Маълумки, жорий йилнинг 18 августидан 2 сентябрга қадар Индонезия давлатининг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида XVIII-Осиё ўйинлари мусобақаси бўлиб ўтган эди. Мазкур мусабақада тумандошимиз, тажрибали мураббий, II-даражали "Соғлом авлод учун" ордени нишондори, самбо кураши бўйича вилоят хотин-қизлар жамоаси катта тренери Ж.Жабборовнинг шогирди Нодира Гулова аёллар ўртасида 48 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритиб, самбочиларимиз орасида дастлабки ютуққа эришди.
- Умуман, олганда Нодира беллашувларни кўтаринки руҳда бошлаб, бирин-кетин ғалаба қозонди, - дейди Ж.Жабборов. -Дастлаб у Кан Чи (Вьетнам)ни енгди. Сўнгра қозоғистонлик Нозгул Юлматова, қирғизистонлик Чумали Кузуни доғда қолдириб, чорак финалга йўлланма олди. Чорак финалда эса монголиялик кучли самбочи Ойдовчимед Баасансуренга рўбарў келди. Шундай бўлса-да у 2-0 ҳисобида рақибидан устунликка эришаётиб, озгина хотиржамликка берилди. Бундан унумли фойдаланган тажрибали рақиби эса кутилмаганда самбода камдан-кам қўлланиладиган усулни қўллаб, ҳисобни тенглаштирди ва финал йўлланмаси соҳиби бўлди. Шундай қилиб Нодира III-ўрин учун курашда яна бир ҳамюртимиз Мадина Турғунбоева устидан ғалаба қозониб, бронза медалига сазовор бўлди.
Т.ЮСУПОВ,
М.МУҲСИНОВ
Суратда: Тақдирлаш маросимидан сўнг Н.Гулова ўнгдан иккинчи
Copyright © 2025. Гулобод тонги. Сайт материалларидан фойдаланганда www.gulobodtongi.uz манбаи кўрсатилиши шарт.
Матнда хатолик топдингизми? Матнни танлаб CTRL+ENTER босинг.