Юртимизда спортни ривожлантириш, жамиятда соғлом турмуш тарзини кенг қарор топтириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний-тарбия ва спортни оммалаштириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади. Бу борада Президентимиз Ш. Мирзиёев раислигида ўтган 2019 йил 4 сентябрь кунида Жисмоний-тарбия ва спортни ривожлантириш, халқаро мусобақаларга тайёргарлигини кучайтириш масалаларига бағишланиб ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, берилган топшириқлар соҳа вакиллари учун муҳим дастурга айланди.
Умед Фармонқулович Раджабовни туманимиз аҳолиси яхши танийди. Ёш бўлишига қарамай ўз вақтида тумандаги бир қатор ташкилотларда масъул лавозимларда фаолият олиб борган, кейинчалик иш юзасидан Тошкентга кўчиб кетди.
Қарийб 10 йил Ўзбекистон ёшлар иттифоқи(аввалги “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати)да фаолият олиб борди. Умед Фармонқулович ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигида Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб бормоқда.
Мухбиримиз Умед Раджабов билан боғланиб, айни пайтда унинг раҳбарлиги остида олиб борилаётган ишлар борасида суҳбатлашди.
- Умед Фармонқулович, сир эмаски ҳозир бутун мамлакатимиз бўйлаб карантин жорий қилинган. Бу пайтда сиз раҳбарлик қилаётган бошқарма нималар билан машғул?
- 2019 йилнинг 15 августидан буён Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг Жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият олиб бормоқдаман. Англаган бўлсангиз, бошқармамиз зиммасига Ўзбекистон Республикаси аҳолиси орасида жисмоний тарбия ва оммавий спортни оммалаштириш вазифаси қўйилган. Зиммамиздаги вазифани қай даражада бажараётганимизга эса мен эмас, халқ баҳо бергани маъқул, деб ўйлайман. Энди саволингизга келсак, жорий йил 16-мартдан мамлакатимизда коронавирус пандемияси сабабли карантин эълон қилинди. Натижада барча оммавий спорт тадбирлари ва мусобақалар бекор қилинди. Кўпчилик ўйлаши мумкин, демак мен раҳбарлик қилаётган бошқарма қарийб 4 ойдан бери бекор ўтирган эканда, деб. Йўқ, асло ундай эмас. Карантин даврида ҳам спорт ҳаёти бир зумга бўлса-да тўхтаб қолгани йўқ. Бошқармамиз ташаббуси билан карантин пайтида қатор онлайн спорт тадбирлари ва мусобақалар ўтказилдики, унда юртимиз аҳолиси фаол қатнашиб келмоқда. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5924-сонли Фармонига мувофиқ вазирлигимиз олдига жорий йилда мамлакатимизда спорт билан мунтазам шуғулланаётган аҳоли сонини
18 фоизга етказиш вазифа этиб белгиланган. Гарчи, бутун дунё карантинда бўлишига қарамай бу вазифа зиммамиздан соқит қилинмаган. Шундай экан, Президентимиз, вазирлигимиз раҳбарияти ҳамда халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун ушбу вазифани уддалашга астойдил ҳаракат қиламиз.
- Савол туғилди: карантин даврида бу вазифани қандай уддалайсизлар?
- Саволингиз жуда ўринли. Ўтган йили вазирлигимиз томонидан 5та муҳим ташаббус доирасида 9 121 та маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилувчи 33,5 миллиондан зиёд аҳолининг 7-30 ёшгача бўлган 14,1 миллион ёшларининг спорт турларига қизиқишини аниқлаш бўйича сўровномалар ўтказиш орқали 4,2 миллион, яъни 29,8 фоиздан ортиқ ёшлар рўйхатини шакллантирдик. Мамлакатимиз аҳолиси, айниқса ёшларни соғлом турмуш тарзи ҳамда оммавий жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш мақсадида жорий йилнинг 1-чорагида жами 8 994 маротаба спорт мусобақалари ва тадбирлари ўтказилди. Ва уларга 1,8 млн нафар аҳоли (жами аҳоли сонига нисбатан 5,3%),хусусан 470 минг нафар ёшларни қамраб олинишига эришдик. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 февралдаги “Спорт-таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 90-сонли қарорига мувофиқ 2020-2024 йилларда жами 91 та, жумладан 23 та болалар-ўсмирлар спорт мактабларини янгидан ташкил этиш, 68 та мавжуд спорт мактабларининг филиаллари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланди. Жорий йилнинг ўтган даврида 8 та болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ҳамда мавжуд 12 та спорт мактабларининг филиаллари ташкил этилди. Ушбу спорт таълим муассасаларининг фаолиятини жорий йил сентябрь ойидан йўлга қўйиш, шунингдек, 587 нафар ёшларни тренер сифатида доимий иш билан таъминлаш ҳамда спорт турларидан 216 та бўлимлар ташкил этиш ҳисобига бир кунда 23 минг нафар ўқувчи-ёшларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш кўзда тутилган. Бу атиги 5-6 ой ичида амалга оширилган ишлар. Йилнинг иккинчи ярмида бу борадаги ишлар кўлами янада ортишига шубҳа йўқ. Афсуски, 2-чоракда пандемия муносабати билан тизимдаги спорт таълим муассасаларининг фаолияти номаълум муддатга тўхтатилди. Бу албатта бизнинг ишимизга ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмади. Жорий йил 30 мартдан бошлаб спорт таълим муассасаларининг барча машғулотлари масофадан – уйдан туриб амалга оширилиши йўлга қўйилди. Карантин даврида соғлом турмуш тарзига амал қилган ҳолда спорт билан шуғулланиб туриш борасида аҳоли учун тавсия шаклида махсус теледастурлар тайёрланиб, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг “Спорт” ва бошқа телеканаллари билан ҳамкорликда эфирга узатилиши йўлга қўйилди. Маълумот тарзида айтиб ўтиш жоиз, тренерлар иштирокида уй шароитида қай тарзда машғулотлар олиб бориш бўйича маслаҳатлар акс этган 10 дақиқалик видеодарслар “Спорт” телеканали орқали ҳар куни намойиш этилиб борилмоқда. Бундан ташқари, таниқли спортчилар иштирокида ижтимоий тармоқлар орқали “Вирусга қарши спорт билан курашамиз” шиори остида тарғибот ва тушунтириш ишларини ҳам ҳар куни онлайн тарзда амалга ошириш йўлга қўйилди.
