Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ВАКИЛИМИЗ ШОҲСУПАДА

Жорий йилнинг 19-20 октябрь кунлари Кипр давлатининг Лимассол шаҳрида самбо кураши бўйича спорт усталари ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди.

Мусобақада 20 дан ортиқ давлатлардан келган спортчилар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро беллашдилар. Мазкур мусобақада тумандошимиз Оқмачит маҳалласи вакили, олий тоифали мураббий, II-даражали "Соғлом авлод учун" ордени нишондори, Халқ таьлими аълочиси Жавҳар Жабборов ҳам М-6 гуруҳида(60-64 ёшлилар ўртасида) 62 кг. гача бўлган оғирлик тоифасида қатнашиб юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди ва фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медал билан тақдирланди. Айтиш жоизки, спортчимиз 2018 йилда Марокканинг Касабланка шаҳрида ўтказилган спорт усталари ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ҳам кумуш медални қўлга киритган эди.
Мамлакатимизда, шу жумладан туманимизда спорт равнақи учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар ҳам Жавҳар Жабборовнинг жаҳон чемпионатида муваффақиятли иштирок этишига омил бўлди. Албатта, фахрий самбочимиз қизиқарли ва кескин курашларга бой ўтган чемпионатда кўтаринки руҳда қатнашгани ёш ўсиб келаётган авлодга, қолаверса барча спортчиларга намуна мактаби бўлди десак, асло муболаға бўлмайди.
Совриндорларни Кипр самбо Федерацияси президенти Мариес Андреус ва Халкаро самбо Ассоциацияси масъул вакиллари(ФИАС) табриклаб, уларга диплом ва медалларни тантанали равишда топширди. - Спорт ёш танламайди, доимий равишда жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш инсон қайси ёшда бўлишидан қатъи назар жисмоний тайёргарлигини ошириб боради. Мен бу чемпионат давомида турли ёшдаги спорт усталарини гиламга чиқиб, чаққонлик билан қилган ҳаракатлари, уларни бажарган полвонлик усулларини кўриб яна бир бор шунга амин бўлдим, - дейди биз билан суҳбатда спорт фахрийси Жавҳар ака.
Жавҳар Ишонқулович Жабборовга бундан кейинги спортдаги фаолиятида ҳам улкан зафарлар тилаймиз.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
Тошпўлат ЮСУПОВ


Последнее редактирование: 31/10/2019 11:02;   Просмотров: 895
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку