Тўртта буюк бахши ўтган, -дедилар отам. - Фозил Йўлдош, Эргаш Жуманбулбул, Ислом шоир Назар ўғли, Пўлкан Жомурод ўғли каби бахшилар «Гўрўғли» туркумида қирққа яқин достон куйлаб ўтишган. Ўқимоқчи бўлсанг ўшаларни топиб ўқи.
Шу гап сабаб «Гўрўғли» туркумидаги достонларни қидиришга тушдим. Уларни топиб ўқидим, десам хато бўлмайди. Ҳатто, баъзилари ёд бўлиб кетди.
Катта Ёвмит элида,
Чамбилбелнинг белида.
Гўрўғлибек хон бўлди,
Элга меҳрибон бўлди...
Мана шунга ҳам эллик йил бўлибди. Болалару, набираларимга достонлар айтиб, ўқиган китобларимни бир-бир ёдга оламан. Ўсмирлик давридаги ўқиган китоблар ёддан чиқмас экан. Ҳали-ҳамон китоблар билан ошноман, уларни кўзларимга суртиб ўқийман, ўрганаман. Ўзим ҳам 3-4 та китоб чиқариб қўйибман...
Мустақилликка эришганимиздан сўнг илм-маърифатга, китоб ўқиш, уни тарғиб қилишга катта эътибор берилаётир. Ёшларнинг маънавий шуури ошиб, жамият, давлат тараққиётига ўз ҳиссаларини қўшаяптилар. Идрок ва ақл заковатлари билан миллий қадриятларимизни, бой илмий меросимизни ўқиб-ўрганиб, турли-туман танловларда ҳам қатнашмоқдалар. Бунга мисоллар кўп. Яқинда Нарпай туманидаги 17-умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси Моҳинисо Шомуродова Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан ўтказилган «Ёш китобхон» танловининг республика босқичида қатнашиб, 1-ўринни қўлга киритди. У мусобақа олий соврини «Spark» автомашинаси билан тақдирланди. Буларнинг ҳаммаси муҳтарам Юртбошимиз томонидан чиқарилган «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида» ги фармойиши асосида бўлмоқда.
Фармойиш боис жойларда тарғибот-ташвиқот ишлари кучайтирилди, кўплаб кутубхоналар, «Китоб олами» савдо мажмуалари қурилиб фойдаланишга топширилди. Ҳатто, хусусий кутубхоналар сони ҳам ошди. Бунга 80 ёшли Шароф бобо Мамадалиевнинг оилавий кутубхонаси мисол бўла олади.
Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти яна бир тарихий ҳужжатга имзо чекди. У ҳам бўлса «Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида» ги Қароридир. Қарордаги: «Қадимий ва бетакрор диёримиздан етишиб чиққан буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимизнинг юксак гуманистик ғояларга асосланган бой маънавий мероси умумбашарий цивилизация ва маданият, дунёвий ва диний илм-фан тараққиётига улкан ҳисса бўлиб қўшилгани дунё жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилади», жумлалари алломаларимиз меросини нафақат ўқиш, балки ўрганиш ҳамда тарғиб қилишга даъват этади.
Айни пайтда ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан қатор ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Негаки, мамлакатимиз тарихи ва халқимизнинг маънавий ҳаётида беқиёс ўрин тутган алломалар кўпчиликни ташкил этади. Имом Бухорий, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий ва бошқаларнинг ижодий меросини ҳар қанча ўргансак арзийди.
Хуллас, Юртбошимиз қабул қилган ҳужжатга биноан мамлакатда китобхонлик байрамлари уюштирилди. Ўйлайманки, бу ишлар келгусида яна давом эттирилади.

Нормамат ОЛИМОВ


Дата добавления: 22/06/2018 15:27;   Просмотров: 1302
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку