Ассалому алайкум, ҳурматли ўқувчи. Ушбу мақолани ўқиётган бўлсангиз, Сизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Чунки ҳозирги кунларда кўпчилик интернетдаги кўнгилочар сайтларга ёки турли миш-миш тарқатувчи саҳифаларга кириб, аксарият вақтларини ўша ерда ўтказишни хуш кўради. Диний, илмий, маданий, маърифий сайтлардан эса, афсуски фойдаланувчилар камроқ.
Келинг, мақоламизнинг мавзусига қайтайлик. Бизнинг беқиёс ва бебаҳо қадриятларимиздан бири бу табаррук ёшдаги инсонларни ҳурмат қилишдир. Ҳа, дарҳақиқат бундай инсоний фазилатлар ҳамма жамиятларда ҳам учрайвермайди. Бобокалонларимиздан мерос бўлиб келаётган одатларимизнинг негизида муқаддас ислом динимиз кўрсатмалари пойдевор бўлган.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва каттамизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, дедилар.
Бу машҳур ҳадис. Мўмин-мусулмонлар кичикларга, болаларга раҳм қилишлари лозим. Бу ишлар мўминларнинг сиймоси, Ислом жамияти аъзосининг белгисидир. Бундай жамиятда яшаб туриб, кичикларга раҳм қилмаган, катталарга ҳурмат кўрсатмаган одам ана шу муборак сиймони йўқотади.
Бироқ, ҳозирги глобаллашув жараёнида ойнаи жаҳон орқали намойиш этилаётган ўзга жамиятлардаги ҳолатлар, фуқароларимизнинг турли сабаблар билан хорижий мамлакатларга қатновининг кўпайгани, ижтимоий тармоқларда тарғиб этилаётган омиллар, бир сўз билан айтганда, шиддат билан тарқаб бораётган “оммавий маданият” афсуски баъзи ҳамюртларимизни четлаб ўтгани йўқ. Яқинда бир оиладаги нохуш воқеани эшитиб жуда хафа бўлдим. Фарзандини яхши ниятлар билан боқиб катта қилган, олий маълумотли қилиб ишга жойлаган ота-онага ўғли иш жойидаги ойлик маоши камлигидан шикоят қилади. Ўзининг орзу-ҳавасига етмаслиги ва шунга ўхшаш ҳар хил важлар билан нолий бошлайди. Отаси унга сабр-тоқат билан иш тутишини, ҳамма орзу ҳаваслар бирданига рўёбга чиқмаслигини, барча яхши ниятларига ўз меҳнати ила эришиши мумкинлинини, агар моддий томондан ёрдам керак бўлса отаси унга ёрдам бериб туришга тайёр эканини тушунтиришга ҳаракат қилади. Шунга қарамай навқирон йигит ота-онасининг розилигисиз, ишхонасидаги раҳбарларни хабардор қилмаган ҳолда ўзбошимчалик билан Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрига иш излаб кетади. Мазкур шаҳарда икки ой сарсон-саргардон бўлиб, иш тополмай юзи шувит бўлиб қайтади. Натижада иш жойидан ажраган, ота-она ва маҳалла-кўй олдида хижолатчиликда нима қилишни билмай юрибди.
Биргина чуқурроқ ўйламай босилган қадам энди бошланаётган ҳаёт йўлига катта тўсиқ бўлиб қолди. Ҳадиси шарифда васф этилган сабр, қаноат, меҳнаткашлик, ота-она ҳурмати каби тушунчалар замирига етмаганлик оқибатида мустақил ҳаётининг дастлабки онларидаёқ панд еди.
Қадрият тушунчаси бу ўзликни англаш демакдир. Ўзлигини билган инсон эса мажбуриятларини мукаммал адо этади, ўзгалар ҳақ-ҳуқуқини поймол қилмайди, элу-халққа кўплаб манфаатлар келтиради. Бундай кишилар кўпчиликни ташкил этадиган жамият таназзулдан йироқ, келажаги эса порлоқ бўлади.
Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакилининг ўринбосари, Имом Бухорий жомеъ масжиди имом-хатиби
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.