“Гулобод тонги” газетасининг собиқ ходими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси раҳматли Жамол Сирожиддин серқирра ижодкорлардан эди. У назм, наср, драматургия, таржима соҳаларида қалам тебратиб, ҳозирги ўзбек адабиётида чуқур из қолдирганлардан.
Жамол Сирожиддин ҳаттоки, хумдан чиққан мумтоз шоир Хумий тахаллуси билан девон яратиб, топилмали ижодкор сифатида тарихда қолди. Маълумки, девон ўз ичига ғазал, мухаммас, мусаддас, қасида, таржибанд, рубоий, туюқ каби жанрларни қамраб олувчи шоирнинг мажмуа китобидир. Демак, Жамол Сирожиддин – мавлоно Хумий соҳибдевон шоир.
Ёшлигидан мумтоз шеърият асири бўлган зуллисонайн Жамол Сирожиддин синчковлик билан ирфон фалсафаси ва тасаввуф шеърияти таҳлилига қўл уриб, руҳият манзараларининг нозик қирраларини англаб, тафаккури чиғириғидан ўтказиб, мисраларда сўз дурлари сифатида тизиб, такрорланмас ўлмас поэтик қиёфаларни яратди.
Натижада нозиктаъб сўз санъаткори ўз истеъдодига эга бўлди. Унинг Ватанга, халққа, ёрга бўлган муҳаббатли оҳанглари Шарқ мумтоз адабиёти оҳангларига қоришиб кетди.
Яқинда “Ўзбекистон” нашриёти шоир Жамол Сирожиддиннинг “Сиёб оқшомлари” номли сайланма қитобини нашр этди. Ана шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Самарқанд вилоят бўлимига ижод аҳли, мухлислари ва шоирнинг қариндош-уруғлари тўпланишди. Учрашувда шоирнинг “Сиёб оқшомлари” китоби тақдимотини Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов очди.
Унда филология фанлари номзоди Жумагул Сувонова “Жамол Сирожиддиннинг ҳаёти ва ижоди ҳамда “Сиёб оқшомлари” китоби таҳлили” устида тўхталиб, ижодкорнинг шеърияти мумтоз адабиёт намунаси эканлигини эътироф этди.
Сўнгра Самарқанд телевидениесининг сухандони, шоира Дилбар Восиева ва Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат дорулфунунининг бир гуруҳ талабалари шоир шеърларидан қироат қилган бўлсалар, сафдошлари Аҳмаджон Умаров, Миршариф Хўжаев, Зиёдулла Нурматов, Ойхумор Асадова, Раҳимжон Наим, Муқимжон Орифий, Кубарро Жаводова, Хайрулло Ҳамроев шоир ҳақидаги ўз хотираларини баҳам кўрдилар.
Китоб тақдимоти охирида шоирнинг оила аъзолари, турмуш ўртоғи дил сўзларини айтган бўлсалар, иниси Баҳодир Танбур қўшиқ бўлган шеърларидан куйлади.
Китоб тақдимотининг иккинчи қисмида Жамол Сирожиддиннинг хонадони зиёрат қилиниб, руҳи покига қуръон тиловат қилинди.
А.МАФТУН
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.