Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ЁШ АВЛОД ТАРБИЯСИДА СПОРТНИНГ МАВҚЕИ

Бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, баркамол авлодни тарбиялаш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, ёшларимизнинг дунёқараши ва кайфияти, уларнинг ҳаётга муносабатини тубдан ўзгартириш ҳамда юксалтириш айниқса, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишларига имкониятлар яратиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

-Бу борада маҳалла жамоатчи-тарбиячи сифатида ушбу педагогик жараёнга хос бўлган барча фазилатларни ўзида мужассам этган маскан ҳисобланади,-дейди Оқмачит МФЙнинг вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича жамоатчилик комиссияси раиси Ж.Жабборов. - Мазкур комиссиянинг асосий вазифаси ҳудуддаги вояга етмаганлар ва ёшларнинг маънавий-маърифий етук бўлишлари, оммавий равишда спорт билан шуғулланишлари, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминланиши, ёшлар ўртасида назоратсизлик, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда профилактик ишларни амалга оширишга яқиндан кўмаклашишдан иборат. Шу боис ҳам кенг жамоатчилик ҳамда «Оила-маҳалла-таълим» муассасаси ҳамкорлиги орқали шаклланаётган янгича дунёқараш ўсиб келаётган ёшларни ўз Ватанига садоқат, миллий қадрият ва анъаналарга муҳаббат, оиласи ва яқинларига меҳрибонлик, танлаган йўли, касби, маслаги ва эътиқодига содиқлик руҳида тарбиялашда муҳим ўрин тутади. Зеро, маҳалла, энг аввало соғлом ижтимоий муҳит бўлиб, бу ерда кучли таъсирга эга бўлган жамоатчилик фикри мавжуд, у аҳолининг хулқ-атвори, ўзаро муносабатларини адолат, бағрикенглик, инсонпарварлик каби маънавий мезонлар асосида тартибга солиб туради.
Айтиш жоизки, ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини унумли ташкил этиш мақсадида маҳалламизда турли спорт тўгараклари мавжуд бўлиб, унда нафақат маҳалламиз балки, қўшни маҳаллалардан ҳам ёшлар машғулотларда қатнашмоқдалар. Айниқса, футбол, самбо, дзюдо, ўзбек кураши каби тўгаракларда ёшлар катта иштиёқ билан аъзо бўлишяпти. Шунингдек, Соғломлаштириш «Фитнес клуб»да, шахмат-шашка тўгаракларида турли ёшдаги инсонлар, жумладан, хотин-қизлар ҳам мунтазам машғулотларда иштирок этишмоқда. Буларни самараси албатта жуда яхши натижа беряпти. 2008 йилги Пекин Олимпиадаси иштирокчиси, дзюдо бўйича ёшлар ўртасида Жаҳон чемпиони, Халқаро тоифадаги спорт устаси Хуршед Набиев, самбо бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони, Халқаро спорт устаси Моҳина Юнусова, Осиё чемпиони, Халқаро спорт устаси Мавсума Жумаева, Халқаро ёшлар ўйинлари совриндори, спорт устаси Комил Бўстонов ва уларнинг издошлари самбо бўйича Ўзбекистон чемпионлари Умида Жумаева, Ирода Шаропова, Рухшона Наимовалар ҳақли равишда бугун маҳалламиз фахри ҳисобланишади. Хулоса, ўрнида айтадиган бўлсак, ёш авлод тарбиясида спортнинг мавқеи беқиёс бўлиб, у билан шуғулланаётган ёшлар ҳеч қачон номақбул йўлларга кириб кетмайдилар.

Т.ЮСУПОВ


Дата добавления: 28/07/2017 15:52;   Просмотров: 1359
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку