Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

ШАХМАТНИНГ ВАТАНИ - ШАРҚ

уни ривожлантириш давр тақозоси

Икки шатранж ўйнатувчи устод,
Арсаи шатранжга айлаб кушод.
Икки жонибдин бўлиб оромгир,
Тўкдилар ўртада шатранжи кабир.
Алишер НАВОИЙ

Шатранж, яъни шоҳмот Ўрта Осиё халқларининг чинакам миллий ўйинидир. Шоҳмот сўзи форс-тожик атамаси бўлиб, "шоҳ ўлди" маъносини билдиради. Тўғри, Ҳиндистонда чатуранга ўйини бўлган ва унга тўрт киши мусобақалашган ва кураш барча доналарни қириб ташлагунга қадар давом эттирилган. Шатранжда мот ва пот (пат, яъни шоҳ юриши учун катак йўқ маъносини билдиради) татбиқ этилади ва дуранг саналади.
Манбалардан маълум бўлишича шоҳмот қадимий, ажойиб мафтункор, жозибали ўйин бўлиб, милод бошларида Шарқда пайдо бўлган. Аммо ушбу беллашув қоидалари аста - секин ўзгариб, ҳозир бутун дунёда юз миллионлаб ўйналадиган шоҳмотга айланди.
Кўпчилик "шоҳмот ўзи нима?" деб савол беришади. Иккиланмасдан таъкидлаш жоизки, шахмат ўйинида спорт, санъат мужассам бўлиб, тафаккур гулшанидир.
Бошқачароқ қилиб айтганда, "Гўзаллик қонуни асосида" ижод қилинган "ақл гимнастикаси"дир. Олимлар асосли равишда исбот қилишдики, шахмат билан шуғулланиш шахснинг кўпгина муҳим қирралари уйғун ривожланишига ёрдамлашади. Шахмат билан мунтазам шуғулланиш жараёнида ўйинчининг мантиқий ҳамда интуитив тафаккури ривожланиб, хотираси мустаҳкамланади. Яна бир ижобий ҳолат-маҳорат ва истеъдод такомиллаштирилиб, ўйинлар пайтида бўлганидек, хатоларни топиш ва бартараф этиш имкониятлари юзага келади ҳамда кишига ўз хатти - ҳаракатларига нисбатан танқидий муносабатда бўлишни тарбиялайди. Шахматда доимо янгидан янги талқинлар, кузатишлар, ажойиб фикр-ғоялар кураши ҳукмрон.
Шахматнинг асл ватани Шарқ эканлиги учун, буюк шоир ва олимларимиз - Абулқосим Фирдавсий, Низомий, Шайх Саъдий, Абдураззоқ Самарқандий, Насимий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Ҳофиз ва бошқа Шарқ классик адабиётининг забардаст намояндалари шахмат тўғрисида кўплаб байтлар ёзган.
Сўз устаси Афзалиддин Хоқоний (XI-XII аср) шахмат доналарининг ҳаракатига бағишлаган икки мисра шеъри бор:
Пиёданг манзилга етгани ҳамон,
Ютмоқ қийин бўлур сени бегумон...
IX асрда яшаган араб олими ал-Адмийнинг ёзишича, бу ўйиннинг ривожланишига Ўрта Осиё халқлари муносиб улуш қўшган. Айниқса, Абу Райҳон Берунийнинг "Ҳиндистон", Алишер Навоийнинг "Мажолис ун - нафоис", Бобурнинг "Бобурнома" ва бошқа тарихий асарларда шахматга оид қимматли маълумот бор. Соҳибқирон Амир Темур даврида кучли шатранжбозлар Самарқандда тўпланишган. Француз ёзувчиси Брион Марсел Амир Темур тўғрисидаги романида соҳибқироннинг ўзи ҳам шатранж ўйнагани тўғрисида маълумот берган.
Шахмат тўғрисида шеър ёзиш анъаналари ҳозиргача давом этмоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов ҳам шахмат мухлиси бўлгани тўғрисида таниқли шатранжшунос олим Мамажон Муҳиддинов, журналист Муҳсин Умарзода (Худо раҳмат қилсин!) самарқандлик гроссмейстр Тоҳир Воҳидов ва бошқалардан кўп эшитганмиз.
Фикримизнинг далили учун унинг "Шеър ва шахмат" шеъридан тўрт мисра кўчирдик:
Шахмат абадийдир, шеър ҳам абадий,
Юриш туганмасу сўз бўлмас тамом.
Шахмат тахтасида, шеър майдонида,
Ғоялар кураши этади давом.
Шуниси диққатга сазоворки, кейинги йилларда мамлакатимизда шахмат ўйинига катта эътибор қаратилмоқда. Натижада Осиё ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқмоқда. Рустам Қосимжонов жаҳоннинг 17 - чемпиони (1904 йил) бўлди. Нуфузли мусобақаларда юқори натижаларга эришган самарқандлик Аликсей Борсов, Шуҳрат Сафин, ота-ўғил Тоҳир ва Жаҳонгир Воҳидовлар халқаро гроссмейстер унвонига сазовор бўлишди.
Истеъдодли жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери шахматчимиз Жавоҳир Синдоров кўрсатгичлари ҳам таҳсинга лойиқдир.. Яқинда у вилоят матбуот уйида самарқандлик тенгдошлари билан учрашув ўтказиб барча ўйинларда ғалаба қозонди.
Ўрта мактабларда шахмат дарсларини киритилиши, шубҳасиз кўҳна ва ҳамиша навқирон ўйин иштиёқмандларининг кўпайишига ва келгусида юртимиздан яна кўплаб гроссмейстерлар етишиб чиқишига асос бўлади.
Аммо афсуски, туманимизда шахмат беллашувларини ўтказиш учун жой йўқ. Биз туман ҳокимлигига Хожа Аҳрори Валий маҳалласидаги собиқ "универмаг" биносининг йиллар давомида бўш ётган иккинчи қаватини бериш ва алоҳида жой ажратиш тўғрисида расман мурожаат қилдик. Лекин ҳозиргача натижа йўқ.

Холмурод ҲОЖИЕВ,
Самарқанд имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган махсус касб - ҳунар коллежи ўқитувчиси
Зоҳир ҲАСАНЗОДА,
Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси


Последнее редактирование: 21/12/2018 11:56;   Просмотров: 1575
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку