Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

СПОРТ ЖОНКУЯРИ

1982 йил. Ўша пайт Нурато тумани Самарқанд вилоятига қарашли эди. «Ёш куч» мактаб ўқувчиларининг спорт жамияти вилоят ташкилотида йил якуни бўйича айнан ана шу олис туманда жисмоний тарбия ва спорт турлари оқсаётгани танқид қилинди.

- Нурато – полвонлар макони, - деди йиғилишда мазкур жамият раҳбари Ваҳҳоб Мухторов, - лекин вилоят ва республика мусобақаларида бу жойдан иштирокчи йўқ. Ана шу жойда спортни ривожлантириш ҳаммамиз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Менинг таклифим, шу масала билан Жаъфаржон шуғуллансин. У ёш мутахассис, ҳаракатчан, тиниб-тинчимас курашчи, ишончим комилки, Жаъфар Ишонқулович туманга бориб, физкультура ва спорт соҳаси нима учун оқсаётгани ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш йўл-йўриқларини ўрганиб, ўз таклиф-мулоҳазаларини бизларга етказади.
Мажлисдан сўнг «Ёш куч» спорт жамиятининг ўқув бўлими мудири Жаъфар Жабборов 120 километрга яқин йўлни босиб, Нурато тумани марказига келди. У 4-5 кун давомида тумандаги спорт соҳасида масъул шахслар билан учрашди ва мавжуд камчиликларни ўрганди.
- Мен тумандаги «Ғозғонмармар» ишлаб чиқариш корхонасида спорт йўриқчиси бўлиб ишлайман, - деб ўзини таништирди Турсунбой Ҳайитбоев, - афсуски, бизнинг нуфузли корхонада спорт соҳасига панжа орасидан қарашади. Агар бизнинг корхонага ҳам ташриф буюрсангиз нур устига аъло нур бўларди.
Жаъфар Жабборов Турсунбой меҳнат қилаётган корхона томон йўл олди. Ўша замонда транспорт воситаси камчил бўлганлиги туфайли йўловчи мотоциклда 50 километрлик масофани кесиб, «Ғозғонмармар» шаҳарчасига келди. Фақатгина вилоятда эмас, ҳатто республикада машҳур ташкилот маъмурияти билан учрашди ва мақсадини айтди.
- Укажон, Самарқанддек азим шаҳардан келибсиз, жуда яхши, - тушунтиришга киришди корхона раҳбари, - лекин сиз тўғри тушунинг, бизнинг тоғли ўлкада спорт турларига қизиқиш деярли йўқ.
- Ана шу учун спорт тўгаракларини ташкил этиб, уларни спорт асбоб-ускуналари билан таъминлаш зарур, - маслаҳат берди Жаъфар Жабборов, - мусобақалар ўтказиб, ғолибларни моддий ва маънавий рағбатлантириш муҳим рол ўйнайди. Мавжуд муаммо шу. Агарда ана шу масалалар ҳал этилса, биз ва сиз кўзлаган мақсадга эришиш учун дадил қадам бўлади.
Кўп ўтмасдан Ғозғон шаҳарчасида дзю-до кураши бўйича вилоят биринчилиги ўтказилди. Унда бошқа шаҳар ва туманлар вакиллари билан маҳаллий ёш спортчилар ҳам қатнашиб, ҳатто совринли ўринларни эгаллашди. Энг муҳими, мусобақа бу жойда спортнинг ривожланишига туртки бўлди. Туманда жисмоний тарбия соҳасида силжиш бўлгани учун «Ёш куч» спорт жамияти кейинги йиғилишларда ижобий баҳоланди.
Ҳа, бундай мисолларни Жаъфар Ишонқулович ҳаётидан кўплаб келтириш мумкин.
Мақоламиз қаҳрамони 1957 йил 17 августда Самарқанд тумани Оқмачит маҳалласида зиёли оилада таваллуд топди.