- Карантин даврида аҳоли, хусусан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида қандай чоралар кўрилмоқда?
- Бу борада вазирлигимиз ташаббуси билан БМТнинг Марказий Осиёдаги Наркотиклар ва жиноятга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда
“6 апрель – Бутунжаҳон спорт куни” муносабати билан юртдошларимиз орасида уй шароитида жисмоний тарбия ва спорт билан фаол шуғулланишни кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган #уйдақол! #ҳаётгақўшил! акциясида (челленжида) 30 мингдан ортиқ фуқаролар, жумладан 18 мингдан ортиқ аёлларимиз фаол иштирок этишди, ғолиблар замонавий спорт жиҳозлари билан тақдирланди. Шунингдек, 14 апрелдан 30 апрелгача 6 ёшдан 60 ёшгача бўлган 4 617 нафар ҳаваскорлар ўртасида илк маротаба #UydaQolibO'yindaBo'ling челленжи остида киберспорт (компьютер спорти) бўйича умумий соврин жамғармаси 65 млн. сўмлик online мусобақа ташкил этилди (3 та йўналишда - "FIFA20", "Clash Royale", "Victory The Age of Racing"). 11-20 май кунлари ҳаваскорлар ўртасида шахмат бўйича “Уйда қол ва ғалаба қозон!” шиори остида online Ўзбекистон чемпионати ўтказилди ва 2 600 нафар ёшлар жалб этилди. Шу билан бирга каратэ WKFнинг “ката” йўналиши, таэквондонинг “пумсе” йўналиши бўйича online мусобақалар ўтказилди ва уларда 15 мингдан зиёд ёшлар иштирок этишди. 4-10 май кунлари эса “Биз уйда футбол билан зерикмаймиз” шиори остида футбол бўйича онлайн мусобақа ташкил этилиб, унга 250 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинди.
- Спортчиларнинг узоқ вақт машғулотлардан четда қолиши уларнинг жисмоний ҳолатига қандай таъсир қилади?
- Албатта, табиий шароитда, машғулотлар майдонида шуғулланиш билан уй шароитида шуғулланиш орасида катта фарқ бор. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уй шароити табиий шароитга тўғри келмайди. Спортчи уй шароитида жисмоний тайёргарлигини меъёрида ушлаб туриши мумкин, аммо, дейлик сузувчи бассейнда шуғулланмаса ёки футболчи тўп билан ишламаса, у спорт ритмидан чиқиб қолади. Шуни инобатга олган ҳолда Республика махсус Комиссияси қарори билан 1 июндан спорт секциялари, тўгараклар, спорт заллари ва фитнес клублар фаолияти йўлга қўйилди. 5 июндан эса “яшил” ҳудудларда бассейнлар фаолияти ҳам карантин қоидалари асосида ташкил этилди. Бунда очиқ сунъий қопламали спорт майдонларида ўтказиладиган спорт машғулотлари ва тадбирлари рўйхати ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бунда, спорт иншоотлари, жумладан очиқ майдонларнинг кириш-чиқиш жойларида фуқароларнинг тана ҳароратини пирометрларда ўлчаш, 37 С ва ундан юқори тана ҳарорати бўлган фуқароларни спорт иншоотларига киритмаслик ва бу ҳақда соғлиқни сақлаш бўлимларига хабар бериш, спорт тадбирлари ҳамда бадантарбия машғулотларини соат 07:30 – 18:30 вақт оралиғида ташкил этишга қатъий амал қилиш, спорт тадбирларини ўтказишда сузиш ҳавзаларидан фойдаланмаслик, ҳар бир спорт иншоотида мунтазам равишда дезинфекция ишларини амалга ошириш, қолаверса спорт тадбирлари ва бадантарбия машғулотларини ҳудудларда ўтказиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар, ҳудудий соғлиқни сақлаш ва ички ишлар бошқармалари билан келишиш, вазирлигимиз томонидан маҳаллаларга бириктирилган тренерларимиз эса режа асосида ижтимоий масофани сақлаган ҳолда маҳаллий аҳоли билан бадантарбия машғулотларини ўтказиш, спорт тадбирлари ва бадантарбия машғулотлари давомида маҳаллий аҳолини бир жойда тўпланмаслик чораларини кўриш каби аниқ талаблар қўйилди. Мазкур тадбирларнинг ўтказилиши Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ишчи гуруҳи томонидан қатъий назорат қилиб борилмоқда.
- Умеджон, қизиқарли маълумотлар учун ташаккур, ишингизни бундан-да омадли ва салмоқли бўлишини ният қилиб қоламиз.
- Раҳмат.
Суҳбатдош Тошпўлод ЮСУПОВ
Copyright © 2024. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.