Жорий йилги мавсумда туманда иккита ёзги соғломлаштириш оромгоҳи ва мактаблар қошида кўплаб кундузги оромгоҳлар фаолият юритади. Ушбу соғломлаштириш масканларида умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган болаларнинг дам олиши ва саломатлигини мустаҳкамлаши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Туман ҳудудидаги "Учқун" ва "Ситора" оромгоҳларида кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари бепул соғломлаштирилади.
Болаларнинг мазмунли дам олиши ва спорт билан шуғулланиши учун зарур шароит яратиш ҳамда малакали тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорлик режалари ишлаб чиқилган. Хусусан, ўқувчиларда ватанпарварлик туйғусини юксалтириш, мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш, шоир-ёзувчилар, санъаткорлар, рассомлар билан ижодий учрашувлар ташкил этиш белгиланган.
Айни пайтда барча ёзги соғломлаштириш оромгоҳларида ободонлаштириш ишлари якунланди. Мавсум олдидан туман ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан объектларнинг хавфсизлик ҳолати, бино ва иншоотларнинг техник мустаҳкамлиги, улар жойлашган ҳудуд ва йўлларда юзага келиши мумкин бўлган вазиятларнинг олдини олиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Оромгоҳлар фаолиятини самарали ташкил этиш учун корхона ва ташкилотлар, ота-оналар, ҳомийлар ва касаба уюшмалари ҳисобидан таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
- Оҳалик-Миронкул тоғ тизмаларининг баҳаво жойида бунёд этилган оромгоҳимизда жорий йил ёзги мавсумида уч даврада 360 нафар ўқувчи-ёшлар дам олиши режалаштирилган. - дейди "Учқун" болалар дам олиш оромгоҳи директори Акбар Олимов. - Мавсумга тайёргарлик жараёнида бу ерда 3 та ётоқхона капитал таъмирланди, 3 та очиқ павильонлар теграсига пластик қопланиб, ўзгача манзара кашф этди. Йўлаклар тартибга келтирилиб, гулзорларга 2 мингта хушманзара гуллар экилди. Туман мактабларидан 25 та парта, 50 та стуллар келтирилди. Баҳорда 100 тупдан зиёд арча ва бошқа манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилган бўлиб, улар меҳр билан парваришланмоқда. Чўмилиш ҳавзаси, футбол ва волейбол майдончалари тартибга келтирилди ва мавсумга шай қилинди.
Мавсумда оромгоҳда туман Баркамол авлод марказининг 19 та, 1-сон БЎСМнинг 2 та спорт тўгараклари болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун хизмат қилади. Мавсумда Шоҳруҳ Шамсиддинов, Флора Жабборова, Гулчеҳра Асомиддинова, Саодат Хуррамова сингари тарбиячилар, Ахтам Раҳмонов, Миржалол Орзиев каби сузиш мураббийси ва спорт йўриқчиси, кутубхоначи ҳамда мусиқа бўйича мураббий Дилвер Жалиловлар фаолият юритади. Айни пайтда улар вилоят "Баркамол авлод" болалар ижодиёт марказида ўтказилаётган малака ошириш курсларида оромгоҳларда маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш юзасидан таҳсил олишмоқда.
Х. ҲАМРОЕВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.