Отаси – Ўзбекистон халқ таълими аълочиси, Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Эшонқул Жабборов 1909 йил Самарқанд туманида туғилган, 1-сон кечки ёшлар мактабининг асосчиси ва биринчи директори, 21-сон ўрта мактабда ўқитувчи вазифасида ишлаган ҳамда 1950 йилдан умри охиригача жамоатчилик асосида Оқмачит маҳалла фуқаролар йиғини раиси бўлган.
Акалари Мардон Жабборов, Муродқул Жабборов (педагогика фанлари номзоди)лар ҳам халқ таълими аълочилари, жонкуяр педагог эдилар.
Ж.Жабборов 1972 йили 21-сон ўрта мактабнинг 8 синфини тугатиб, А.С.Макаренко номидаги Самарқанд педагогика билим юртига (физкультура техникуми)га ўқишга кирди. Билим юртини битиргач, ўз меҳнат фаолиятини тумандаги 37-сон ўрта мактабда жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида бошлади. 1975-1977 йиллар ҳарбий хизматни ўтаб, яна шу мактабда ўқитувчиликни давом эттирди. 1978 йил февраль ойида ёш ўқитувчи Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазирлиги негизида ташкил этилган мактаб ўқувчиларининг «Ёш куч» спорт жамияти вилоят бўлимига ишга таклиф этилиб, 1984 йилга қадар йўриқчи, катта йўриқчи, бўлим бошлиғи вазифаларида меҳнат қилди. 1984 йил апрель ойидан 1993 йилгача вилоят ўрта махсус ўқув юртлари бошқармаси, вилоят «Пахтакор» касаба уюшмалари спорт жамиятларида бўлим бошлиғи, раис муовини лавозимларида фаолият кўрсатиш билан бирга 1986-1991 йилларда вилоят жисмоний маданият ва спорт ходимлари партия ташкилотини ҳам бошқарди. 1982 йилдан бошлаб Самарқанд туман болалар-ўсмирлар спорт мактабида ўриндошлик асосида кейинчалик 2008 йилдан Самарқанд вилоят олий спорт маҳорати мактаби ҳамда 2016 йилдан буён вилоят якка кураш спорт турларига ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактабида дзюдо ва самбо бўйича мураббийлик вазифасини бажариб келмоқда. 1987 йили Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтини, 1999 йилда Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат Университетининг ҳуқуқшинослик куллиётини сиртдан тамомлади.
Ж.Жабборовнинг ташаббуси ва саъй-ҳаракати билан 1990 йили туманда республикамизда биринчилардан бўлиб байналмилалчи жангчилар ва захирадаги аскарлар кенгашининг «Сиёвуш» ватанпарварлик уюшмаси ташкил этилиб, жамоатчилик асосида қатор йиллар давомида уни бошқариб келмоқда. Шу билан бирга жамоатчилик асосида вилоят байналмилал жангчилар уюшмасида ҳарбий-ватанпарварлик ишлари бўйича раис муовини вазифасида ҳам фаолият юритди. 1972 йили Самарқанд туманидаги «Шарқ тонги» газетасида биринчи мақоласи чоп этилган бўлса, бугунги кунда вилоят «Овози Самарқанд», «Самаркандский вестник», «Зарафшон», «Гулобод тонги» газеталарининг фаол жамоатчи мухбири сифатида спорт мавзуларида тез-тез мақола ва хабарлари чоп этилмоқда. Ёшлигидан курашга қизиқиб, тинмай шуғулланган Жаъфар бир неча бор қатор мусобақалар ғолиби ва совриндори бўлди. 1980 йилда Россиянинг Владивосток шаҳрида ўтказилган Халқаро мусобақада муваффақиятли қатнашиб, бронза медалини қўлга киритди ва спорт устаси нормативини бажарди. Жорий йилда фахрий самбочилар ўртасида Ўзбекистон чемпиони бўлди.
