Фарзанд - қанчалар ширин сўз. Бу сўз замирида орзу умидлар, қувончлар, ҳаётга қизиқиб яшаш, келажакка интилиб ўзини бахтли ҳис қилиш ва шунга ўхшаш эзгу тушунчалар ётади.
Шунинг учун ҳам одамлар гоҳида “Фарзандим учун ҳамма нарсага тайёрман” деган сўзларни ишлатишади. Фарзанд аслида ким? Фарзанд – аллоҳ таоло томонидан ота-онага берилган неъматдан биридир. Қуръони каримнинг каҳф сурасининг 46-оятида : “Мол-мулк, фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир...”-деб марҳамат қилинган. Мол мулкимиз билан ҳовли-жойларимизни чиройли қилиб безаймиз, машналар олиб минамиз, кийим-кечаклар билан безанамиз. Фарзандчи? Фарзанд қандай зийнат бўлиши мумкин? Фарзанд қалбимиз райҳони, гулидир. Кўзларимизни қувонтирадиган, диларимизни яйратадиган, ҳаттоки, мол-мулкимизданда зийнатлироқдир.
Пайғамбаримиз (с.а.в) ҳадиси муборакларида “Ота болага гўзал одобдан кўра яхшироқ нарсани беролмайди” (Термизий ривояти) деган бўлсалар, яна бир ҳадисда “Киши ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялашни кўп миқдордаги нафл садақадан яхшироқдир” (Термизий ривояти) деганлар. Шундай экан, жондан азиз бўлган фарзандларимизга ёшлик чоғиданоқ одоб-ахлоқ ўргатиб боришимиз ва бунга асло сусткашлик қилмаслигимиз лозим. Зеро бола одоби билан гўзалдир. Не машаққатлар билан ўстирган фарзадимиз катта бўлиб вояга етиб бизга гап қайтарса, айтган йўриғимиздан юрмаса, ҳаттоки қўл қўтарса қандай ҳам оғир аҳволда қолиб кетамиз. Ибн Сино ҳазратлари фарзанд тарбияси ҳақида: “Ёш бола таълим-тарбия оладиган жойда одоб-ахлоқли, туруш- турмуши намунали болалар бўлиши лозим. Зеро, ёш бола ҳар бир нарсани уларга тақлид қилиб ўрганади ва улар билан дўст бўлади” деб ёзиб қолдирганлар. Ҳар биримизнинг хонадонимизда тарбия топаётган фарзандлар ватанни севадиган, элу халқини ардоқлайдиган, ота-онасига олқиш келтирадиган, одобли, ахлоқли, илмли фарзандлар бўлсин!
Отабек БОҚОНИЙ, Хожа Аҳрори Валий масжиди имом нойиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.