Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
Гулобод тонги Халқ депутатлари Самарқанд туман Кенгаши ва туман ҳокимлиги газетаси
www.gulobodtongi.uz

 
 

Aзиз Aбдуҳакимов Самарқанд ярим марафони виртуал шаклда вилоятлар ўртасида ўтказилишини маълум қилди

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, «Samarkand Half Marathon» халқаро хайрия марафони ташкилий қўмитаси раиси Aзиз Aбдуҳакимов Самарқанд ярим марафонининг ташкилий масалаларига бағишланган онлайн йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, йиғилишда вилоятлар ҳокимлари ўринбосарлари, Молия, Ташқи ишлар ва Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар, Транспорт вазирликлари ҳамда Миллий гвардия раҳбар ўринбосарлари қатнашган. Йиғилиш доирасида Самарқанд ярим марафонини ўтказиш билан боғлиқ қатор масалалар муҳокама қилинган.

Aзиз Aбдуҳакимов бу йил ярим марафон виртуал форматда ўтиши, Самарқандда эса турли давлатларнинг профессионал атлетлари ғолиблик учун кураш олиб боришини таъкидлаган. Пойга тўғридан-тўғри эфирда узатилади. Мусобақа вилоятлар ўртасида ўтказилиб, иштирокчилар ўз ҳудуди биринчи ўринни эгаллаши учун энг катта масофани босиб ўтиши керак бўлади. Илк марта ярим марафон иштирокчилари учун икки қўшимча формат тақдим этилади: болалар пойгаси ва скандинавияча юриш.

2020 йилда ярим марафонда Бош вазир ўринбосари Aзиз Aбдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Севара Назархон, гимнастикачи, Олимпия ўйинлари совриндори Оксана Чусовитина, боксчи, 2016 йилги Олимпия ўйинларининг кумуш медал совриндори Шаҳрам Ғиёсов, футболчи, Ўзбекистон терма жамоаси сардори Одил Aҳмедов, оғир атлетикачи, Осиё ва жаҳон чемпиони, 2016 йилги Олимпия ўйинлари ғолиби Руслан Нуриддинов, шунингдек блогер ва ЎзA директор ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев, блогер ва «Alter Ego» канали муаллифи Кирилл Aлтман ва бошқа кўплаб иштирокчилар қатнашади.
Таъкидланишича, «Samarkand Half Marathon»ни ўтказишдан тушган барча маблағлар Ўзбекистондаги аутизмдан азият чекувчи болалар интернатларидан бирида бадиий студия очишга йўналтирилади, хоҳловчилар учун эса маъруза ва семинарлар ҳам ўтказиш режалаштирилган. Марафон одамларга аутизмга чалинган одамлар дунёси ранг-баранглиги ва бунга эътибор қаратиш қанчалик муҳим эканини англашда ёрдам беради.

Йиғилиш доирасида мамлакатнинг барча ўқув муассасаларида инклюзияга эътибор қаратиш алоҳида муҳокама қилинган. Унда таълим тизими ўқувчилар билан суҳбат форматига мослаштирилиши лозимлиги, бу инклюзивлик ғоясини интерфаол шаклда қулай даражада етказиб бериши қайд этилган.


Дата добавления: 26/09/2020 10:50;   Просмотров: 801
 
Для чтения текста нажмите эту кнопку