Ж.Жабборовга катта ишонч билдириб, 2012 йил Тошкентда, 2013 йил Ашхободда, 2014 йил Сеул (Корея) ва Нарита (Япония)да ўтказилган Осиё ва Жаҳон чемпионатларида самбо бўйича Ўзбекистон хотин-қизлар миллий терма жамоасининг расмий мураббий-вакили этиб тайинланди.
Самбо бўйича Самарқанд вилоят хотин-қизлар терма жамоаси катта мураббийи Жаъфар Жабборовнинг кўп йиллар давомида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни соғлом ва баркамол бўлишларига ҳамда юқори разрядли спортчилар тайёрлашда ва шогирдларидан Осиё ва Жаҳон чемпионлари етишиб чиқишида қўшган сермаҳсул ҳиссаси ва самарали меҳнати ҳукуматимиз томонидан ҳисобга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 28 сентябрдаги қарорига асосан II-даражали «Соғлом авлод учун» ордени, «Ўзбекистон халқ таълими аълочиси» нишони, Мустақиллик кўкрак нишонлари, «Боевое братство» Халқаро ташкилоти ва Ўзбекистон «VETERAN» жангчи фахрийлар ва ногиронлар бирлашмасининг медаллари шунингдек, вилоят ва туман ҳокимликлари ташаккурномалари ҳамда фахрий ёрлиқлари билан тақдирланган. Ж.Жабборовнинг турмуш ўртоғи Нодира Ғаниева ўз меҳнат фаолияти давомида савдо соҳасида ишлаб келди. Жаъфар Ишонқулович ва Нодира Шарифовна 4 нафар фарзандни таълим ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратиб, уларнинг барчаларини олий маълумотли қилишди. Қизи Амираой «Савдогарбанк» ходими, Жавоҳир иқтисодчи, майёр Жаҳонгир шаҳар ички ишлар бўлими ходими, кенжа ўғли Манучеҳр Самарқанд давлат университетининг физика факултетини битириб, ўқишини Японияда давом эттирмоқда.
Бугунги кунда бахтли оила соҳиблари бўлган Ж.Жабборов билан Н.Ғаниевалар 7 нафар невараларининг дуогўйларидир. Улар йилнинг тўрт ойи давомида ҳар якшанба дам олиш кунларини Оҳалик тоғи бағирларида ўтказиб соғломлаштириш тадбирлари билан шуғулланадилар.
Оқмачит маҳалла фуқаролар йиғини вояга етмаганлар, ёшлар ва спорт масалалари бўйича комиссияси раиси Ж.Жабборов юртимизда олиб борилаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар, айниқса ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг спортга бўлган қизиқиши ва иқтидорини ошириш, ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этишда фидойилик билан хизмат қилмоқда. У ҳаётда ҳамиша интилувчан, тўғрисўз, камтарин ва куюнчакдир. Халқимизнинг хайру-саховат, меҳр-мурувват ва қадриятлари, миллий анъаналарига доимо содиқлиги, очиқ кўнгиллиги билан эл-юрт ҳурмат-эътиборини қозонмоқда.
Ж.Жабборов 60 ёшга тўлди. Аммо спорт жонкуяри ёшларга хос тетик ва серҳаракатдир. Оқмачит қишлоғида самбо кураши бўйича мактаб ўқувчилари мураббийсидир. Шоир Н.Каримзоданинг қаҳрамонимиз шаънига битган «Ҷаъфарнома» номли лирик тўйхатида, жумладан шундай мисралар бор:
Ҷаъфар, ту ҷасур чу
Рустами достонӣ,
Дар ҷабҳаи ҳарб
Шераки майдонӣ.
Ҳар ҷо ки равӣ,
шавӣ яқин дастболо,
Бо доди ҳунар ҷои
якум бистонӣ.
Биз ажойиб инсон, камтарин, садоқатли, дўстимизни туғилган куни билан табриклаб, барча соҳаларда янги-янги ютуқлар тилаймиз.

Зоҳир ҲАСАНЗОДА
журналист


Последнее редактирование: 25/08/2017 17:36;   Просмотров: 1431
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку